Билимли, мард ва садоқатли ўғлонлар
  • 05 Январь 2017

Билимли, мард ва садоқатли ўғлонлар

тинч ҳамда осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчидир

Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш йигитлар учун нафақат конституциявий бурч, балки шон-шараф ишига айланган. Зиммасидаги ана шу масъулиятли вазифани сидқидилдан адо этаётганлар қаторида Денов туманининг Файзли маҳалласида туғилиб, вояга етган Муҳаммади Эшонқулов ва Денов шаҳрилик Аббос Ҳасанов ҳам бор.

— Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик туфайли ҳар бир соҳа жадал ривожланиб бораяпти, — дейди оддий аскар М. Эшонқулов. — Демак, устозларимиз таъкидлаганидек, мана шу ёруғ кунларнинг қадрига етишимиз, уни асраб-авайлашга муносиб ҳисса қўшишимиз лозим. Биз, ҳарбий хизматчилар ўқув-тактик машғулотларни замонавий компьютер ва бошқа кўргазмали воситалар билан жиҳозланган хоналарда ўтказамиз. Кўркам ётоқхона, спорт зали ҳамда спорт майдончалари, кутубхонадаги имкониятлар ҳам юксак даражада. Яқинларимиз ҳарбий қисмимизга келиб, буларни ўз кўзлари билан кўришгач, кўнгиллари тоғдек кўтарилиб қайтишди. Ҳақиқатан ҳам, шароитларимиз жудаям ажойиб. Аскарлар ўртасида турли спорт мусобақалари, билимлар беллашувлари ўтказиш анъанага айланган. Уларда юқори натижани қўлга киритганлар алоҳида эътироф этилади, рағбатлантирилади.

Ҳарбийликка болалигимдан қизиққанман. Муддатли ҳарбий хизматга чақирилгунимга қадар Термиз давлат университети қошидаги академик лицейда ўқидим. Ўқитувчиларимиз бизга “Армия сафлари қатъий танлов асосида тўлдирилади. Синовлар осон бўлмайди. Шу боис яхши ўқиб, жисмонан чиниқишинглар керак”, дея доим уқтирашарди. Ана шу ўгитларга амал қилиб, дарсларни пухта ўзлаштиришга интилдим. Ўз навбатида, спортнинг кураш тури билан шуғулландим. Туман ва вилоят миқёсида ўтказилган мусобақаларда совринли ўринларга сазовор бўлдим. 

— Армияда кўп нарсани ўргандим, — дейди Аббос Ҳасанов. — Муддатли ҳарбий хизмат давомида нафақат жисмонан чиниқдим, балки дунёқарашим ўзгарди, ҳаётга бошқача кўз билан қарай бошладим. Ҳарбий тайёргарлик маш-ғулотларидан сўнг, имкон топилди дегунча, кўпроқ китоб мутолаа қилиб, билимимни мустаҳкамлашга интилаяпман. Бурчимни адо этиб, келгусида олий ўқув юртида таҳсил олмоқчиман. 

Дарҳақиқат, миллий армиямизда Муҳаммади, Аббос сингари пухта билимга, ҳаёт ҳақида ўзининг мустақил фикри ва қарашига, ахлоқий-маънавий қадриятларига эга ёшлар хизмат қилаётир. Улар халқимиз фахри, ишончи ҳамда таянчидир.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, Биринчи Президентимизнинг 2008 йил 20 ноябрдаги “Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони чақирув самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Мазкур Фармонга мувофиқ, 2009 йилдан бошлаб, фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йилига бир марта — февраль-март ойларида чақириш йўлга қўйилди. 

Қуролли Кучларимизда ўз бурчини ўтаб қайтган фуқароларнинг кейинги фаолияти ҳам давлатимизнинг доимий эътиборида. Олий таълим муассасаларига ўқишга киришда уларга алоҳида имтиёзлар белгилаб қўйилган, ишга жойлашишда амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасини олган фуқароларга республика олий ўқув юртларига ўқишга киришда тест синовларида тўплаш мумкин бўлган энг кўп баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл бериш жорий этилган. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳақида алоҳида тўхталиб, жумладан, шундай деди: “Бугун принципиал жиҳатдан ғоят муҳим бўлган бир фикрни яна таъкидлаб айтишни зарур деб биламан: Ўзбекистон ва унинг бағрикенг халқи тинчликсевар сиёсат юритиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш тамойилларини амалга ошириш позициясида доимо мустаҳкам туриб келмоқда. Лекин, зарур бўлса, биз мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётига таҳдид соладиган ҳар қандай уринишларга қарши кескин зарба беришга қодирмиз. Шунинг учун мен, -халқимизга мурожаат қилиб, шуни айтмоқчиманки, бу масалада ҳеч кимда ҳеч қандай иккиланиш ва шубҳа бўлмаслиги лозим. Бунга бизнинг кучимиз ҳам, қудратимиз ҳам етарли”. 

Ушбу фикрлар ҳар биримизга чексиз ғурур бағишлайди. Профессионал тайёргарликка эга бўлган, яхши таъминланган Қуролли Кучларимиз бу йўлда ишончли кафолатдир.

 

Нормурод ТЕМИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn