Фаровонлик йўлидаги муҳим лойиҳа
  • 02 Декабрь 2016

Фаровонлик йўлидаги муҳим лойиҳа

Пойтахтимизда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан замонавий ер ости ва ер усти метро йўналишларида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлигини таъминлаш олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Кейинги йилларда ушбу эзгу мақсад йўлида

улкан ишлар бажарилиб, кўплаб истиқболли  лойиҳалар рўёбга чиқарилаяптики, бугун барчамиз бунинг самараларидан баҳраманд бўлаяпмиз. Зеро, замонавий меъморликнинг илғор услублари асосида барпо этилган кўркам ва шинам уй-жойлар, йўллар, маҳобатли кўприклар, таълим муассасалари, турли ижтимоий соҳа объектлари аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилаяпти.

Бинобарин, Ўзбекистон бошқа соҳалар қаторида бунёдкорлик жабҳасида ҳам бой тажриба тўплаган давлат сифатида тан олинмоқда. Маҳаллий мутахассислар лойиҳалари асосида қурилаётган йирик иншоотлар жаҳон аҳлининг ҳайрату ҳавасини орттираётгани шундай дейишимизнинг ишончли асосидир.

Энг муҳими, ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар изчиллик билан давом эттирилаяпти.

Жумладан, транспорт-коммуникация тизимини янада такомиллаштириш доирасида Тошкент шаҳрида метро йўналишларини узайтириш бўйича бошланган бунёдкорлик ишларини ҳам муҳим лойиҳалар сирасига киритиш мумкин. 

Аслида, метрополитен ноёб транспорт воситаси бўлиб, унинг қурилиши ҳам ғоят мураккаб ва катта масъулиятни талаб этади. Балки мана шундай омиллар туфайли у ҳозиргача ер юзидаги 200 дан зиёд мамлакатларнинг 71 тасидагина мавжуддир. 

Тошкент шаҳрида эса 1977 йилда метро барпо қилинди. Унинг узунлиги дастлаб 12,2 километрдан иборат бўлиб,  ўз ичига 9 та бекатни қамраб олган эди. Айни пайтда эса метронинг узунлиги 39 километрни, бекатлари сони 39 тани ташкил этади. Поездлар 3 та — Юнусобод, Чилонзор ҳамда Ўзбекистон йўналишлари бўйича ҳаракатланмоқда.

2001 йили шаҳарнинг аҳоли зич ҳудудларидан бири — Юнусобод туманида  узунлиги 7,6 километр ва 6 та бекатдан иборат бўлган Юнусобод  йўналишининг биринчи босқичи ишга туширилди. Бу билан Тошкент шаҳрининг Шимолий ва Жанубий қисмини марказ орқали бирлаштирувчи транспорт йўлаги яратилди.   

Ҳозирги кунда мазкур йўналишнинг “Шаҳристон” ва “Туркистон” бекатларигача бўлган қисмида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли қурилиш ташкилотлари томонидан тупроқ ҳамда ковлаш ишлари бошлаб юборилган. 

— Ушбу икки бекат оралиғидаги масофа 2,7 километрни ташкил қилади, — дейди “Кўприк қурилиш трести”нинг 67-кўприк қурилиш отряди раҳбари Санжар Юсупов. — Бу юмушларни бажаришда 50 дан ортиқ замонавий техникалар ва 200 нафардан зиёд ишчилар кучидан фойдаланаяпмиз. Лойиҳа бўйича қурилиш ишлари икки йилга мўлжалланган бўлса-да, биз уни муддатидан олдин ниҳоясига етказишга ҳаракат қиламиз. 

Ҳақиқатан ҳам, шу кунларда бу ердаги мавжуд иккита шахта ва туннелда бунёдкорлик жараёни авж паллага кирган. Қурувчилар электрлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратиб, замонавий ер ости йўли барпо этишга интилишмоқда.

“Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан тайёрланган лойиҳага кўра, метро йўли пойтахтимизнинг Сергели тумани билан ҳам туташтирилади. Муҳандислик-геологик сабабларга кўра, Сергели туманига ер ости метро йўлини қуриш ўта мураккаб. Шу боис мазкур йўналишдаги йўл “Енгил метро” кўринишида бўлади. Яъни “пўлат из”лар ер остида эмас, балки ер усти бўйлаб, эстакадалар (кўприклар) орқали  ётқизилади. Чилонзор йўналишининг “Олмазор” бекатидан Сергелига туташадиган йўлда 6 та бекат қад ростлайди. Йўлнинг узунлиги 7,1 километрни ташкил қилади. Ана шундай ўзига хос муҳандислик ечимлари асосида бунёд этилиши кутилаётган транспорт йўли Тошкент шаҳрининг Чоштепа маҳалласидан ўтиб, Сергели туманининг Спутник мавзесидаги Мағриб кўчасигача боради.

Бундан ташқари, қурилиш жараёнида узунлиги 26 метрлик бўлган кўплаб тўсин (балка)лар ўрнатилади. Тўрт йилга мўлжалланган лойиҳа доирасида бекатларда эскалаторлар, кутиш майдончалари барпо этилади. 

Метрополитеннинг шаҳримизнинг саноат туманларидан бири бўлган Сергелига етиб бориши, уни янада обод ва кўркам этиши баробарида, ҳудуд инфратузилмаси ривожланишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. 

Шу ўринда айтиш жоизки, пойтахтимиз метрополитени хизматларини такомиллаштиришда жамият тасарруфидаги “Toshkent yo‘lovchi vagonlarini qurish va ta’mirlash zavodi” акциядорлик жамиятининг ҳам муносиб улуши бор. 

Заводнинг ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Маҳмуд Қосимов берган маълумотга кўра,  жорий йилда бу ерда 315 та йўловчи вагонини таъмирлаш кўзда тутилган эди. Кўрилган чора-тадбирлар ва жамоанинг сидқидилдан қилган  фидойи меҳнати натижасида бу режа ортиғи билан уддаланди. 

Жорий йилнинг ўзида тайёрланган 15 янги вагондан Қамчиқ довони орқали “Тошкент — Андижон — Тошкент” йўналишида йўловчиларга хизмат кўрсатишда фойдаланилаётган бўлса, ҳозирги кунгача ишлаб чиқарилган 16 та метро вагони ҳам аҳоли хизматида. Мазкур вагонлар аввалгиларидан кенг ва ёруғлиги, юмшоқ ўриндиқлар билан жиҳозлангани, қисқа қилиб айтганда, замонавийлиги билан ажралиб туради. Қолаверса, йил охиригача яна тўртта метро поезди таркиби тубдан таъмирланади. Бу ҳам келгусида пойтахт аҳли ва меҳмонларининг метро транспорти хизматидан фойдаланиш имкониятини ошириши шубҳасиз.

Умуман, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти  мутахассислари томонидан рўёбга чиқарилаётган йирик лойиҳалар юртимиз ободлиги, аҳоли ҳаёт тарзини янада юксалтиришга хизмат қилади.

 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn