Оиладаги маънавий муҳит
Версия для печати
  • 23 Апрель 2014

Оиладаги маънавий муҳит

ёш авлод тарбиясида муҳим ўрин тутади

Мамлакатимизда оилалар фаровонлигини таъминлаш, уларга моддий ва маънавий кўмак беришга йўналтирилган чора-тадбирлар босқичма-босқич рўёбга чиқарилмоқда.
Айниқса, оилага оид долзарб маънавий-ахлоқий масалаларни илмий жиҳатдан мукаммал ўрганиш, таҳлилларни кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб этиш масалаларига янгича ёндашилаётгани ёшларнинг оила, жамият, юрт олдидаги масъулиятини кучайтиришда, маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бинобарин, “Соғлом бола йили” Давлат дастурида оилада ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббат муҳитини, юксак ахлоқий ва маънавий қадриятларни шакллантиришга қаратилган вазифалар белгиланган бўлиб,  бу, ўз навбатида, хотин-қизлар қўмиталари зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди.  
Пойтахтимизда “Маънавият оиладан бошланади” мавзуида ўтказилган илмий-амалий анжуманда шулар хусусида сўз юритилди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Республика “Оила”, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий марказлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа ҳамкор ташкилотлар иштирокида ташкил этилган мазкур тадбирда хотин-қизлар қўмиталари вакиллари, маҳалла фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, педагоглар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.  
Анжуманда ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишда оиланинг катта ўрни борлиги таъкидланди. Зеро, соғлом бола соғлом онадан туғилади, соғлом турмуш тарзи қарор топган оилада вояга етади. Президентимизнинг “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, фуқаролар йиғинларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилгани маънавий-ахлоқий муҳитни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
— Оилада ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббат муҳитини, юксак ахлоқий ва маънавий қадриятларни шакллантириш, асосийси, жамоатчилик назоратини ўрнатишда маҳалла маслаҳатчиларининг масъулиятини ошириш тадбирда кўтарилган долзарб масалалардан бири бўлди, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари Озода Парпибоева. — Айниқса, маҳаллаларда саломатлик, бандлик, таълим, оилавий муносабатларга оид шўъбалар фаолиятини изчил йўлга қўйиш, шу орқали ҳаётда учрайдиган айрим масалаларни ҳамжиҳатликда, жамоатчилик иштирокида ҳал этиш зарурлиги айтиб ўтилди. Шу мақсадда уларга амалий-услубий тавсиялар берилди. 
Тадбирда бир неча йиллар давомида самарали фаолият юритаётган, ёш авлодни маънавий соғлом қилиб тарбиялаш ишига муносиб ҳисса қўшаётган диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича бир гуруҳ маслаҳатчиларга Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ташаккурномаси топширилди. 
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова иштирок этди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn