Ўзбекистон дунёдаги энг диққатга сазовор сайёҳлик йўналишлари рейтингида иккинчи ўринда қайд этилди
  • 29 Декабрь 2016

Ўзбекистон дунёдаги энг диққатга сазовор сайёҳлик йўналишлари рейтингида иккинчи ўринда қайд этилди

Мамлакатимизнинг туризм соҳасидаги улкан салоҳияти яна бир бор дунё нигоҳида. Гап шундаки, Буюк Британиянинг “Financial Times” газетаси 2017 йилда жаҳон бўйлаб саёҳатга чиқиш истагидагилар учун энг қизиқарли йўналишлар рўйхатини эълон қилди ва унда келтирилган тўққизта давлат орасида Ўзбекистон 2-ўринда қайд этилди.

Рейтинг сайёҳлик саноатидаги машҳур компания ҳамда фирмалар раҳбарлари иштирокида ўтказилган сўров натижаларига асосан тузилган. Унда қатнашганлардан бири — “Wild Frontiers” туристик фирмаси асосчиси Жонни Билбин ушбу мавзу бўйича қуйидагича фикр билдирган:

— Ҳозирги кунда сайёҳлар ноёб ва ўзига хос жойларга сафар уюштиришни маъқул кўришмоқда. Бу борада Буюк Ипак йўлидаги давлатлар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотаяпти. Бундай эътиборнинг ортиши ана шу ҳудудлардаги мавжуд туризм имконият-ларини жаҳон аҳлига таништириш юзасидан тарғибот ишларининг фаол йўлга қўйилгани, жумладан, “Discovery Channel” каби катта аудиторияни қамраб олган телеканалларда турли кўрсатувлар, лавҳалар эфирга узатилаётгани, китоблар, мақолалар чоп қилинаётгани алоҳида аҳамият касб этаётир.   

“Financial Times” нашридаги материал муаллифлари ушбу фикрларни мантиқан давом эттириб, агарда Буюк Ипак йўли бўйлаб узоқ муддатли саёҳат қилиш имкони бўлмаса, энг қулай ва диққатга сазовор жой сифатида Ўзбекистонни тавсия этишган. Мамлакатимиздаги Хива, Бухоро, Самарқанд сингари тарихий шаҳарлардаги бетакрор обидалар, таклиф этиладиган туристик йўналишлар, мавжуд шарт-шароитлар, қолаверса, туризмнинг изчил ривожлантирилаётган янги турлари ҳар қандай ташриф буюрувчида катта таассурот қолдириши таъкидланган.

Газета Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига алоҳида эътибор қаратган. Жорий этилаётган янгиликлар, яратилаётган қулайликлар юксак баҳоланган. Хусусан, 

2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб, Ўзбекистонга туризм мақсадида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга келувчи 15 та давлат фуқаролари, шунингдек, 12 та мамлакатнинг 55 ёшга тўлган фуқаролари учун виза режими бутунлай бекор қилиниши кенг имконият сифатида айтиб ўтилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, айнан ушбу Фармон юртимизга келувчи саёҳлар сони кескин ортишига хизмат қилади.

“Financial Times” газетаси молия ва бизнес соҳасидаги мавзуларни ёритишга ихтисослаштирилган етакчи нашрлардан бири ҳисобланади. У дунёнинг 24 та шаҳрида инглиз тилида чоп этилади. Газетани ҳар куни 2,2 миллиондан ортиқ киши ўқиб боради. 

«Халқ сўзи» мухбири

Шавкат ОРТИҚОВ тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Кўп тармоқли фаолият Оила — жамият таянчи »