Юксак масъулият ва дахлдорлик туйғуси
  • 30 Ноябрь 2016

Юксак масъулият ва дахлдорлик туйғуси

Мамлакатимиздаги барча сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Хусусан, 10-Тошкент вилояти сайлов округида тузилган 878 та сайлов участкасида 1 миллион 943 минг 300 нафар сайловчи рўйхатга олинган.

Округ ҳудудидаги барча сайлов участкаси давлат рамзлари, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, зарур адабиёт ва қўлланмалар, овоз бериш кабина ҳамда қутилари билан таъминланган. Шунингдек, уларда она ва бола, тиббиёт хоналари ҳам хизмат кўрсатишга шай ҳолга келтирилди.

— Сайловга тайёргарлик ишлари тасдиқланган режа асосида олиб борилаётир, — дейди 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси раиси Х. Ҳамидов. — Комиссия аъзолари ўртасида вазифалар аввалдан тўғри тақсимлаб олингани ишни самарали ташкиллаштириш имконини бераяпти. Сайлов участкаларимиз сайловга ҳозир ва айни кунларда муддатидан олдин овоз бериш жараёни давом этмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, участка сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳуқуқий билимини ошириш, комиссиялар фаолиятини тўғри йўлга қўйишда уч босқичда ташкил қилинган семинар-тренингларнинг аҳамияти катта бўлди. Бу тадбирларда мутахассис ҳамда экспертлар томонидан участка сайлов комиссияларида ҳужжат юритиш, сайлов -участкаларини жиҳозлаш, сайловчилар рўйхатини тузиш ва зарур ҳолларда унга ўзгартишлар киритиш, муддатидан олдин овоз бериш ҳамда сайлов куни овоз беришни ташкил этиш, сайловчилар ўртасида сайлов қонунчилигини тарғиб қилиш сингари муҳим вазифалар бўйича батафсил маълумот берилди.

“Участка сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳуқуқ ва ваколатлари”, “Сайлов жараёнида кузатувчилар институтининг аҳамияти”, “Оммавий ахборот воситаларининг сайлов жараёни ошкоралигини таъминлашдаги роли” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

— Комиссиямиз аъзоларининг аксарияти бу соҳада етарли тажрибага эга, — дейди Янгийўл туманидаги 845-участка сайлов комиссияси раиси М. Фозилова. — Шундай бўлса-да, Марказий сайлов комиссияси томонидан яратилган имкониятдан фойдаланиб, ҳудудий семинарлар орқали барчамиз сайлов қонунчилигига доир билим ва кўникмаларимизни янада мустаҳкамладик. Бу фаолиятимизни тўғри ташкил этишда айни муддао бўлди. Участкамизда эмин-эркин овоз бериш учун барча шарт-шароит ҳамда қулайликлар яратилган. Жисмоний имконияти чекланган сайловчиларнинг бинога кириши ва чиқиши учун алоҳида йўлаклар ҳозирланди. Соғлиғи ёки ёши туфайли сайлов участкасига кела олмайдиган фуқароларимизга овоз беришни уларнинг уйида ташкил этиш учун ҳам тайёргарлик кўрилиб, масъул аъзоларни белгилаб қўйганмиз.

Қисқача айтганда, юртимизнинг турли ҳудудларида бўлгани каби, Тошкент вилоятида ҳам сайловга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Бу эса мазкур муҳим сиёсий тадбирнинг юксак савияда, демократик тамойилларга мос ҳолда ўтишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

 

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn