Табиат мулкини асраш — муқаддас бурчимиз
  • 05 Январь 2017

Табиат мулкини асраш — муқаддас бурчимиз

Сайёрамизда ҳаёт бардавомлиги, аҳоли турмуш фаровонлиги бевосита табиат ва унинг неъматларига боғлиқ. Бинобарин, азал-азалдан ер, сув ва ҳавони ифлослантирмаслик қадрият даражасига кўтарилиб, ўсимлик ва ҳайвонот оламидан ўз ўрнида, меъёрида фойдаланиб келинган. Афсуски, саноатлашиш жараёни бошлангач, табиат мулки инсон манфаатлари йўлида ҳаддан зиёд кўп тасарруф қилиниши оқибатида мувозанатнинг бузилишига, экологик муаммолар умумбашарий тус олишига сабаб бўлди.

Эътиборли жиҳати, мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз ифодасини топган. Асосий Қонунимизнинг 50-моддасида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар”, дея белгилаб қўйилган.

Шу ва табиатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ҳамда меъёрий ҳужжатларнинг изчил ижроси таъминланаётгани биохилмахилликни сақлаш, ноёб турларни кўпайтириш имконини бермоқда. 2016 йилнинг 19 сентябрида имзоланган янги таҳрирдаги “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни соҳадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Аввало, айтиш жоизки, ушбу ҳужжат экологик муҳит барқарорлигини таъминлаш, фаунанинг камайиб кетган турларини асраш ва кўпайтириш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш ишларини янада кучайтиришга йўл очди.  Чунки мавжуд қонун такомиллаштирилиб, қўшимча моддалар билан тўлдирилди. Илгари у 28 та моддадан иборат эди, янги таҳрирдагиси эса 6 та боб, 53 та моддани қамраб олди. Хусусан, Қонуннинг 3-моддасига “ёввойи ҳайвонлар”, “ёввойи ҳайвонларнинг яшаш фаолияти маҳсулотлари”, “зоология коллекцияси”, “ҳайвонот дунёси”, “ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш”, “ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирлар” каби асосий -тушунчалар киритилган.

Ҳужжатнинг 4-моддасида ҳайвонот дунёси умуммиллий бойлик бўлиб, ундан оқилона фойдаланиш лозимлиги, у давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгилаб қўйилган. Шунингдек, ушбу модда давлат ва юридик ёки жисмоний шахснинг мулки масаласига дахлдор янги нормалар билан бойитилди. Унга кўра, табиий эркинлик ҳолатида яшаётган, табиий яшаш муҳитига чиқариб юборилган ёввойи ҳайвонлар давлат мулки ҳисобланса, ярим эркин шароитда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланаётган ва (ёки) етиштирилган ёввойи ҳайвонлар юридик ёки жисмоний шахснинг мулки бўлиши мумкин.

Биогеографик ўлкалар туташган минтақада жойлашган Ўзбекистон флораси ниҳоятда ранг-баранг. Юртимизда 15 мингдан зиёд умуртқасиз ҳайвонлар, 709 турдаги умуртқали ҳайвонлар, шу жумладан, 109 турдаги сут эмизувчилар, 470 турдаги қушлар, 64 турдаги судралиб юрувчилар, 63 турдаги балиқлар ва 3 турдаги амфибиялар мавжуд. Уларнинг аксарияти фақат бизнинг ўлкамизга хос эканлиги билан, айниқса, аҳамиятлидир.

Табиатда ҳар бир тур тарихан такрорланмас, генетик жиҳатдан ягона ҳисобланади. Йўқолганларини қайта тиклашнинг эса сираям иложи йўқ. Шунинг учун мамлакатимизда ҳайвонот оламининг камайиб кетаётган турларини асраб қолиш ва кўпайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Масалан, 184 тур Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилиб, алоҳида муҳофаза остига олинган.

Қонуннинг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасини тартибга солиш” деб номланган 2-бобида ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасида давлат сиёсати ва бошқарувининг асосий йўналишлари, давлат бошқарувини амалга оширувчи органлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасида ваколатлари ўз аксини топди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлашда иштирок этиши бўйича нормалар белгилаб қўйилди. Бу эса соҳага оид чора-тадбирларни амалга оширишга жамиятнинг барча қатламини кенг жалб этиш, жамоатчилик назорати самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилади.

Янги таҳрирдаги Қонунда ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга доир чора-тадбирларнинг аниқ йўллари кўрсатилгани диққатга сазовор. Яъни ҳайвонот дунёси объектларини давлат ҳисобига олиш, уларнинг давлат кадастрини юритиш, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи турларини муҳофаза қилиш, табиий яшаш муҳитидан ажратиб олиш, ёввойи ҳайвонлар, шунингдек, уларнинг қисмлари, яшаш фаолияти маҳсулотлари, зоология коллекциялари, ўлжалар ва тулумларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ёки олиб чиқиш, ҳайвонот дунёси мониторинги ҳамда ундан фойдаланишда назоратни кучайтириш тартиби белгиланган.

Шу билан бирга, унда ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ов қилиш, ёввойи ҳайвонларни янги жойларга кўчириш, иқлимга мослаштириш, улардан тиббиёт, санитария-эпидемиология ва ветеринария мақсадларида фойдаланиш ҳамда бошқа масалалар ҳам ўз ифодасини топган.

Мамлакатимизда табиатни муҳофаза қилишга доир қонунлар тобора такомиллаштирилиб, уларнинг ижроси юзасидан қатъий назорат ўрнатилгани туфайли кейинги пайтларда тизимда муайян ютуқлар қўлга киритилди. Энг асосийси, ҳайвонот дунёси табиий кўпаядиган майдонларни сақлаб қолиш, қўриқхоналар майдонларини кенгайтиришга эришилмоқда. Пировардида миллий ҳамда халқаро Қизил китобга киритилган, йўқолиш эҳтимоли бор ҳайвонот турларини кўпайтиришга муваффақ бўлинаяпти. Мисол учун, ўта камёб бўлиб қолган қор қоплони, айиқ, силовсинлар сон жиҳатдан барқарорлашди. Қолаверса, Қизил китобга киритилган жайрон, қулон, Пржевальский отлари, Бухоро қўйлари сони анча ортди.

2016 йилда кучга кирган янги таҳрирдаги “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, уни сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтаришга қаратилган. Унинг изчил ижроси мамлакатимиз ҳудудида ёввойи ҳайвонларнинг, айниқса, йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларни, уларнинг кўчиб ўтиш йўллари, яшаш муҳити ва урчиш жойларини сақлаш, жониворларнинг хавфсизлигини таъминлаш масалаларини ҳал этиш имконини беради. Зеро, ҳайвонот дунёси — миллий бойлигимизнинг бир бўлаги. Асрлар оша етиб келаётган табиат неъматларини, ўз навбатида, келажак авлодга безавол етказиш эса ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз саналади.

 

Бакит БУРАБАЕВ,

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси

«Давбионазорат» инспекцияси бўлими бошлиғи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn