Эҳтиром ва эъзознинг ёрқин намунаси
  • 05 Январь 2017

Эҳтиром ва эъзознинг ёрқин намунаси

Кексаларни эъзозлаш, уларга иззат-икром кўрсатиш халқимизнинг асрлар оша қийматини йўқотмай келаётган фазилатларидан биридир. Ҳар бир оила, маҳалла, корхона ва ташкилотда ёши улуғ инсонларга ўзгача меҳр-эътибор билан муносабатда бўламиз. Хайрли ишлар, улуғ мақсадлар йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни нуронийларнинг маслаҳати ва дуолари билан бошлашни, уларнинг ҳаётий тажрибаларига таянишни инсоний бурч, деб биламиз. Мана шу миллий қадрият бугун давлатимиз сиёсатида ўзининг яққол ифодасини топмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эгалиги, ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур экани белгилаб қўйилган. Шунга кўра, кекса авлод вакиллари манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Бу борадаги вазифаларни амалга оширишда давлат органлари билан бирга, нодавлат ташкилотлар, хусусан, “Нуроний” жамғармаси ҳам муҳим ўрин тутади.

Эътироф этиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазкур тузилма фаолиятини юксак даражага кўтаришдек эзгу мақсадга йўналтирилгани билан ғоятда аҳамиятлидир.

Дарҳақиқат, бугун элу юрт ардоғида умргузаронлик қилаётган кексаларимиз турмушнинг аччиқ-чучугини бошидан ўтказган, донишманд инсонлардир. Уларнинг синовлардан ўтган тажрибасини Ватанимиз равнақи йўлида сафарбар этиш — жуда оқилона иш. Зеро, она юртга хизмат қилиш, унинг муттасил юксалиши йўлида собит ва жонкуяр бўлиш инсон умрини, айниқса, унинг кексалик даврини янада гаштли ва файзли қилади. Кекса авлод вакилларига юксак эҳтиром ва эъзознинг ёрқин намунаси бўлган мазкур Фармон нуронийлар дилидаги орзу-истакларни, умидларни рўёбга чиқариш, уларнинг мамлакатимизда кечаётган кўламли ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланишларда фаол иштирок этишига кенг йўл очади. Катта авлод вакилларининг юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни таъминлашдаги ҳиссасини ошириш, шунингдек, ёш авлодни етук инсонлар қилиб тарбиялашда уларнинг ҳаётий тажрибасидан фойдаланишга улкан замин яратади.

Хусусан, Фармонда кексаларнинг турмуш даражасини юксалтириш, пенсияга чиққандан кейин уларнинг юқори ижтимоий фаоллигини, шу жумладан, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ва давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги иштирокини қўллаб-қувватлаш,  вилоят, туман ва шаҳарлар марказларидаги маданият ва дам олиш истироҳат боғлари ҳудудида “Нуронийлар маскани” мажмуалари фаолиятини йўлга қўйиш, кексалар учун турли ижтимоий-маданий тадбирлар, телемарафонлар, махсус спорт мусобақалари, ижодий кечалар ташкил этиш каби кенг қамровли масалалар ифодасини топганки, буларни халқимиз чуқур мамнуният билан қабул қилди. 

Албатта, нуронийларга муносиб турмуш шароитини яратиш, ижтимоий, пенсия таъминоти ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш саъй-ҳаракатлари катта маънавий-руҳий мадад бўлиб, улар қалбидаги шукроналик ва миннатдорлик туйғуларини янада кучайтиради. Мана шундай савобли ишларнинг жадал суръат ва кенг қамров касб этишида халқ вакилларининг ҳам иштироки жуда муҳимдир. Жумладан, сенаторлар жойларда ижтимоий ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, кексалар манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириши айни муддао ҳисобланади. Қолаверса, “Нуроний” жам-ғармаси билан ҳамкорликда ёши улуғ инсонларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига кўмаклашишдек эзгу мақсад йўлидаги ишларда ташаббускор ва фаол бўлмоқ зарур. Бинобарин, мўътабар кексаларимизнинг оғирини енгил, умрини узоқ қилиш, уларни қадрлаш ва эъзозлаш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

 

Э. РЎЗМЕТОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси

Сенати аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn