Китоб — маърифат қуёши
  • 06 Январь 2017

Китоб — маърифат қуёши

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшларнинг китобга муҳаббатини ошириш жуда муҳим эканлигини таъкидлагани кенг жамоатчилик томонидан мамнуният билан эътироф этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Янги йил арафасида — 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашгани биз учун унутилмас воқеа бўлди. Ушбу мулоқотда илм-фан билан шуғулланиш, янги кашфиёт ва ихтиролар қилиш игна билан қудуқ қазишдек гап, шундай экан, бу машаққатли соҳада фидокорона меҳнат қилаётган олимларимиз фаолияти таҳсин ва рағбатга муносиб, дея алоҳида таъкидлангани илм-фан арбобларига, таъбир жоиз бўлса, иззату ҳурматнинг ёрқин ифодаси сифатида қалбимиздан жой олди.

Ўзбек тили — дунёни ҳайратга солган, дурдона асарлар яратилган ноёб тил, бебаҳо маданий ёдгорлик, аждодлар ва авлодларни бирлаштириб турган муқаддас хазинадир. -“Девону луғотит турк”, “Қутадғу билиг”, “Хамса”, “Бобурнома”, “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Ўғузнома” каби олис ва яқин тарихимизда яратилган ушбу асарларимизни ўқиган борки, улардаги чуқур маъно, сўз оҳангларидан оламжаҳон руҳий қувват олади. Бундай нодир асарларни ўқиш инсон тафаккури, бадиий диди ва эстетикасини бойитади. Шу маънода, Президентимизнинг ёшларимизни китобхонликка ўргатиш, бу ишга ижодкорларни жалб этиш ҳақида бот-бот таъкидлаши замирида ҳам навқирон авлодни бой маънавий меросимиз билан таништириш, қалбида тарихимизга муҳаббатни уйғотишдек улуғвор ниятлар мужассам. Бинобарин, тилимизнинг тарихи, асл табиати ва хусусиятларини ифодалайдиган илмий рисолалар, мукаммал академик ва ўқув грамматикалари, товушлар тизими ҳамда уларнинг ёзувда акс этиши, имло қоидалари бўйича луғат ва қомуслар, дарсликлар яратиш бугунги кун талаби бўлиб, улар она тилимизнинг халқаро мавқеини янада оширишда муҳим омилдир.

Бугун барча соҳада интеграция жараёни кузатилиб, ахборот оқими замон ва макон чегараларини тан олмаяпти. Глобаллашув таъсирида турли халқларнинг миллий қадриятларига путур етмоқда.  Лекин китобнинг қадри ҳамиша юксак бўлиб қолаверади. Шундай экан, мутолаа маданияти, бу — маънан юксалиш сари энг мақбул ва маъқул, ойдин йўл, десак, айни ҳақиқатдир. Бинобарин, давлатимиз раҳбари томонидан айнан  маърифат йўлига қаратилаётган эътибор ортида халқимизнинг маънавий камолоти, миллатимиз равнақию ёшларимиз тақдирига чуқур куюнчаклик яққол сезилиб турибди.

Китоб, аввало, ёш авлод онгу шуурида она тилига ҳурмат ва эҳтиром, ўзликни англаш, Ватанга муҳаббат, унинг тақдири учун дахлдорлик, фидойилик туйғуларини мустаҳкам қарор топтиришнинг асосий омилларидан биридир. Бу фарзандларимизда гўзал сўз сезгисини тарбиялашдан бошланади.

Алишер Навоий шундай ёзади:

Олибмен тахти 

фармонимға осон,

Черик чекмай 

Хитодин то Хуросон.

 

Не мулк ичраки 

бир фармон йибордим,

Анинг забтиға 

бир девон йибордим.

Яъни мен қўшин тортмасдан Хитойдан Хуросонгача бўлган ҳамма мамлакатларни эгалладим. Қайси мамлакатни эгалламоқчи бўлсам, фармонга қўшиб битта шеърлар тўпламимни жўнатдим, дейди Навоий. Бу бебаҳо сатрлар орқали улуғ шоиримиз худди бугунги кунларимизни назарда тутгандек. Чунки Президентимиз ҳар бир чиқишида, вилоят ёки туманларда халқ билан мулоқотларида ҳам китобнинг ўрни ва қадри ҳақида фикр билдираяпти. Жумладан, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конс-титуцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида фарзанд тарбиясида ота-онанинг таъсири ҳақида тўхталиб, Абдурауф Фитратнинг сўзларидан мисол келтиргани биз, зиёлиларни жуда таъсирлантирди. 

Дарҳақиқат, оилавий муҳит ва китоб боланинг келгусидаги истиқболини белгилаб берувчи катта кучдир. Эсимда: уйимиз тўрида китоблар турарди. Мен уларни ўқишга иштиёқманд эдим. Бундан ташқари, отам уйда қироат билан ғазал ўқирдилар. ўазал ўқиётганларида отамнинг юзидан меҳр уфуриб турарди. Инсонга китобнинг таъсирини болалар ўз отасида, онасида кўрмаса, қаерда кўради? Китобга муҳаббатни отамиздан ва онамиздан ўрганганмиз.

Навоийнинг замондоши, шогирди, тарихчи Хондамир ўзининг “Макорим ул-ахлоқ” асарида ёзишича, ўша даврда хориждан жуда кўп меҳмонлар Ҳиротга келар экан. У пайтларда китоб топиш муаммо бўлганлиги учун сайёҳлар Навоий ғазалларини ўқиш, ўз юртларига олиб кетиш мақсадида хаттотларга илтимос қилишарди. Хаттотлар эса Алишер Навоий ғазалларидан нусха кўчириб, шоирнинг мухлисларига етказар экан. Бу ҳолат Навоий тириклигидаёқ ул зотнинг ижодига бўлган юксак ҳурматни, қизиқишни кўрсатади.

Бугун ҳам мамлакатимизда барча улуғларимиз қатори Навоий меросини ўрганишга алоҳида урғу берилаяпти. Имконият 

ва эътибордан фойдаланиб, Навоийнинг ижод намуналарини содда, тушунарли тарзда халқимиз орасида кенг ёйиш керак. Шунда аста-секин ўқувчиларнинг ҳайрати ошиб бораверади ва бирин-кетин Навоийнинг бошқа ижод намуналарини ҳам ўқиб чиқаверади.

Уйда китоб бўлсин, фарзандларимиз ўқисин. Беруний ёзади: Денгизда бир кема адашиб узоқ оролга бориб қолибди. Оролда яшовчи бир оила кемалардаги одамларни меҳмон қилибди, ноз-неъматлар қўйибди. Уларнинг захирасини тўлдиришга кўмаклашибди. Шунда кемадагилар кетар чоғида оила бошлиғига мурувват қилайин деб, олтин танга берибди. Олтин тангани қўлига ушлаган мезбон уни тишлаб кўрибди, ҳидлаб кўриб қайтариб берибди ва кема дарғасига шундай дебди: “Сенга амалий фойдаси тегмайдиган нарсани, сенга фойдаси теккан нарсалар эвазига беришинг яхши эмас”. Хулоса шуки, инсон учун, энг муҳими, маънавиятли бўлишдир. Маънавиятни эса, Имом Бухорийдан, Термизийлардан ва албатта, Навоий каби улуғлардан ўрганишимиз керак. Навоий айтганидек: “Умидимдан мани хурсанд этгил, Умидим шу, умидингға етғил”.

Авваллари ёшлар ҳақиқий илм оладиган, қунт билан ўқийдиган, ҳамма қулайликка эга кутубхона бўлишини ният қилардик. Кутубхонада, ҳатто, машҳур фильмлар кўриладиган зал бўлишини орзу қилардик, ҳам дам олишса, ҳам ўқишса. Мана бугун Тошкентда шундай кутубхона мавжуд. Биз бундан жуда бахтиёрмиз.

Минг бор шукр, мамлакатимиз  тинч ва осойишта. Барчаси мана шу тинчликнинг шарофатидан. Юртимиз доим тинч бўлсин. Китобсеварлик, китобхонлик ёшларимизнинг фазилатига айлансин. Шунда омад ва бахт улар билан ҳамдам, ҳамнафас бўлиши -муқаррар.

Азиз ҚАЮМОВ,

ЎзФА академиги,

«Буюк хизматлари учун» 

ордени соҳиби.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn