Муваффақиятларимизнинг мустаҳкам пойдевори
  • 23 Ноябрь 2016

Муваффақиятларимизнинг мустаҳкам пойдевори

“Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди”.
(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасидан).

Хусусий мулк — бозор муносабатларининг муҳим омили. Шу боис Асосий Қонунимизда мулкдор унга ўз хоҳишича эгалик қилиши, фойдаланиши ва тасарруф этиши, бинобарин, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги кафолатлаб қўйилган.
Бизнинг тадбиркорлик субъектимиз ана шу имкониятдан келиб чиқиб, ташкил этилган. Аниқроғи, бундан ўн йил аввал иқтисодий ночор ҳолатга тушиб қолган корхона биносини сотиб олиб, унинг негизида ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эдик.
Мулкдорлик ҳисси кишини янгидан-янги мақсадлар сари етаклар экан. Ўтган даврда мамлакатимизда хусусий сектор вакилларига давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлардан фойдаланиб, ўз фаолиятимизни кенгайтиришга эришдик. Кўплаб истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқардик. Бунинг самараси қисқа даврда қўлга киритган муваффақиятларимизда ўз аксини топмоқда. Хусусан, ҳозир жамоамизда 100 нафарга яқин киши меҳнат қилаяпти. Дастлаб тижорат банки томонидан ажратилган 300 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағидан фойдаланиб, Хитой давлатидан тўқув ва тикув даст-гоҳларини харид қилдик. Шундан сўнг босқичма-босқич модернизациялаш тадбирлари давом эттирилди. Илғор технологиялар ишимизга унум бағишлаётир. Улар шарофати билан ойига 25 — 30 миллион сўмлик тикувчилик маҳсулотлари тайёрлаб, харидорларга етказиб бераяпмиз.
Албатта, энг сўнгги русумдаги ускуналарни бошқариш мутахассислардан катта билим ва маҳорат талаб этади. Қувонарлиси, бу борада ҳеч қандай қийинчиликларга дуч келаётганимиз йўқ. Масалан, биргина шу йилнинг ёзида Бойсун маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежини битирган ёшлардан 10 нафарини жамоамиз сафига қабул қилдик. Улар тажрибали тикувчилардан касб сирларини пухта ўзлаштириб олишди.
Бугун буюртмаларимиз сони кўп. Яқинда маҳсулотларимизни экспорт қила бошладик. Улар орасида, айниқса, момиқ сочиқлар ҳамда сурп матосига талаб юқори. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириб, туманимиз марказида кийим-кечакларни кимёвий усулда тозалаш ҳамда газламаларни бўяш цехларини ишга туширмоқчимиз.
Инсон қадр топган жойда азиз, дейдилар.  Мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳам, энг аввало, ана шу устувор мақсад рўёбига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бунинг учун эса Асосий Қонунимиз мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаверади.


Неъмат АБДУЛЛАЕВ,
Бойсун туманидаги
«Умид» кичик корхонаси раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn