«Менинг ўғлим —  Ватан ҳимоячиси»
  • 06 Январь 2017

«Менинг ўғлим —  Ватан ҳимоячиси»

Тинчликнинг қадр-қимматини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Зеро, осойишта юртдагина тараққиёт бардавомдир. Хонадонлардан файзу барака аримайди. Буни яхши англаган мард ва жасур ўғлонларимиз мамлакатимиз хавфсизлиги ҳамда барқарорлиги, -сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашни ўзларининг энг муқаддас бурчи, деб биладилар.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ва Ватан ҳимоя-чилари кунига бағишлаб жойларда ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирларда ана шундай фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Муҳими, бундай эътирофлардан ҳарбий хизматни намунали ўтаётган мард ҳамда жасур йигитларнинг ота-оналари, яқинлари ҳам хурсанд.

Бухоро — Фарғона шаҳарлари ўртасида “Ўзбекистон — мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз!” шиори остида уюштирилган “Менинг ўғлим — Ватан ҳимоячиси” номли видеомулоқотни кузатиб, бунга яна бир бор амин бўлдик. Тадбирда зиммасидаги бурчни Бухорода ўтаётган водийлик йигитлар, ўз навбатида, Фарғонада муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бухоролик ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

— Шу ерда туриб, ота-онам билан дийдорлашдим, — дейди Ўзбекистон туманидаги Бешкапа қишлоғилик Шуҳратжон Муҳаммадхонов. — Биз, аскарлар ва яқинларимизга шундай қулайликни -яратиб берган ташкилотчилардан миннатдормиз.

Миллий армиямизда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганимдан ғурурланаман. Қисмимизда юксак билим ҳамда кўникмаларга эга бўлишимиз, ҳар томонлама чиниқишимиз учун барча шарт-шароит яратилган. Масалан, ўзим белбоғли кураш бўйича ҳарбий округ миқёсида ўтказилган турнирда фахрли 2-ўринни эгалладим. “Биз — буюк юрт фарзандларимиз” шиори остида округимизда ташкил этилган танловда эса “Энг яхши хонанда” йўналиши ғолиби, деб топилдим. Муҳими, ота-онамга қисм командирининг ташаккурномаси жўнатилди. Видеомулоқотда яқинларим ҳам ютуқларимдан мамнун эканликларини билдиришди.

Кўнгил туб-тубидан чиққан ғурур ва ифтихор ифодасига Нукус — Жиззах шаҳарлари ўртасида ўтказилган видеомулоқотда ҳам гувоҳ бўлдик. Унда Жиззах вилоятида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган қорақалпоғистонлик йигитлар ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида аскарлик либосини кийган ўғлонлар, шунингдек, уларнинг ота-оналари -дийдорлашди.

Мулоқот чоғида таъкидланганидек, ҳозирги кунда миллий армиямизда хизмат қилиш ҳар бир йигитнинг юксак орзусига айланган. Бу Қуролли Кучларимиз тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасидир.

— Ўғлим Рашиджоннинг муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганига салкам бир йил бўлиб қолди, — дейди Хўжайли туманида яшовчи Маҳмуд Рўзимов. — Видеомулоқотда ёнма-ён тургандек бир-биримизнинг дийдоримизга тўйдик. Рашиджонга ҳарбийлик либоси жуда ярашибди. Буни кўриб, ғуруримга ғурур қўшилди. Очиғи, ана шу тадбир биз, ота-оналар ва хизмат бурчини шараф билан адо этаётган фарзандларимиз учун Ватан ҳимоячилари куни олдидан чинакам байрам туҳфаси бўлди.

Бундай ўзига хос мулоқот Сурхондарёда хизмат қилаётган андижонлик ҳамда Андижонда ўз йигитлик бурчини ўтаётган сурхондарёлик муддатли ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг ота-оналари ёдида ҳам узоқ вақт сақланиб қолиши, шубҳасиз.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, Сурхондарё ва Андижон вилоятлари ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил қилинган тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда осойишталигимиз ва сарҳадларимиз дахлсизлигининг ишончли кафолати бўлган профессионал миллий армия шакллантирилганини алоҳида қайд этдилар.

— Бир йўла икки фарзандим — Ҳасан ва Ҳусан Сурхондарёда ўз йигитлик бурчини ўтамоқда, — дейди Марҳамат туманида яшовчи Исмонбой Эргашев. — Улар билан суҳбатлашиб, кўнглим тоғдек кўтарилди. Армия эгизакларим ҳаётида ҳақиқий чиниқиш ва тобланиш мактаби бўлибди. Бундан бениҳоя мамнунман.

Видеомулоқотда Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов сўзга чиқди.

Оддий аскар Нортой Яхшиев Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари ўртасидаги видеомулоқотда Муборак туманида яшовчи онаси Сабоҳат Муродовага пойтахт вилоятининг ҳарбий қисмларидан бирида адо этаётган хизмати давомида эришган ютуқлари ҳақида тўлқинланиб гапирди. Соҳага оид билимларни пухта эгаллаётгани, бир неча бор командирларининг ташаккурномасига сазовор бўлгани, олий ўқув юртига кириш учун имтиёз берадиган тавсиянома билан қайтишга интилаётганини ҳаяжон билан баён қилди. Онаси эса фарзандидан фахрланиб, севинч ёшларини тия олмади.

— Видеомулоқот давомида Қашқадарё вилоятидаги ҳарбий қисмларнинг бирида ўз йигитлик бурчини адо этаётган ўғлим Нуриддин Мирзаолимовни бағримга боса олмадим, холос, — дейди Зангиота туманида яшовчи Арофат Рустамова. — Фарзандимнинг ўз олдига қўйган вазифаларни аъло даражада бажараётганлигини эшитиб, кўксим тоғдек кўтарилди.

Жойларда бўлиб ўтаётган онлайн мулоқотлар аскарларга ҳам, уларнинг ота-оналарига ҳам катта қувонч бахш этаётир. Ҳаяжонли дақиқаларга бой учрашувларда ёш ижрочилар ҳамда мусиқага меҳр қўйган аскарлар ижросида концерт дастури намойиш қилинаяпти. Иштирокчиларга маҳаллий ҳокимликлар, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа ташкилотлар томонидан эсдалик совғалари топширилмоқда.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn