Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва замонавий суд механизмлари
  • 16 Декабрь 2016

Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва замонавий суд механизмлари

Пойтахтимизда “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг замонавий суд механизмлари: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзуида халқаро семинар ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди томонидан Олий суд, БМТ Тараққиёт дастури, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) кўмагида ташкил этилган ушбу тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Олий хўжалик суди ва Олий суд, Адлия вазирлиги, -Савдо-саноат палатаси, Давлат солиқ ва божхона қўмиталари вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар, шунингдек, АҚШ, Германия, Испания давлатларидан келган экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Семинарда мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга йўналтирилган чора-тадбирлар иқтисодиётимизнинг барқарор тараққиётида муҳим омил бўлаётгани алоҳида таъкидланди. Эътиборлиси, бу борадаги ишлар бугунги кунда янада изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларнинг янги босқичини бошлаб берди. Яъни эндиликда тадбиркорлар фаолиятига аралашувлар тубдан қисқартирилади. Шунга мос равишда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, улар профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида белгиланди. 

Фармонда тадбиркорлик субъектлари ва улар ходимларига нисбатан маъмурий жарималарни қўллаш билан боғлиқ вазифа ва ваколатларни босқичма-босқич судларга ўтказиш орқали тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд томонидан ҳимоя қилишни кучайтириш чоралари белгилангани ҳам соҳа ривожида муҳим ўрин тутади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти хусусида ҳам сўз юритилди. Мазкур ҳужжатда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, шунингдек, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш билан боғлиқ қатор долзарб вазифалар белгилангани қайд этилди.

— Юртингизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш орқали инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўналишида катта тажриба тўпланган, — дейди германиялик эксперт Д. Вюнш. — Буни замонавий суд механизмларидан фойдаланган ҳолда, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳамда уларнинг самараси мисолида кўриш мумкин. Анжуманда тилга олиб ўтилган фармонлар суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳамда аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш имконини беради. Бу, ўз навбатида, тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштиришда ҳам айни муддаодир. Умуман, юртингизда тўпланган бундай илғор тажрибани ўрганиш бошқа давлат учун фойдали бўлишига ишонаман.

Иштирокчилар томонидан суд иш юритувига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш масалалари ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Эътироф этилганидек, ҳозирги кунда хўжалик судлари фаолиятига илғор ахборот-коммуникация технологияларини самарали жорий этиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, хўжалик судларига даъво аризалари ва илтимосномаларни электрон шаклда юбориш имконияти яратилди, қолаверса, судга электрон шаклда мурожаат қилган шахсларга суд ҳужжатларини электрон юбориш тизими ишга туширилди.

Суд мажлисларини видеоконференцалоқа орқали ўтказиш имконияти яратилиши шу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди. Пировардида бугунги кунда суд муҳокамаси иштирокчилари бошқа ҳудудда жойлашган хўжалик судига бормасдан, ўзларининг ҳудудидаги хўжалик суди биносига келиб, видеоконференцалоқа тизими орқали суд мажлисида қатнашмоқдалар. Ҳозирги пайтда эса Олий хўжалик суди томонидан суд мажлисларини аудио-видео қайд этиш тизимини йўлга қўйиш чоралари ҳам кўрилмоқда.

— Ўтказилган семинар биз учун жуда фойдали бўлди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг судьяси И. Матмурадов. — Зеро, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш бўйича халқаро тажриба ва миллий амалиёт ҳамда республикамизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишнинг қонунчилик асоси, уни бугунги кун талабларига мувофиқ янада такомиллаштириш, ахборот-коммуникация технологияларини соҳага жорий этиш билан боғлиқ долзарб масалалар ҳар томонлама таҳлил қилиндики, бу фаолиятимизда қўл келиши шубҳасиз.

Халқаро семинарда тадбиркорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг суд механизмларини янада такомиллаштириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. 

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn