Соғлом бола — юрт таянчи
  • 23 Апрель 2014

Соғлом бола — юрт таянчи

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ навқирон авлодни жисмонан соғлом, маънан етук, интеллектуал салоҳиятли шахслар қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Бу борадаги эзгу ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишда кўплаб жамоат ташкилотлари қатори “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг ҳам муносиб ўрни бор.
Сўнгги йилларда муассасамиз томонидан бир қатор хайрли ишларга қўл урилди. Чунончи, мамлакатимизнинг экологик беқарор ҳудудлари аҳолиси учун юборилаётган “Саломатлик” поездлари, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг бемор фарзандларини малакали тиббий текширувдан ўтказиш, зарурат туғилганида уларнинг нуфузли шифохоналарда бепул даволанишларини таъминлаш фикримиз далилидир. Биргина ўтган йили Оролбўйи минтақаси, Навоий ва Қашқадарё вилоятларига уч марта “Саломатлик” поездлари юборилган бўлса, мутахассислар томонидан 15 минг нафардан зиёд кам таъминланган, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг фарзандлари, фертил ёшидаги аёллар, ёлғиз қариялар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Қолаверса, 32 нафар бемор бола чет эл клиникаларига юборилди. Бунда фонднинг хорижий мамлакатлар билан амалга ошираётган дўстона муносабатлари ижобий самара бермоқда.
Аҳоли, хусусан, ёшларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик каби турли иллатлардан муҳофаза қилишда тиббий маданият, тарғибот ишлари муҳим аҳамият касб этади. Бу борада ҳам фонд томонидан маҳаллаларда, олий ўқув юртлари ҳамда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда бир қатор тадбирлар ташкил этилди.
Айни пайтда фонднинг хайрли ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Мамнуният билан айтиш мумкинки, бир вақтлар инсон ҳаётига жиддий хавф солган ва ривожланган хорижий давлатлар клиникаларидагина шифо топилиши мумкин, деб ҳисобланган кўплаб хасталиклар бугун шу ерда, республикамизнинг ўзида тўлиқ даволанмоқда. Негаки, айни пайтда малакали мутахассисларимиз ҳам, замонавий тиббиёт ускуналари ҳам, яратилган шароит ҳам энг ривожланган мамлакатлар шифохоналари билан бемалол рақобатлаша олади. Биргина жорий йилнинг ўтган ойларида бўйин ва оёқнинг ортопедик нуқсони бўлган 93 нафар бемор бола юртимиз клиникаларида операция қилиниб, тўлиқ соғломлаштирилди. Юқори лаб ва танглайнинг туғма нуқсонлари, тана куйишидан кейинги ҳамда танадаги туғма нуқсонлар ҳам сифатли даволанмоқда. Ўтган йиллар давомида бевосита фондимиз ташаббуси билан ушбу йўналишдаги 3000 дан ортиқ операциялар ўтказилгани ва муваффақиятли якунланганининг ўзиёқ юртимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатаётганидан далолат беради.
Хулоса ўрнида айтганда, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди фарзандларимизнинг ҳар томонлама соғлом, баркамол бўлиб улғайишлари борасида Президентимиз Фармон ва қарорлари ҳамда Давлат дастурларида кўрсатилган вазифаларни бажаришда баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Зеро, келажак учун қилинган ҳар бир хайрли ва савобли иш эртага ўз мевасини бериши, шубҳасиз.

Нозимжон МЎМИНОВ,
«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn