Ўзбекистон халқи муҳим сиёсий тадбир арафасида
  • 30 Ноябрь 2016

Ўзбекистон халқи муҳим сиёсий тадбир арафасида

“Кўппартиявийлик давр тақозоси ва халқ талабидир”. Россиянинг “Независимая газета” нашрида эълон қилинган ушбу номдаги мақола Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланди.

Мақола муаллифи яқинда ўтказилган ижтимоий сўров натижаларини таҳлил қилиб, сиёсий партиялар дастурларини таққослайди, уларнинг Ўзбекистондаги давлат ҳамда жамият қурилиши жараёнидаги роли ҳақида фикр юритади.

Хусусан, мақолада Ўзбекистонда мамлакатни ислоҳ қилиш стратегияси давом эттирилиши ва ҳокимиятнинг барқарор фаолият юритиши таъминланиши қайд этилган. Мамлакат фуқароларига, энг муҳими, тинчлик-осойишталикни сақлашдир. Улар учун сайлов нафақат ҳуқуқ, айни чоғда фуқаролик бурчи, мамлакат келажагига дахлдорлик ифодаси, давлат бошлиғи лавозимига муносиб номзодни танлашда ўз фикрини билдириш имкониятидир.

Президентликка номзодлар ўртасидаги реал сиёсий рақобат 2016 йилги сайлов кампаниясининг ўзига хос жиҳатларидан ҳисобланади. Бунинг учун “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фуқаролар сайлов ҳуқуқларига сўзсиз риоя қилиш, уларнинг сайловда эркин иштирок этишига шарт-шароит ҳамда сайлов кампаниясида сиёсий партиялар ва Президентликка номзодларга кенг ҳамда тенг имкониятлар яратишга қаратилган бўлиб, ушбу сиёсий тадбирнинг адолатли, очиқ, ошкора ва транспарентлик принциплари асосида ўтказилишига хизмат қилмоқда. Бутун сайлов жараёни ошкоралик ва очиқлик асосида олиб борилаяпти.

Муаллиф Ўзбекистонда сайлов жараёни янгича мазмун-моҳият билан бойиган, партиялараро сиёсий рақобат, аҳолининг сиёсий фаоллиги ўсган, уларнинг сайловда қатнашишга бўлган интилиши кучайган бир шароитда ўтказилаётганига эътибор қаратган. Унинг фикрича, бу давлат ҳокимияти ва бошқарувини изчил модернизация қилиш юзасидан амалга оширилган ислоҳотлар самарасидир.

Чунончи, 2015 йилда биринчи марта мамлакат Бош вазири номзодини кўриб чиқиш ва тасдиқлашнинг янги тартиби жорий қилинди. Унга мувофиқ, Бош вазир номзоди Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади. Парламент қуйи палатасида кам ўринни эгаллаган сиёсий партиялар парламент мухолифатини шакллантирди. “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши халқ томонидан сайланган парламентнинг ролини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этди. Ушбу ҳужжат Олий Мажлиснинг назорат-таҳлил фаолиятини янги босқичга олиб чиқди.

Муаллиф сиёсий партиялар платформаларини қиёслар экан, уларнинг хилмахиллигини, ёндашув ва қарашларнинг турфалигини, айни пайтда уларнинг демократик қадриятларга содиқликда яқинлигини эътироф этган.

“Аргументы и факты” газетасида эса “Ўзбекистон ўз келажагини белгиламоқда” деб номланган мақола чоп этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига мамлакат мустақиллик йилларида ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуриш йўлида амалга оширилган ислоҳотлар нуқтаи назаридан эътибор қаратилган.

Мақола муаллифининг ёзишича, Ўзбекистонда давлат бошқарувида Президентлик институти асосий ўрин тутади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилганидек, Президент давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритиши ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди. Президент фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафолатидир.

Шу маънода, жорий йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтадиган Президент сайлови мамлакатимиз, халқимиз ҳаётида ғоят муҳим ўрин тутадиган ижтимоий-сиёсий тадбир ҳисобланади. Мамлакатда демократик принципларга тўлиқ мос келадиган сайлов қонунчилиги ва тизими яратилган. Улар адолатлилик, очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик принциплари асосида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига сўзсиз риоя қилиш, сайловчиларга сайловда эркин иштирок этиш учун зарур шарт-шароитлар, Президентликка номзод кўрсатадиган сиёсий партиялар ва номзодларга сайлов кампанияси давомида кенг ва тенг имкониятлар яратишга қаратилган.

Миллий қонунчиликда Марказий сайлов комиссияси раҳбарлигида сайловларнинг қонун талабларига мувофиқ равишда ташкил қилиниши ва ўтказилишини таъминлайдиган ҳамда фақат қонунга бўйсунадиган мустақил сайлов комиссиялари ҳақидаги меъёр мустаҳкамлаб қўйилгани сайлов тизимининг энг муҳим хусусиятидир. Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқаросига унинг сайлов ҳуқуқлари суд йўли билан ҳимоя этилиши, сайлов комиссияларининг, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш имкониятлари кафолатланади. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

Муаллифнинг қайд этишича, жорий йилги сайлов кампаниясининг муҳим жиҳатларидан бири Марказий сайлов комиссияси томонидан Сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича тадбирлар дастури қабул қилинганидир. Ушбу ҳужжатга биноан, сайлов кампаниясини қонун талаблари асосида олиб бориш, шунингдек, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашдек муҳим вазифага нодавлат нотижорат ташкилотлари кенг жалб қилинган.

“Шуни комил ишонч билан қайд этиш мумкинки, Ўзбекистонда мустақиллик йилларида яратилган давлат бошқаруви, демократик институтлар ва миллий қонунчилик тизими самарали ишламоқда ва келажак сари дадил ҳаракат қилишга хизмат қилмоқда”, деб хулоса қилади “АиФ”.

 

Л. АҲМАДЖОНОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn