Навқирон ватанпарварлар маскани
  • 13 Январь 2017

Навқирон ватанпарварлар маскани

Навқирон авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш, уларни баркамол этиб тарбиялашда юртимиздаги ҳарбий касбга йўналтирилган лицейларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Хусусан, ҳарбий телекоммуникация йўналишидаги Тошкент академик лицейида ўқувчилар замонавий билимларни, илк ҳарбий кўникмаларни пухта ўзлаштираяптилар.

— Таълим муассасамизда ўқувчилар ҳарбийлик кўникмаларини эгаллаши ва жисмонан чиниқиши учун етарли имкониятлар мавжуд, — дейди лицей директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ўринбой Бобоёров. — Бу ерда умумтаълим мактабларининг 9-синфини тамомлаб, ихтисослик фанлари ва жисмоний тайёргарлик бўйича имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган ёшлар таҳсил олишади. 

Айтиш жоизки, лицейда ахборот технологиялари ва моделлаштириш услубларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг янги шакллари жорий этилган. Ўқув-тарбия жараёнида ёшларни ҳарбий касбга йўналтиришнинг самарали усулларидан, илғор педагогик технологиялардан кенг фойдаланилаётир. Ҳарбий қисмлар, сержантлар тайёрлаш мактаблари ва олий ҳарбий таълим муассасалари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик уларнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик ҳамда ҳарбий хизматга оид билимини янада бойитишда муҳим аҳамият касб этаяпти.

Лицейда навқирон авлоднинг нафақат чуқур билим олиши, балки спорт билан шуғулланиши, дам олиши, маданий-маърифий салоҳиятини ошириши учун ҳам барча шароит яратилган. Ўн тўрт мингдан ортиқ китоб фондига эга ахборот-ресурс маркази фаолият кўрсатмоқда. Компьютерлаштирилган замонавий ўқув хоналари эса лаборатория асбоб-ускуналари ва кўргазмали материаллар билан жиҳозланган. 

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун қатор тўгараклар, шунингдек, мерганлик, енгил атлетика, қўл жанги, миллий кураш, баскетбол сингари спорт секциялари ташкил этилган, ҳарбийлаштирилган спорт ўйинларини ўтказиш анъанага айланган.

Навоий вилоятининг Хатирчи туманида туғилиб ўсган Нодирбек Норқулов лицейнинг фаол, изланувчан ҳамда билимли ўқувчиларидан биридир. 

— Хорижий тилларни чуқур ўрганиш ва қўл жанги бўйича маҳоратимни оширишга ҳаракат қилаяпман, — дейди у. — Мақсадим — олий ҳарбий таълим муассасасида ўқишни давом эттириб, миллий армиямизнинг етук офицери бўлиш. 

Ёшларнинг қай бири билан суҳбатлашмайлик, ана шундай эзгу ниятларини эшитиб, қалбимиз фахру ифтихорга тўлди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn