Навқирон авлод камолоти — энг эзгу мақсад
  • 25 Ноябрь 2016

Навқирон авлод камолоти — энг эзгу мақсад

Болажон халқмиз. Шу боис доимо фарзандларимиз камолини ўйлаб иш тутамиз. Уларни билимли, тарбияли ва соғлом, қисқача айтганда, ҳар томонлама етук қилиб вояга етказиш йўлида зарур  шарт-шароитларни яратиб беришга интиламиз.

Қувонарлиси шундаки, бу борадаги ишлар давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бар-камол авлод вакилларининг ўқиб-ўрганиши, ўзлари ёқтирган спорт турлари билан мунтазам шуғулланиши ёки касб-ҳунарни пухта ўзлаштиришига қаратилган хайрли юмушлар кўлами ҳамда миқёси йил сайин кенгаймоқда. Буни, айниқса, жорий йилда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида ҳаётга татбиқ қилинаётган лойиҳалар мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.

Гап шундаки, шу йилнинг ўтган уч чорагида мазкур дастурга биноан, 236 умумтаълим мактаби, 2 академик лицей, 21 касб-ҳунар коллежи, 15 мусиқа ва санъат мактаби, 232 болалар спорти иншооти барпо этилди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, мустаҳкам, соғлом ҳамда аҳил оилани шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш чора-тадбирлари кўрилиб, уларни молиялаштириш учун барча манба ҳисобидан 6,8 триллион сўмдан ортиқ ҳамда 150 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилди. Буларнинг барчаси эртамиз эгалари ҳеч кимдан кам бўлмасдан вояга етишини таъминлашга қаратилганини яна бир бор тасдиқлайди, албатта.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда мамлакатимизда болаларга мўлжалланган кийим-кечаклар, пойабзал ва гигиена воситалари ишлаб чиқарувчи субъектлар сони ҳам тобора кўпаймоқда. Пойтахтимизда ўтказилаётган “Болалик дунёси — Kinder Expo Uzbekistan — 2016” 

V Халқаро кўргазмасида улар ўз маҳсулот ҳамда хизматларини кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш имкониятига эга бўлишди. Тадбирда маҳаллий корхоналар қаторида Германия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Корея, Россия, Франция каби давлатларнинг 45 дан зиёд компаниялари вакиллари ҳам иштирок этаётир.

“Ўзэкспомарказ” мажмуи ҳамда “Expo Pozition” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган кўргазмани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад болалар ва -оналар учун кўрсатилаётган хизматларни таништириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда хорижий ишбилармонлар билан алоқаларни янада ривожлантиришдан иборатдир. Бу ерда чақалоқлар ва болалар учун мўлжалланган турли либослар, пойабзаллар, китоблар, шунингдек, бошқа маҳсулотлар намойиш қилинаяпти.

— Корхонамиз, асосан, автомобиль ва қурилиш бўёқлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган бўлиб, ўтган йили қўшимча тармоқ — спорт оёқ кийимлари тайёрлашни йўлга қўйдик,  — дейди Андижон вилоятидаги “UzDongju Paint”  Ўзбекистон — Жанубий Корея қўшма корхонаси менежери Одилжон ўозиев. — Бу қарорга ўз-ўзидан келингани йўқ, албатта. Бунинг учун, аввало, ички бозорни чуқур ўргандик. Қолаверса, ушбу кўргазмада бир неча маротаба қатнашиб, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйдик. 

Айни пайтда 100 нафардан зиёд кишилар меҳнат қилаётган янги цехимизда йилига 80 минг жуфт спорт пойабзали тайёрланиб, аҳоли ва савдо дўконларига етказиб берилаяпти.  Яна бир диққатга сазовор жиҳати, жорий йилда Маҳаллийлаштириш дастури асосида енгил оёқ кийимлари ишлаб чиқаришни ҳам ўзлаштирдик. Демоқчиманки, бу каби тадбирлар биз, ишбилармонларга ана шундай истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга туртки бераётгани билан аҳамиятлидир. 

Халқаро кўргазма доирасида болалар учун турли анжуманлар, модалар намойиши уюштирилиб, китоблар, таълим муассасалари, даврий нашрлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилаяпти. 

Шунингдек, “Ўзэкспомарказ” мажмуида гуллар ва ландшафт дизайни — “Flora Expo Tashkent — 2016” ҳудудий кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда ландшафт дизайни, гул етиштириш ҳамда сотиш билан шуғулланувчи кўплаб корхоналар, ўсимликшунослик илмий ташкилотлари, тадбиркорлар қатнашди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Бахтиёр АКРАМОВ ва

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn