Ғурур ва ифтихоримиз рамзи
  • 18 Ноябрь 2016

Ғурур ва ифтихоримиз рамзи

Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга.

(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 5-моддаси).

Мамлакат ва жамият тараққиёти ҳамда унинг барқарорлигида давлат рамзларининг алоҳида ўрни бор. Шу маънода, миллий байроғимиз давлат ва жамият ҳаёти, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ҳамда ролини кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ҳар биримиз учун ифтихор тимсоли ҳисобланади. 

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов “Миллий тимсоллар ва рамзларнинг ҳар бири... миллий ғуруримизни юксалтиришга хизмат қилади. Уларнинг ҳар бири — катта бир дарслик, кучли тарбия воситасидир”, дея таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, Ватан рамзлари доимо шу қадар улуғ ва муқаддас саналганки, унинг учун одамлар жонларини фидо қилганлар. У кишиларни якдилликка, муштарак мақсад йўлида бирлашишга чорлаган. Зеро, миллий рамзлар ор-номус, шон-шараф саналган. Бунга тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Соҳибқирон Амир Темур ҳам ғолиблик байроғини юксак кўтарди. Бу байроқ остида буюк эл бирлашди, у бунёд этган улуғ салтанатни дунё тан олди. 

“Темур тузуклари”да қайд этилишича, ёв устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб ғалаба қозонган амирлар ҳамда сипоҳийларга давлат тимсоллари — туғ ва ноғора инъом қилинган. Бу эса салтанат рамзлари нечоғли баланд мақом тутганидан далолат беради. 

Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ҳисобланган. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган Ватаннинг ёрқин тимсолидир. Ўзбекистонимиз истиқлолга эришгач, энг аввало, давлатимиз рамзлари тасдиқланди. 1991 йил 18 ноябрь халқимиз ёдида ўчмас ва қутлуғ саналардан бири бўлиб қолди. Шу куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонуннинг 2 — 3-моддаларида  байроғимиз Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзи эканлиги, халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлиши белгилаб қўйилди.  

2010 йилнинг 24 декабрида “Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари ҳақидаги айрим қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди. Ушбу Қонунга биноан, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонунлар ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қатор ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди. Уларга асосан, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддаси тўртинчи қисмидаги “Янги ой ва юлдузларнинг” деган сўзлар “Оқ рангли янги ой ва ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдузларнинг” деган сўзлар билан алмаштирилди. Бу эса байроғимиз тасвири ҳақидаги тасаввурни янада аниқлаштирди. Маълумки, янги ой — мустақиллигимизни, ўн икки юлдуз беғуборлик, донишмандлик ифодаси сифатида муқаддас Ватанимизда яшаётган инсонлар ҳамиша комилликка интилиши ва саодатга элтувчи йўлни танлашини билдиради. Бу -жараён бевосита ҳамда билвосита оқ ранг тимсолидаги тинчлик, покликка дахлдордир. Байроғимиздаги оқ ранг тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва осмон ёриткичлари билан уйғунлашиб кетган. Оқ ранг — поклик, эзгулик, тоза ният, софликнинг тимсоли. -Байроқдаги мовий ранг тириклик тимсоли, яхшилик, ҳалоллик, шон-шуҳрат, садоқатни билдиради. Яшиллик яшариш, янгиланиш рамзидир. У она табиатимиз, ёш мустақил давлатимиз ва аҳолининг аксариятини ташкил этган ёшлар мамлакати ҳисобланган юртимиз тимсоли. Қизил чизиқлар эса томиримизда жўшиб оқаётган аждодлар қони — ҳаётий қудрат, барқарорлик ва бардавомлик нишонасидир.  Миллий байроғимиздаги янги ой, юлдузлар, мовий, оқ, яшил ранглар, қизил ҳошия чизиқлар халқимиз ғурури ва келажакка бўлган ишончининг ёрқин ифодаси ҳисобланади. 

Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилар Ўзбекистон Республикаси Фуқаро ҳаво кемалари давлат реестри ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳаво кемалари -давлат реестрига киритилган ҳаво кемаларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Авиация маъмурияти ҳисобида турувчи экспериментал ҳаво кемаларига, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда автомототранспорт воситалари ва улар тиркамаларининг давлат рўйхатидан ўтказиш рақам белгиларига ҳамда Ўзбекистон -Республикасининг асосий чегара белгисига қўйилади. Давлат байроғи тасвири туширилган белгилардан Ўзбекистон Республикасига тегишлиликни белгилаш мақсадида предметлар, ўқув-тарбия жараёни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларининг элементи сифатида фойдаланилиши мумкин.

Таъкидлаш лозимки, байроғимиз республикамиз дунёда халқаро ҳамжамиятнинг тенглар ичра тенг аъзоси эканлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради. У бизнинг ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ҳамда асло кам бўлмаслигимизни яққол намоён этади. Шу нуқтаи назардан қараганда, байроғимизни эъзозлаш фуқароларда ўзининг қадр-қимматига, ўз мамлакатига ва шахсига бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.

Бугун миллий байроғимиз давлат идора ҳамда муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Турли байрам тантаналари, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирлар, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда. Масалан, жорий йилда Бразилияда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушдик, ёшларимизнинг ҳеч кимдан кам эмаслигидан ғурурландик. 

Давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ -келажагимизга бўлган ишончимиз тимсоли сифатида доимо баланд ҳилпирайверсин. 

 

Зокиржон САИДБОБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси  Олий ва ўрта махсус таълим  вазирлиги ҳузуридаги 

Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича  Мувофиқлаштирувчи методик маркази директори.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn