Чиниқиш ва маҳорат сабоқлари
  • 13 Январь 2017

Чиниқиш ва маҳорат сабоқлари

Юртимизда Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги кенг нишонланмоқда. Мана шу ўтган давр, айтиш мумкинки, мамлакатимиз мудофаа тизимини мустаҳкамлаш йўлида жуда муҳим босқич бўлди.

Ўзбекистон Республикасининг “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сафарбарлик чақируви резервидаги хизматини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жорий қилинган ҳарбий хизмат ана шундай ислоҳотлардан биридир. 

— Қонунга мувофиқ, муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматга жалб этиладилар, — дейди Наманган вилояти мудофаа ишлари бошқармаси бўлим бошлиғи, майор Нурмамат Бурҳонов. — Ойлик ҳарбий йиғиннинг ўзига хос томони шундаки, йигитлар қисқа вақт ичида илк ҳарбий билим ва кўникмаларга эга бўлишади, ҳақиқий ватанпарвар сифатида шаклланишади.

Дарҳақиқат, мазкур хизмат тури амалда ўзини тўла оқлади, кўплаб ёшларимиз учун улкан имкониятлар эшигини очди.

Тўрақўрғонлик Дилмурод Парпиев болалигидан ички ишлар ходими бўлишни орзу қиларди. Туман мудофаа бўлимида муддатли ҳарбий хизматга саралаш кўриги пайтида уни сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматга ўтказишди. Дилмурод бу имкониятдан фойдаланиб, ойлик йиғин вақтида ҳарбий билимларни пухта эгаллади, сафдошларига намуна кўрсатди. Хизматдан қайтгач, ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилди. Бу ердаги синовлардан муваффақиятли ўтган йигитни қўриқлаш бўлинмасига ишга олишди. Кейинчалик жамоат тартибини сақлаш тизимига ўтди. Бугунги кунда бўлимнинг намунали ходимларидан бири ҳисобланади.

— Инсонда хоҳиш-истак бўлса, қисқа вақтда ҳам кўп нарсани ўзлаштиради, — дейди сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўтаганлардан яна бири, Наманган шаҳар молия бўлими бош иқтисодчиси Исломжон Абидов. — Ойлик йиғинда қатнашиб, офицер ва сержантлардан жуда кўп нарса ўргандим, дунёқарашим ўзгарди, ўзимга бўлган ишончим юксалди. Жисмоний тайёргарлигим ошди. Айниқса, Ҳарбий қасамёд қабул қилган кунимизни энг ҳаяжонли дамлардан бири сифатида доимо ғурурланиб эсга оламан.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn