Шифобахш неъмат янада кўпаяди
  • 26 Ноябрь 2016

Шифобахш неъмат янада кўпаяди

Асални суйиб истеъмол қилмайдиган киши бўлмаса керак. Сабаби, у нафақат тўйимли озуқа, балки шифобахш неъмат ҳамдир. Мутахассисларнинг айтишича, инсон организми учун фойдали микроэлементларнинг 70 фоиздан ортиғи асал таркибида мавжуд. Шу маънода, асаларичилик ривожи нафақат иқтисодий юксалиш, балки аҳолининг энг муҳим бойлиги бўлган соғлиғини сақлаш ва янада уни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Халқимиз боларини “Етти хазинанинг бири, оила табиби”, дейишининг боиси ҳам шунда!

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг ушбу тармоғини ривожлантириш учун табиий имкониятлар ниҳоятда катта. Кейинги йилларда ана шу қулай шарт-шароитдан оқилона фойдаланиш, тармоқни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқиш, маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, ҳозирги кунда рўйхатга олинган асаларичилик субъектлари сони салкам 12 мингтага етди. Улар томонидан 567 мингдан ортиқ асалари оилалари парваришланиб, қарийб 13 минг тонна бол ишлаб чиқарилмоқда. 

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан асаларичиликни ривожлантириш, тармоқ корхоналарини экспорт фаолиятига кенг жалб этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган давра суҳбатида ана шулар ҳақида сўз юритилди. 

Таъкидланганидек, соҳа истиқболига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли нафақат асаларичилик, балки у билан боғлиқ бўлган бошқа йўналишлар ҳам тараққий этмоқда. Бугунги кунда зарур жиҳоз ва ускуналарнинг деярли барчасини ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани бунга мисол бўла олади. Аммо ҳозирги натижалар мавжуд имконият даражасида эмаслиги, маҳсулот етиштириш ва экспорт ҳажмини бир неча баробар ошириш мумкинлиги тармоқ вакилларини янада ташаббускор бўлиш, истиқболли лойиҳаларни амалиётга изчил жорий этишни тақозо қилаётир. 

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар қайд этганидек, асаларичилик субъектлари, асосан, уч йўналишда, яъни асал етиштириш, экинларни чанглатиш ва наслчиликка ихтисослаштирилади. Масалага ана шу жиҳатдан ёндашилганда, ҳали олдинда қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина эканлиги ойдинлашади. Мисол учун, болари ёрдамида чанглатилган боғ ва экин майдонларида ҳосилдорлик 2,5-3 центнерга ошиши тажрибада ўз исботини топган. Шу боис дунёнинг кўплаб давлатларида ушбу усул кенг йўлга қўйилган бўлиб, тармоқдан олинадиган даромаднинг асосий қисми шунинг ҳиссасига тўғри келади. 

Тадбирда қатнашган тегишли вазирликлар ҳамда идоралар вакиллари, соҳа мутахассислари, тармоқда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан асал ва асал маҳсулотларини сифатли қадоқлаш, уни бренд даражасига олиб чиқиш, ишбилармонларга экспорт қилишда ташкилий ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан кўмак бериш, шунингдек, хорижий ҳамкорлар топиш, соҳага инвестициялар жалб этишни кўпайтириш масалалари муҳокама қилиниб, ўзаро фикр алмашилди. 

 

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn