Эъзоз ва эҳтиром ифодаси
  • 23 Апрель 2014

Эъзоз ва эҳтиром ифодаси

Тўқсон ёшга киришим чинакам байрамга айланиб кетди. Фарзанду набираларим, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар катта дастурхон атрофида жам бўлишди.

Совға-саломлар, эзгу тилакларини улашишди. Ўша дамда ҳаётим кино тасмасидек бир-бир кўз олдимдан ўтди. Ортда қолган йилларни эслаб, истиқлолга етказгани учун Яратганга шукрона айтдим. Юртимизда эл ободлиги, тинчлик-фаровонлик йўлида олиб борилаётган ишларга ривож тиладим.
Чиндан ҳам, ҳаётимиз мазмун-моҳияти тинчлик-хотиржамлик, мақсадларимиз эзгулигида. Куни кеча ўртанча ўғлим Абдулҳоди  “Ота, юринг, шаҳарни бир айлантириб келай”, деб қўярда-қўймай  “Нексия”сига ўтқазиб, сайрга олиб чиқди. Қаранг, Наманганимиз кўз очиб юмгунча янаям гўзаллашиб кетибди. Кўчалар равон, иморатлар бири-биридан муҳташам. Анвойи гулларга бурканган хиёбонларни айтмайсизми?! Қараб кўзингиз тўймайди-я! Ҳаммаси — инсон учун, шу юртнинг фарзандлари учун!
Йўл-йўлакай набирам Абдулҳай ўқиётган академик лицейга кирдик. Нақ кошонанинг ўзгинаси. Бу ердаги шарт-шароитга жуда ҳавасим келди. Яна денг, менга нотаниш ўқув техникалари кўп экан. Уларни чаққонлик билан бошқараётган ўғил-қизларни кўриб, мактаб йилларим ёдимга тушди. Ҳар икки даврни тарозига солдим. Ер билан осмонча фарқ бор. Бугун ёшларимиз учун яратилган қулайликлардан кўнглим тоғдай кўтарилди.
Сизга айтганларим хуррам ҳаётимизнинг кичик бир кўриниши. Аслида, буюк ўзгаришлар ҳар соҳада, ҳар қадамда учрайди. Биз кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эътибор, иззат-икром ҳам бунга бир мисол. Мана, тунов куни давлатимиз раҳбарининг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Бу тинчлик ва осойишталик йўлидаги курашларнинг яна бир эътирофи, Президентимизнинг бизга нисбатан меҳрибонлиги, десак, тўғри бўлади. 
Яхши замонда, яхши одамлар орасида  ҳаёт кечириш инсон умрига умр қўшади, дейдилар. Тилагим, Ўзбекистонимиз янада гуллаб-яшнасин, фарзандларимиз бахти бундан-да зиёда бўлсин!

Абдусалом РАҲМОНОВ,
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси.
Наманган тумани, Хонобод қишлоғи

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn