Болажонлар учун янги йил совғаси
  • 28 Декабрь 2016

Болажонлар учун янги йил совғаси

Янги йилни барча ўзгача интиқлик билан кутади. Бу байрамда болажонлар қувончига шерик бўлиш, уларни театр томошаларига олиб бориш, совға-саломлар улашиш яхши одатга айланган.

Анъанага мувофиқ, жорий йилда ҳам мамлакатимизда “Президент арчаси” шодиёналарига кенг тайёргарлик кўрилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ушбу байрамни юксак савияда ўтказиш мақсадида  болажонлар учун турли-туман, ажойиб туҳфалар тайёрлади.
Айтиш жоизки, “Президент арчаси”нинг асосий тадбирлари 29-30 декабрь кунлари пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида бўлиб ўтади. Унга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, махсус мактаб-интернатлар ўқувчилари, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари таклиф этилади.
Айни кунларда масъул ташкилотлар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятга Президентимизнинг болажонларга аталган Янги йил совғаларини етказиш ишлари бошлаб юборилган.
Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари ўғил-қизлари, “SOS — болалар маҳаллалари” тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун Президент совғалари тайёрланиб, жойларга етказилмоқда. Бу эътибор уларнинг яхши таълим-тарбия олиши, ўз билим ва салоҳиятини юксалтиришида муҳим аҳамият касб этади.
— Бундай ажойиб тантаналарни республикамизнинг барча шаҳару қишлоғида юқори савияда ташкиллаштиришга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда, — дейди Халқ таълими вазирлиги етакчи мутахассиси Санам Ражабова. — Жажжи ўғил-қизларга Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан тақдим этиладиган 12 номдаги ўқув қуроллари ва 15 номдаги ширинликлардан иборат бўлган 11 минг дона совға тайёрланди. Уларнинг дастлабкиси Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларига “Президент совғаси” баннери туширилган автотранспортда етказилди. Шунингдек, 6041 дона ана шундай туҳфа “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси кўмагида Қорақалпоғистон Республикаси ва 9 та вилоятга олиб борилди. Бу эзгу ташаббус юртимизда ҳар бир фарзанд эъзоз ва ғамхўрликдан баҳраманд эканлигининг яққол тасдиғидир.


Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn