Турмуш обод, кўнгиллар шод
  • 11 Январь 2017

Турмуш обод, кўнгиллар шод

Божхоначиларга янги хизмат уйлари топширилди.

Ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, мамлакатимиз иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлашда божхона хизматининг аҳамияти ниҳоятда катта. Шу сабабли давлатимиз томонидан божхона соҳаси ходимларини доимий равишда моддий ва маънавий рағбатлантириш, хусусан, соҳа инфратузилмасини тубдан такомиллаштириш, ходимларнинг меҳнат ҳамда яшаш шарт-шароитларини янада яхшилаш борасида беқиёс ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан божхона органларида хизмат қилаётган бир гуруҳ божхона ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига Сергели туманида қуриб битказилган, 40 хонадондан иборат, замонавий, барча шарт-шароитга эга бўлган янги хизмат уйларининг тантанали равишда фойдаланишга топширилгани ҳам ана шу юксак эътиборнинг яна бир амалий ифодасидир. 

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз, хусусан, божхона органлари ходимларининг турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Жумладан, сўнгги йилларда иқтисодий хавфсизлигимиз посбонларини уй-жой билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилди. Натижада Қорақалпоғистон Республикасининг “Қорақалпоғистон” ва “Даут-ота” божхона постлари яқинида барча қулайликка эга хизмат уй-жойлари мажмуаси, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бир қатор хизмат уйлари фойдаланишга топширилди.

Сергели туманида қуриб битказилган замонавий хизмат уйлари атрофи ободонлаштирилиб, сўлим гўшага айлантирилди ҳамда мебель ва маиший техника жиҳозлари билан таъминланди.

— Янги уйга кўчиб ўтганимиз оиламиз учун қувончли воқеа бўлди, — дейди Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бош инспектори Фарҳод Алмардонов. — Кўрсатилаётган бундай юксак ғамхўрликка жавобан ўз хизмат вазифамни сидқидилдан ҳамда виждонан бажаришда куч ҳамда ғайратимни аямайман.

Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати, Тошкент шаҳри ҳамда вилояти божхона бошқармалари, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси, Олий ҳарбий божхона институти, Миллий кинология маркази ходимлари, божхона фахрийлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган тадбирда божхона ходимларининг Ватанимиз тинчлиги йўлидаги хизматлари алоҳида эътироф этилиб, самимий тилаклар билдирилди.

 

Фазлиддин АБИЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn