Оила — жамият таянчи
  • 29 Декабрь 2016

Оила — жамият таянчи

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган, ихчам, тезкор, замонавий қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техника билан таъминланган, юксак тайёргарликка эга Қуролли Кучларимизни барпо этиш баробарида, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими йўлга қўйилди. Жумладан, замонавий ҳарбий шаҳарчалар қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, бу объектларда бугунги кун талабларига ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари эҳтиёжларига жавоб берадиган қулай ижтимоий-маиший шароит яратиш бўйича алоҳида давлат дастурлари қабул қилингани фикримиз тасдиғидир.

Ана шу ҳужжатларнинг изчил ижроси туфайли ҳозирги кунга қадар кўплаб ҳарбий хизматчилар шинам тураржойлар ҳамда бошқа зарур инфратузилма объектлари билан -таъминланди.

Яқинда шундай қувончли воқеалардан бирига гувоҳ бўлдик: пойтахтимизнинг Юнусобод туманида ҳарбий хизматчилар учун қуриб битказилган, замон талабларига тўла жавоб берадиган кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбир кўтаринки руҳда ўтди. Унда сўзга чиққанлар юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон манфаатларига қаратилганини, хусусан, ҳарбий соҳадаги модернизация жараёнларида ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлаш масаласи доимий эътиборда эканини таъкидлашди.

Дарҳақиқат, бу борада кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, биргина 2015 йилда 234 нафар ҳарбий хизматчи тураржой билан таъминланди. Тошкент вилоятида ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда намунавий лойиҳа асосида уй-жой қуриш учун 135 нафар ҳарбий хизматчига, Фарғона вилоятида 333 нафар ҳарбий хизматчига Мудофаа -вазирлиги томонидан бошланғич бадаллар тўлаб берилди. Шунингдек, 470 нафар ҳарбий хизматчи иккиламчи бозордан уй билан таъминланди. Бу кўрсаткичлар йил сайин Ватан ҳимоячиларининг яшаш шароитини яхшилашга, ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга бўлган ғамхўрликнинг ортаётганидан далолат беради.

Кўп қаватли уй “Бағдод карвон” масъулияти чекланган жамиятининг қурувчилари томонидан барпо этилди. Бунёдкорларнинг айтишича, бир, икки ва уч хоналардан иборат мазкур кўп қаватли уйни қуришда унинг муҳандислик-коммуникация тизимлари энг замонавий талабларга жавоб бериши, шовқинни ўтказмаслиги, иссиқликни сақлаши, зилзилабардошлилиги ва бошқа жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилган. Уйнинг ён-атрофи ободонлаштирилиб, болалар учун ўйингоҳ, спорт майдончаси, дам олишга мўлжалланган айвончалар ҳам барпо қилинган. 

Зиналардан кўтариламиз. Йўлакларнинг кенг ва ёруғлиги, хонадон ичидаги шинамликдан кўнгилда ҳавас уйғонади.

— Мана шундай кунларга етказганига шукр, — дейди янги уй соҳибларидан бири, подполковник И. Мусурмоновнинг отаси, 76 ёшни қаршилаётган Неъматулло бобо миннатдор бўлиб. — Халқимизга, ҳарбийларимизга давлатимизнинг меҳр-эътибори беқиёс. Уйни бир қаранг-а: қандай обод, қандай чиройли, одам яйраб яшайди. Шундай пайтларда беихтиёр болалигимиз ўтган лойсувоқ, пастқам уйлар кўз олдимизда гавдаланади. Энди ҳаммаси бошқача. Бундай дориламон кунларнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш керак.

— Бугун уйимиз худди тўйхонага айланди, — дейди хонадон эгаларидан яна бири, подполковник А. Бобохонов. — Ота-онам, яқинларим табриклагани келишди. Файзли дастурхон атрофида мириқиб суҳбатлашдик, биз, ҳарбий хизматчиларга яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида тўлқинланиб гапириб бердим. Албатта, уйингиздан, оилангиздан кўнглингиз тўқ бўлганига нима етсин?! Бу — катта бахт. Ушбу кунни ҳеч қачон ёддан чиқармаймиз. Албатта, бизга кўрсатилаётган бундай улкан эътибор учун давлатимиздан чексиз миннатдормиз. Ватанимиз тинчлиги йўлида сидқидилдан хизмат қиламиз.

Ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оилаларини ижтимоий муҳофаза қилиш тадбирлари, шубҳасиз, бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади. Бинобарин, ижтимоий жиҳатдан яхши таъминланган ҳарбий хизматчилар, пухта тайёргарликка эга бўлган Қуролли Кучларгина давлатимиз хавфсизлигини таъминлашга қодир бўлади.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn