Энг улуғ мақсад
  • 13 Январь 2017

Энг улуғ мақсад

Дилшод Соҳибов Бухоро туманидаги Кунжиқалъа қишлоғида яшайди. Муддатли ҳарбий хизматни Тошкентда ўтади. Сафдошлари орасида тиришқоқлиги, билимга чанқоқлиги билан ажралиб турди. Тест синовларини муваффақиятли топширди. Армиядан ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаси билан қайтди. Айни пайтда Бухоро давлат университетида таҳсил олаяпти.

— Муддатли ҳарбий хизмат ҳаётимда ўчмас из қолдирди, — дейди у. — Армияда кўп нарса ўргандим. Билимим ошди, жисмонан чиниқдим. “Албатта олий ўқув юртида ўқийман”, деб ният қилгандим. Муддатли ҳарбий хизмат даврида мақсадим қатъийлашди. Эндиги ниятим — физика-математика йўналишининг етук мутахассиси бўлиш.  

Бекназар Назаров ўқитувчи. Тумандаги 43-умумтаълим мактабида меҳнат қилган. Ҳозир пенсияда. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ўғли Дилшоднинг бугунги камолидан жуда мамнун.

— Ўғлим ишончимизни оқлади, — дейди Бекназар ака. — Ўгитларимиз зое кетмади. Армияда командирларидан у ҳақида фақат яхши сўзлар эшитганмиз. Университетдаги ўқишлари ҳам жойида. Насиб этса, ҳадемай, таҳсилни тугатиб, олий маълумотли мутахассис сифатида юртимизга хизмат қилади.

Дарҳақиқат, фарзанднинг эл-юртга садоқатли бўлиб вояга етишида оиладаги муҳитнинг аҳамияти беқиёс. Яна бир суҳбатдошимиз — когонлик Бахтиёр Мўйиддинов ҳам яхши тарбия кўрган йигитлардан. У ҳам ҳозир Бухоро давлат университетида ўқимоқда. Армиядан ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаси билан қайтган бу талаба жамоат ишларида жуда фаол.

— Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан касб-ҳунар коллежида ўтказилаётган тадбирга таклиф этишди, ҳозир ўша ерга кетаяпман, — дейди Бахтиёр. — Ўқувчиларга армия ҳаёти, унинг шахс камолотидаги ўрни хусусида сўзлаб бермоқчиман. 

Эътиборлиси, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, айни чоғда университет талабаси бўлган ёшлар тўғрисида профессор-ўқитувчилар ҳам илиқ фикрда.

— Армиядан ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаси билан қайтиб, олий ўқув юртида таҳсил олиш бахтига муяссар бўлган йигитлар ўзларини тутишлари, ўқиб-ўрганишга муносабатлари, интилишлари билан ажралиб туришади, — дейди университет ўқитувчиси, тарих фанлари доктори Шодмон Ҳайитов. — Бир қарашдаёқ армияда ҳаёт мактабини ўташганини сезасан, киши. Бундай ёшлар билан ишлаш биз учун ҳам мароқли.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn