Янги тизимнинг амалий самаралари
  • 13 Январь 2017

Янги тизимнинг амалий самаралари

Мамлакатимизда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида сержантлар таркибини тайёрлашнинг янги тизими жорий этилгани ўз самараларини бермоқда. Буни Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ сержантлар тайёрлаш мактаби фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

— Армияда аскарларнинг ҳарбий тайёргарлигини оширишда кичик командирлар муҳим ўрин тутади, — дейди сержантлар тайёрлаш мактаби бошлиғининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, подполковник Обиджон ўоибназаров. — Шу боис уларнинг ҳар томонлама билимли, маънавий ва жисмоний жиҳатдан етук бўлишларини таъминлаш долзарб аҳамиятга эга. Мактабимизда бўлғуси сержантларнинг замонавий таълим-тарбия олиши учун барча шарт-шароит яратилган. Жумладан, ўқув хоналаримиз илғор ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган. Ҳарбий хизматчилар машғулотларнинг назарий қисмини компьютерлаштирилган дастур ёрдамида ўзлаштиргач, ўз кўникмаларини дала машғулотларида амалий жиҳатдан мустаҳкамлайдилар. Тренажёрлар билан жиҳозланган спорт мажмуаси, махсус “тоғ шаҳарчаси”, тиббиёт пункти, ётоқхона ва ошхона улар ихтиёрида. Шунингдек, мавжуд кутубхонамиз илмий-маърифий, ҳуқуқий, бадиий, ҳарбий соҳага оид китоблар билан таъминланган. 

Таъкидлаш жоизки, ўқув жараёни пухта ташкил қилингани боис мазкур мактаб жамоаси Қуролли Кучлар миқёсида ўтказилаётган турли кўрик-танловлар ҳамда спорт мусобақаларида доимо муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Хусусан, бир неча бор “Энг илғор сержантлар тайёрлаш мактаби” деб топилган. Оммавий спорт ишлари кўригида ҳам юқори натижаларга эришган жамоа Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Ўзбекистон — мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз — фахру ғуруримиз!” шиори остида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ва кўрик-танловларда фаол қатнашмоқда.

Умуман айтганда, бу ерда кечадиган ўқув жараёни сержант бўлишни истаганлар учун чинакам шаклланиш босқичи вазифасини ўтайди. Улар келгусида юрт тинчлиги, осмонимиз мусаффолигини таъминлашдек шарафли бурчни адо этишга ўз ҳиссаларини қўшадилар.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn