Фаровонлик ифодаси
  • 06 Январь 2017

Фаровонлик ифодаси

Сурхондарё вилоятида яқин уч йил ичида пахта етиштириладиган майдонлар янада -қисқартирилиб, унинг бешдан бир қисми мева-сабзавот экинлари учун ажратилиши мўлжалланаяпти. Бу воҳада биргина сабзавот экинлари майдони 18 фоиз ортиб, 44,4 минг гектарга кўпаяди, деганидир. 

Айтиш жоизки, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли унинг барча тармоғида жадал ривожланиш кузатилмоқда. Айниқса, амалиётга илғор технологиялар, истиқболли лойиҳалар изчил татбиқ этилаётгани ўз самарасини бериб, деҳқону фермерларимиз даромадига даромад қўшаяпти. Энг муҳими, уларнинг  ташқи бозорларга чиқиш имконияти тобора кенгайиб бораётир. Жумладан, ўтган йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида дунёнинг қирқдан зиёд мамлакатлари компания ва фирмалари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси сурхондарёлик деҳқону соҳибкорлар учун ҳам айни муддао бўлди. Чунки улар ушбу тадбир сабаб нафақат тажриба алмашдилар, балки ўзлари етиштираётган сархил мева ва сабзавотларни сақлаш ҳамда хорижга сотиш бўйича келишувларга ҳам эришдилар. 

Сариосиё туманидаги “Хонжиза савдо сервис” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдуғаффор Аҳмедов ҳам бу борада муайян тажрибага эга. Гап шундаки, 2015 йили тадбиркор ташаббуси билан 2000 тонна сиғимга эга замонавий музлаткичли омборхона қурилиб, ишга туширилган эди. 

— Омборхонамизда сифатли сақланган мева-сабзавот маҳсулотлари буюртмачиларга сархил ҳолда етказиб берилаяпти, — дейди тадбиркор. — Сара сақланаётган боғ ва дала неъматларининг 

200 тоннасини қуритилган мевалар ташкил этади. Сабаби, хориж бозорларида бундай маҳсулотларга талаб юқори. 29 нафар коллеж битирувчиси қуруқ меваларни саралаш, экспортга тайёрлаш ишлари билан машғул. 

Узун туманилик фермер Раҳматулло Ашуров ҳам 2016 йил хўжалиги қошида “Хонжиза лангари” хусусий корхонаси фаолиятини йўлга қўйган эди. Яъни у анчадан буён фойдаланилмаётган бинони қиймати 700 миллион сўмлик технологик ускуналар билан жиҳозлаб, сиғими 1000 тонналик музлаткичли омборхонани ишга туширди.

— Мақсадимиз қиш ва баҳор ойларида аҳолини сархил мева ҳамда сабзавотлар билан таъминлашдир, — дейди тадбиркор Р. Ашуров. — Бу ташаббусимиздан, айниқса, ён-атрофимиздаги фермерлар мамнун. Чунки эндиликда улар маҳсулотларини бизнинг -омборда сақлаши эвазига транспорт ва сотиш учун ортиқча сарф-харажат қилишмайди.  

Бундай саъй-ҳаракатлар, ўз навбатида, аҳоли дастурхони сархил меваларга бой бўлиши, экспорт ҳажми янада ошишида муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз.

Нормурод ТЕМИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn