Ислоҳотларни изчил давом эттириш — барқарор тараққиёт пойдевори
  • 30 Ноябрь 2016

Ислоҳотларни изчил давом эттириш — барқарор тараққиёт пойдевори

Мамлакатимизда қизғин паллага кирган сайловолди ташвиқоти доирасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакиллари жойларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда. Тадбирларда юртдошларимиз номзоднинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттиришга қаратилган Сайловолди дастури асосий йўналишлари билан таништирилаяпти.

Ҳар бир мамлакат тараққиёти жамият ҳаётининг барча жабҳаси равнақи билан узвий боғлиқ бўлиб, уларнинг уйғун ривожланиши ҳисобига муайян марраларга эришилади. Бинобарин, пухта ўйланган сиёсий қарорлар қабул қилмасдан кучли иқтисодиётни барпо этиб бўлмайди, ўз навбатида, кучли иқтисодиётсиз ижтимоий ва гуманитар соҳаларнинг тараққиётига ҳамда одамларнинг маънавий юксалиши учун замин яратиб бўлмайди. Давлатнинг иқтисодий мустақиллигини таъминламасдан, бозор ислоҳотларини изчил чуқурлаштирмасдан, суд ҳокимияти мустақиллигини, сўз ва ахборот эркинлигини таъминламасдан жамият ва давлатни изчил демократлаштириш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш асло мумкин эмас.

Шу нуқтаи назардан қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиямиздан номзод Шавкат Мирзиёевнинг Сайловолди дастурида баён этилган ғоя ва дастурлар ўзининг ҳаётийлиги ҳамда долзарблиги билан ажралиб туради. Дастур номзоднинг бой ҳаётий ва амалий тажрибаси, теран билими асосида ишлаб чиқилган, мамлакатимиз фуқароларини ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишга кенг доирада янгича ёндашувлар илгари сурилган. Аҳамиятлиси, дастурда белгиланган вазифалар сайловчиларда катта қизиқиш уйғотиб, ўзаро мулоқотларда, ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда, қўллаб-қувватланмоқда. Номзод ва унинг ишончли вакилларининг сайловчилар билан учрашувлари кўтаринки кайфиятда ўтаяпти, уларда юртдошларимиз ўзларини қизиқтираётган саволларга батафсил жавоб олишаётир. Энг муҳими, бутун мамлакатимиз бўйлаб кузатилаётган бундай қизиқиш номзод Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар одамларнинг орзу-интилишларига ҳамоҳанглигидан далолат беради.

 

Инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимояси

“Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак”. Биринчи Президентимизнинг бу сўзларида теран маъно мужассам. Ўзини ватанпарвар деб билган, жонажон Ўзбекистонимиз тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшаётган ҳар бир инсон учун бу сўзлар ҳушёрликка даъват, мамлакатимизни янада равнақ топтириш учун дастуриламалдир.

Истиқлол ғояларини изчил, оғишмай давом эттириш ва мустаҳкамлашни ўзининг энг муҳим бурчи, деб билган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёев ўз Сайловолди дастурида миллатлараро дўстлик ва фуқаролараро тотувликни сақлаш, ташқи сиёсатда ўзини оқлаган принциплар ва ёндашувларга тўлиқ амал қилиш муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаган. Мамлакатимиз дунёда кечаётган мураккаб сиёсий жараёнлар шароитида, турли низо ва тўқнашувлар кучайиб бораётган бир пайтда тинчлик ва ўзаро меҳр-оқибатнинг мустаҳкам таянчи бўлиб келмоқда. Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, йигирмага яқин диний конфессия вакиллари ўзаро аҳил-иноқ, тинч-тотув истиқомат қилмоқда. Улар учун Ўзбекистон — умумий уй, ардоқли Ватан. Улар бунёдкор меҳнати, эришаётган муваффақиятлари, тақдири ва келажагини бевосита жонажон юрти билан боғлайди.

Номзод томонидан илгари сурилаётган мақсад ва вазифалар юртимиз хавфсизлигини, тинчлигини ва барқарорлигини таъминлаш ҳамда мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни ҳам кўзда тутади. Зеро, тинчлик ва осойишталик қарор топмаган жойда халқ фаровонлигини таъминлаб бўлмаганидек, қонун устуворлигига эришмай туриб ривожланган ва барқарор жамият барпо этиб бўлмаслиги тайин.

Сайловолди дастурида белгиланганидек, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий вазифаси суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга сўзсиз риоя этишни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоясини, одил судловнинг мустаҳкам кафолатини, одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, ушбу чоралар инсон ва унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари олий қадриятга айланган демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг энг муҳим омили бўлган суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш борасида мамлакатимизда истиқлолнинг илк йилларидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Мазкур ислоҳотлар замирида пировардида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш, уларнинг шахсий дахлсизлик ва одил судловга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, ҳокимият тармоқлари ўртасида мутаносиблик ва барқарор мувозанатга эришиш, жиноий ва маъмурий жазо тизимини изчил эркинлаштириш мақсади мужассамдир.

Партиямиздан кўрсатилган номзод суд-ҳуқуқ соҳасида ҳали-ҳануз кузатилаётган долзарб муаммоларни кўтариб чиқди. Жумладан, судда ишларни кўриб чиқишда йўл қўйилаётган сансалорлик ҳолатлари аниқ кўрсатиб ўтилди. Кейинги йилларда судлар томонидан бирорта ҳам оқлов ҳукми чиқарилмаганини, бундан ташқари, қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлиги, асослангани ва адолатлилигини таъминлаш соҳасида маълум камчиликлар мавжудлигини  қайд этди. Табиийки, бу муаммолар фуқароларнинг ҳақли равишда норозилигини келтириб чиқармоқда. Жорий йилнинг 9 ойида Бош прокуратурага, Олий суд ва Адлия вазирлигига келиб тушган мурожаатларнинг қарийб 30 фоизи бевосита тергов-суд фаолияти ва суд қарорлари ижроси соҳасидаги масалалар билан боғлиқлиги ҳам бунинг яққол далилидир.

Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев томонидан юқорида кўрсатилган муаммоларни ҳал қилишнинг аниқ усуллари, соҳани янада ислоҳ этиш, фуқаролар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кучайтириш ҳамда одил судловни таъминлашнинг пухта ўйланган стратегияси таклиф этилди. Сайловолди дастурида судьяларнинг ваколат муддатларини узайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз даврга тайинлаш таклиф этилмоқда. Бу қадам халқаро стандартларга тўлиқ мос келади ҳамда ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибасига асосланган. Чунончи, АҚШ, Германия, Буюк Британия, Япония каби тараққий этган мамлакатлар амалиётини ўрганиш шуни кўрсатдики, судьяларнинг чинакам мустақиллигига эришиш учун уларни моддий қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш билан бирга, одил судлов фаолияти билан узоқ ва барқарор шуғулланиши учун имконият яратиш лозим.

Шунингдек, судларни янада ихтисослаштириш, фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва хўжалик судларининг ваколатларини қайта кўриб чиқиш йўли билан маъмурий судларни, хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судларини ташкил этиш вазифалари устувор ҳисобланади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг мавқеи ва ролини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Судларнинг мустақиллиги ва уларнинг фаолиятига аралашмасликнинг қўшимча кафолатларини яратиш мақсадида адлия органларининг умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича вазифа ва ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўтказилмоқда.

Фақат қонун асосида адолатли қарорлар қабул қилишга қодир, мустаҳкам ирода, юксак ахлоқий ва касбий фазилатларга эга судьялар корпусини шакллантириш, суд-тергов фаолиятига илғор илмий-техник воситалар ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай чораларни амалга ошириш нафақат суд тизими фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, балки фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини ишончли кафолатлашга хизмат қилади.

Қолаверса, одил судловни кафолатлаш, судьяларнинг ваколатларини янада кенгайтириш, суд қарорларининг узил-кесиллиги ва барқарорлигини таъминлаб, фуқароларнинг судларга бўлган ишончини янада оширишга қаратилган аниқ чоралар таклиф этилди. Вилоят даражасидаги судлар томонидан фуқаролик ва жиноят ишларини назорат тартибида қайта кўриш бўйича бир-бирини такрорловчи инстанциялари тугатилиб, ўз навбатида, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш ваколати бекор қилиниши назарда тутилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ишларни назорат тартибида кўришга оид бир-бирини такрорловчи ваколатлари бекор қилинмоқда. Партиямиздан номзод жиноят ишини қўшимча терговга юбориш амалиёти одил судловнинг моҳиятига мутлақо тўғри келмаслигини, суд ёки оқлов, ёки қоралов ҳукмини узил-кесил чиқариши кераклигини билдирди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод томонидан суд-ҳуқуқ соҳасига доир таклиф этилган ана шу ва бошқа демократик янгиликлар фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари тизимини изчил такомиллаштириш ва мустаҳкамлашга қаратилган. Уларнинг рўёбга чиқарилиши мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, аҳолининг одил судловга ишончини юксалтиришга хизмат қилади.

 

Иқтисодий ривожланиш ва фаровон ҳаётнинг муҳим таянчи 

Шавкат Мирзиёевнинг Сайловолди дастурида иқтисодиёт соҳасидаги чора-тадбирлар алоҳида ўрин эгаллайди. Номзод томонидан макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва сўнгги йилларда эришилган иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий валюта ва ички бозордаги нарх-наво барқарорлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар таклиф этилган. Иқтисодиётимизнинг жаҳон бозоридаги рақобатдошлигини ҳамда инвестициявий жозибадорлигини ошириш, саноатни модернизация ва диверсификация қилиш, қишлоқ хўжалигини ислоҳ этиш масалалари ҳам бу борадаги асосий вазифалар сифатида қайд этилган.

Бундан ташқари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, хусусий мулкни ривожлантириш ва ҳимоя қилиш, соҳадаги барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш чора-тадбирларига устувор аҳамият қаратилган.

Мамлакатимизнинг мустақил тараққиёт тажрибаси ҳамда ривожланган демократик давлатларнинг амалиёти иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатларида, иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва фаровонлигини таъминлашда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликнинг ўрни беқиёс эканидан далолат беради.

Бугунги кунда мамлакатимизда иш билан банд аҳолининг 78 фоизга яқини айнан шу соҳада меҳнат қилмоқда, корхоналарнинг 90 фоиздан ортиғи хусусий ва корпоратив мулкчиликда фаолият юритаяпти, уларда саноат маҳсулотларининг 80 фоиздан ортиғи -ишлаб чиқарилаётир. Қишлоқ хўжалиги соҳасида тайёрланаётган маҳсулотлар, улгуржи ва чакана товар айирбошлашнинг жами ҳажми ва кўрсатилаётган хизматларнинг барчаси нодавлат ва хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар минг кишига қарийб 11,1 кичик бизнес субъекти тўғри келмоқда. Ушбу кўрсаткич МДҲ мамлакатларига нисбатан анча юқори ҳисобланади. Охирги ўн йилда аҳолининг тадбиркорлик фаолиятидан реал даромадлари барча манбадан келувчи даромадларнинг 50 фоизидан ортди.

Таҳлиллардан аён бўлишича, кичик бизнес субъектлари миллий иқтисодиётимизнинг ажралмас бўғинига, кўплаб иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ҳал қилиш, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, одамлар фаровонлигини оширишнинг локомотивига айланди. Хусусий тадбиркорлар мулкдорлар, яъни ўрта синфи сифатида мамлакатни модернизация қилиш ва янгилаш, жамиятнинг барқарор тараққиётини таъминлашнинг мустаҳкам таянчи саналади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қулай бизнес муҳитини шакллантириш нафақат миллий иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда унинг рақобатдошлигини оширишга, балки, энг аввало, аҳоли турмуш даражасини янада юксалтиришга қаратилган. Шу сабабли партиямиздан номзод Шавкат Мирзиёев қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини шакллантириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликка имтиёз ва -преференциялар бериш, соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарликни либераллаштиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чораларга урғу бермоқда.

Сайловолди дастурида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, улар фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, тадбиркорлик фаолиятини назорат қилиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқишга доир таклифлар илгари сурилган. Маълумки, кўплаб корхоналар банк кредитлари эвазига ривожланиб, кенг қулоч ёймоқда. Шу сабабли Шавкат Мирзиёев кичик бизнес субъектларини кредитлаш билан боғлиқ қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ташаббуси билан чиқмоқда. Сўнгги ўн йилда хусусий секторга кредитлар ажратиш суръатларининг ўртача йиллик ўсиши 30 фоизни ташкил этди, аниқроғи, 29 карра ортди, микрокредитлар ажратиш кўрсаткичлари эса 56 баробар ўсди. Бу жараён келгусида сифат жиҳатидан янги босқичда давом эттирилади.

Номзодимизнинг фикрича, тадбиркорларни суд йўли билан ҳимоя қилишни кучайтириш ва уларнинг жавобгарлигини либераллаштириш, айни пайтда хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашгани учун мансабдор шахсларнинг масъулиятини кучайтириш орқалигина ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётнинг жадал ривожланишига эришиш мумкин. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.

Шунингдек, Сайловолди дастурида солиқ бошқаруви ва банк фаолиятида замонавий тартибга солиш механизмларини жорий этиш, қолаверса, рухсат беришга оид ҳужжатлар ва лицензиялар бериш тартиб-таомилларини соддалаштиришга доир аниқ чора-тадбирлар таклиф этилмоқда. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилини мустаҳкамлаш ҳамда сўзсиз амалга оширилишини таъминлаш, мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш кўзда тутилган. Уларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиши оқибатида етказилган зарарни ундириш механизмлари таъминланади. Бу ишбилармонларга ўз бизнесини самарали юритиш ва иқтисодиётга муносиб ҳисса қўшиш имконини беради. Албатта, текширувлар сонининг қисқариши тадбиркорларнинг вақти ва маблағларини иқтисод қилади. Бинобарин, бугунги замонавий тадбиркор учун ҳар кун ва ҳар дақиқа қадрли.

Тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишни янада такомиллаштириш мақсадида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”, “Давлат харидлари тўғрисида”, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда бошқа қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш таклифи илгари сурилди. Ушбу қонунлар коррупция тусидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишга қаратилган чораларни такомиллаштириш ҳамда қонунлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтиришга йўналтирилган. Олдинлари тадбиркор зарур масалаларни ҳал этиш учун турли органлар эшигида сарсон бўларди, баъзан фаолиятини вақтинча тўхтатган бўлса, қонунчиликка киритиладиган янгиликлар бундай ҳолатларга чек қўйиш имконини беради.

Хусусий сектор вакилларининг айтишича, тадбиркорлик субъектларига нисбатан ишбилармонлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўллашнинг бекор қилиниши тадбиркорлар учун қўшимча рағбат, ўз ишини нотўғри юритган, буни англаб етган ҳамда етказилган зарарни қоплаган ишбилармонлар учун эса керакли сабоқ чиқариш, аввалги хатоларни инобатга олган ҳолда фаолиятини янгидан бошлаш учун яна бир имконият бўлиб хизмат қилади. Давлат томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор ва кўмакка бизнес вакиллари, албатта, муносиб жавоб қайтаради. Ташаббускор ва ишига масъулият билан ёндашувчи ишбилармонлар буни чуқур англаб, Ватанимиз иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш йўлида астойдил меҳнат қилишга тайёрлигини билдиришмоқда.

Умуман, Сайловолди дастурида назарда тутилган чора-тадбирларнинг рўёбга чиқарилиши мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни яхшилаш, суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, пировардида мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти, -халқимиз фаровонлигининг юксалишига олиб келади.

 

Ёш оилалар ўз уйларида бахтли яшайди

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярми, яъни 16 миллион одам қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Ҳар йили қишлоқларда 160 мингдан ортиқ ёш оила қурилади, табиийки, уларнинг аксарияти уй-жойга эҳтиёж сезади.

Кўплаб ривожланган мамлакатларда фуқароларнинг аксарияти ўз уйига эга бўлмай, ижарада туришни маъқул кўрса, мамлакатимиз аҳолиси, асосан, ўз уй-жойига эга бўлиш, унда оиласи билан бахтли ҳаёт кечириш, фарзандларини замонавий андозалар асосида барпо этилган, барча шарт-шароитга эга уйда тарбия қилишга интилади. Одамларимиз ўз уйига эга бўлишни фаровон ва барқарор турмушнинг муҳим омили, деб билади.

Мазкур масаланинг долзарблигини ҳисобга олган ҳолда, кейинги йилларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриш, қишлоқда муҳандислик, коммуникациялар, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини яратиш борасида кенг миқёсли ишлар олиб борилди. Тегишли дастур амалиётга йўналтирилганидан буён қишлоқ жойларда 69 минг 557 та тураржой бунёд этилиб, ўтган етти йил давомида бу мақсадларга мамлакатимиз тижорат банклари томонидан 4,3 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Шу билан бир қаторда, ушбу эзгу ишларга халқаро молиявий институтларнинг кредит линиялари жалб этилди. Юқорида келтирилган рақамлар ортида ўз уйига эга бўлган бахтли ота-оналар ва фарзандлар, уй-жой шароитларини яхшилаб олган ўн минглаб оилалар турганини англаш қийин эмас.

Айни пайтда ушбу соҳани ўрганиш аҳолининг реал эҳтиёжлари ва харид қобилиятини, шунингдек, миллий менталитетни ва қишлоқ жойларда яшаш шароитларининг хусусиятларини тўлиқ ҳисобга олиб қурилиш самарадорлигини оширишга йўналтирилган принципиал жиҳатдан янги ёндашувларни ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатди. Қишлоқ аҳолисининг замонавий ва арзон уй-жойга эҳтиёжи тобора ортиб бораётгани уй-жой қурилиши учун имтиёзли кредитлар беришнинг янада қулай шартларини жорий этиш, энергияни тежайдиган материаллар ва асбоб-ускуналарнинг янги турларидан фойдаланишни кенгайтириш, шунингдек, уйларнинг таннархини пасайтиришни тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз Сайловолди дастурида беш йилга мўлжалланган, тўрт хил янги намунадаги, қулай ва арзон уй-жойларни барпо этишга қаратилган Қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурини амалга оширишнинг аниқ йўналишларини баён қилди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда уй қурувчиларнинг якка тартибдаги уй-жой барпо этиш учун бошланғич бадали 25 фоизни ташкил этаётган бўлса, дастурга мувофиқ, бадал миқдори 15 фоизгача камайтирилади. Шу билан бирга, уй қурувчиларга 3 йиллик имтиёзли давр ва биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдоридаги ставкаси билан 15 йил муддатга ипотека кредитлари берилади. Бундан кейинги даврда кредитнинг фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайди.

Дастурда кўзда тутилган ипотека кредитларига доир енгилликлар ёш оилаларга уй-жой харид қилишни ортга сурмасдан ўз уйига эга бўлиши ҳамда кредит тўловларини қийинчиликсиз амалга ошириши, қисқача айтганда, муносиб турмуш кечиришини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Дастурда асосий эътибор уй-жойнинг айнан арзонлигига қаратилган, бу эса фуқароларимизга ушбу афзалликдан фойдаланиши учун кенг йўл очади.

Барпо этилаётган намунавий уйларнинг нархи ниманинг ҳисобидан пасайтирилиши ҳам пухта ўйланган. Бунинг учун асосий қурилиш материаллари ва буюмларга қурилиш-пудрат ташкилотларининг харажатлари мақбуллаштирилади, уй қурувчиларига солиқ, божхона имтиёзлари ва бошқа имтиёзлар тақдим этилади. Дастурни амалга оширишнинг биринчи босқичидаёқ, яъни 2017 йилда эҳтиёжманд оилалар учун бошланғич тўлов ҳажми икки баробар камайтирилиб, тўрт хил янги намунадаги, қулай ва арзон, бир ва икки қаватли 15 мингта замонавий уй-жой барпо этиш мўлжалланмоқда. Ушбу чоралар нафақат қишлоқлардаги арзон уй-жой фонди билан боғлиқ мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, балки қурилиш соҳасининг барқарор суръатларда ривожланишига хизмат қилиши инобатга олинса, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод томонидан таклиф этилаётган ушбу дастур ғоятда муҳим эканига ишончимиз ортади.

Шу ўринда иқтисодиёти ривожланган мамлакатлар тажрибасига эътибор қаратсак, уй-жой қурилишига йўналтирилаётган инвестициялар жами сармоялар ҳажмининг 20 — 40 фоизини ташкил этади. Уй-жой ва инфратузилма барпо этиш ишлари иқтисодиётни тиклаш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида тан олинган. Масалан, ўтган асрнинг 30-йилларида АҚШда кечган Буюк депрессия даврида кенг миқёсда якка тартибдаги уй-жойлар қуришга кредитлар ажратиш сиёсати иқтисодий ўсишни қайта тиклашда ҳал қилувчи роль ўйнаган. Миллий иқтисодиётни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида шунга ўхшаш чора ҳамда дастурлар Германия, Буюк Британия ва бошқа давлатларда ҳам қабул қилинган.

Миллий тажрибамиз ҳам уй-жой қурилиши коммунал ва ижтимоий соҳа, транспорт ва коммуникация тармоқлари, замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг ҳамда аҳоли бандлиги масаласини самарали ҳал этишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилаётганини кўрсатмоқда.

Кейинги йилларда мамлакатимизда қурилиш материаллари саноатини ривожлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар натижасида қурилиш соҳасининг илғор технологиялари асосида халқаро стандартларга жавоб берувчи замонавий қурилиш ва пардоз материалларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди, айни пайтда уларнинг экспорти йўлга қўйилди.

Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Сайловолди дастурида 2017 — 2020 йилларда шаҳарларда 945 та кўп қаватли уйлар қуриш дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Дастурга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳри ҳамда йирик шаҳарларда 50 мингга яқин оилалар учун кўп қаватли арзон уйлар қурилади. Янги уйларнинг қурилиши дастурда кўзда тутилган бошқа чоралар, яъни шаҳар ва қишлоқларда барпо этилаётган янги мавзеларда тегишли инфратузилмани яратиш, жумладан, йўл-транспорт тармоқларини барпо этиш, сув тармоқларини модернизация қилиш, энергия таъминотини яхшилаш билан биргаликда фуқароларимиз турмуш шароитларини салмоқли даражада яхшилаш имконини беради.

 

Аҳоли фаровонлиги — устувор вазифа

Халқаро ҳамжамиятда “ўзбек модели” сифатида эътироф этилган мамлакатимиз тараққиёт йўлининг беш тамойилидан бири кучли ижтимоий сиёсат юритишни назарда тутади. Юртимизда ушбу тамойилнинг изчил рўёбга чиқарилиши натижасида Давлат бюджети маблағларининг 60 фоизга яқини ижтимоий соҳага сарфланмоқда.

Шу маънода, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев Сайловолди дастурида долзарб ижтимоий масалаларни ҳал қилишга қаратилган 15 та мақсадли дастур ишлаб чиқиш вазифаси илгари сурилгани, қолаверса, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш биринчи даражали вазифалар қаторига киритилгани жуда аҳамиятлидир.

Маълумки, жойларда айрим ота-оналар мактабгача таълим муассасалари билан боғлиқ муаммоларга дуч келишмоқда. Боғчалардаги гуруҳларда болалар сони белгиланган меъёрдан ортиқ бўлиши кузатилмоқда. Номзодимиз томонидан мазкур муаммони ҳал қилиш ҳамда мактабгача таълим тизимини мустаҳкамлаш мақсадида аниқ чора-тадбирлар таклиф этилаяпти. Хусусан, янги ва замонавий боғчаларни қуриш, мавжудларини тўлиқ таъмирлаш орқали болаларимиз учун яна бир миллиондан ортиқ ўрин ташкил этилади.

Номзод олий таълим тизимида янада туб ислоҳотлар амалга оширишни таклиф этмоқда. Бу борада замон олдимизга кўплаб долзарб ва қатъий талабларни қўймоқда: олий таълим даргоҳларимизнинг битирувчилари муҳим вазифаларни самарали ҳал этишга қодирми? Улар етакчилик, ташаббускорлик фазилатларига эгами? Эртага яхши раҳбар бўла оладими? Мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпи ёшлар эканини инобатга олсак, бу борадаги сиёсат, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касбларни пухта эгаллаган баркамол авлодни тарбиялаш ишлари “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида қатъий давом эттирилади.

Нуроний отахон ва онахонларимизни эъзозлаш, уларга ғамхўрлик қилиш — дастурнинг муҳим йўналишларидан. Кексаларимиз ва фахрийларимиз ҳаёт сифатини яхшилаш мақсадида уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, дам олиши учун қулай шароитлар -яратиш ишлари янада кучайтирилади. Муҳтарама аёлларимизга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш ишлари ҳам янги босқичга кўтарилади, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини кучайтириш, турли соҳаларда салоҳиятини намоён этиши учун имкониятлар яратиш ишлари кенгайтирилади.

Шу билан бир қаторда, ёши улуғ инсонлар, ёлғиз кексалар ва имконияти чекланган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш режалаштирилган. Соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этиш давом эттирилади. Қишлоқ врачлик пунктлари, тез ёрдам станциялари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва хусусий тиббиёт муассасаларининг фаолияти такомиллаштирилади. Айни пайтда тиббиёт ходимлари томонидан беморларга қиммат дориларни асоссиз равишда тайинлашга, бунинг устига, дорихона тармоқларида дориларга бесабаб устама қўйилишига йўл қўймайдиган энг қатъий чоралар кўрилмоқда. Энг зарур дори воситаларини давлат дорихоналарида белгиланган нархларда харид қилиш мумкин бўлади. Айни пайтда хусусий дорихоналарда импорт қилинган ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори воситаларининг нархига қўйиладиган устама чекланади.

Таъкидлаш жоизки, партиямиз номзоди томонидан таклиф этилган турли тармоқларни ривожлантиришга доир комплекс дастурлар соҳалардаги аҳволни ҳамда фуқароларнинг Бош вазир виртуал қабулхонасига келган шикоят, фикр ва таклифларини чуқур ўрганиш асосида ишлаб чиқилган.

Виртуал қабулхона ташаббуси қисқа муддат ичида давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг энг таъсирчан ўзаро мулоқот воситасига айланди. Ушбу портал жамиятимизда тартиб ва адолат ўрнатиш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Одамлар ўз шикоятлари, аризалари, таклиф ва истаклари билан бевосита Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди.

Виртуал қабулхонага келаётган ҳар бир мурожаат қатъий назоратга олиниб, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилмоқда. Номзоднинг Сайловолди дастурида ҳар бир туман ва шаҳарда, барча вилоятда бундай қабулхоналарни Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Халқ қабулхоналари” сифатида ташкил этиш лозимлиги таъкидланган. Партия вакиллари фуқароларнинг ёзма ва оғзаки мурожаатларини, одамларни қийнаётган муаммоларни жойида ўрганиб, ҳал этиш билан мунтазам шуғулланади. Президентликка номзоднинг фикрича, бу муҳим ишларнинг тўғри йўлга қўйилиши партиямизнинг аҳоли ва сайловчилар ўртасидаги обрў-эътибори янада ошишига хизмат қилади. Энг асосийси, бундан эл-юртимизга наф бўлади, халқимиз барчамиздан ва давлатдан рози бўлади.

 

Дилшод ШОУМАРОВ,

ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn