Инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим шарти
  • 23 Апрель 2014

Инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим шарти

Пойтахтимизда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан “Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш — инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашдаги бош вазифа” мавзуида семинар ўтказилди.

Унда мамлакатда суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш ва демократлаштириш масалаларини ёритишда журналистлар ихтисослашуви, аҳоли ҳуқуқий билимларини ошириш жараёнида ҳамда мамлакатда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни жамоатчиликка етказиш, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида қонун устуворлигини сўзсиз таъминлашда ОАВ масъулиятини кучайтириш масалалари муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан асосий мақсад жамиятда инсон қадр-қимматини олий қадрият даражасига кўтариш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ рўёбга чиқариш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиб беришдир.
Шулар асосида соҳада мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий база яратилиб, судлар ихтисослашуви амалга оширилди, кассация институти ислоҳ қилинди, суд ишларини қайта кўришнинг апелляция тартиби, ярашув институти жорий этилди, суд юритувининг барча босқичларида томонлар тенглиги таъминланди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига оид бир қатор халқаро ҳужжатларга қўшилди, улардаги инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ишончли ҳимоясини таъминловчи меъёрлар миллий қонунчиликка имплементация қилинди.
Давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган вазифалар ижроси қонун устуворлиги тамойили асосида суд-ҳуқуқ тизимини янада изчил либераллаштиришга йўналтирилгани билан долзарбдир. Унда “Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, судлар мустақиллиги, холислиги ва адолатлилигини таъминлаш механизмларини янада ривожлантириш, суд жараёнида тортишувликни кучайтириш, жиноят қонунчилигини эркинлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланиб, улар изчил рўёбга чиқарилаётир.
Буларнинг барчаси инсон ҳуқуқлари тўлиқ амалга оширилишининг кафолатига айланмоқда. Мазкур ислоҳотларни кенг ёритиш, жамиятнинг ҳуқуқий маданиятини оширишда эса, шубҳасиз, оммавий ахборот воситаларининг роли беқиёс. Зеро, улар бугунги кунда жамиятдаги ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий тарбия даражаси, ҳуқуқ-тартибот ҳолати, жиноятларнинг олдини олиш, қонунни ҳурмат қилиш туйғусини шакллантиришга катта таъсир кўрсатаяпти. Бинобарин, бу борада ОАВ ролини янада кучайтириш давр талабидир.
Семинарда ушбу мавзуда чоп этилаётган журналистик материалларнинг сифати, ғоявий ва бадиий савиясини оширишни таъминлашга доир тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

С. ҚОСИМЖОНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn