Ҳарбий қисмларда овоз беришга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда
  • 18 Ноябрь 2016

Ҳарбий қисмларда овоз беришга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда

Республикамизда Президент сайловига тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда ҳам овоз беришни қонун талаблари асосида ҳамда юксак савияда ташкил этиш, ҳарбий соҳа вакилларининг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилаяпти.

Мудофаа вазирлигининг давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бўлими бошлиғи, подполковник Мақсуд АБИЛОВ бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди.

— Маълумки, мамлакатимизнинг сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларида Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга эканлиги кафолатланган, — дейди М. Абилов. — Сайловчилар қаерда бўлишларидан қатъи назар, уларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида бевосита қатнашиш ҳуқуқи таъминланади. Шу боис “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасида сайлов участкалари ҳарбий қисмларда ҳам тузилиши ва қисмлар жойлашган ердаги сайлов округларига кириши белгилаб қўйилган. Бундай қоида ҳарбий хизматчилар фаолиятининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, уларга бевосита хизмат жойида овоз бериш имкониятини яратади.

Қонунга биноан, ҳарбий қисмларда сайлов участкалари ҳарбий қисмлар ёки ҳарбий қўшилмалар командирларининг тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилади. Ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчи-сайловчиларнинг, шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг мазкур ҳарбий шаҳарча ҳудудида яшовчи оила аъзолари ва бошқа сайловчиларнинг рўйхати ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этадиган маълумотлар асосида тузилади. Ҳарбий қисмлардан ташқарида яшовчи ҳарбий хизматчилар истиқомат жойидаги сайловчиларнинг рўйхатига умумий асосларда киритилади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, сайлов участкалари камида 20 нафар ва кўпи билан 3000 нафар сайловчидан иборат этиб тузилади, деган қоидадан келиб чиқиб, Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ҳамда муассасаларида сайловчилар сонидан келиб чиққан ҳолда жами 107 та сайлов участкаси тузилди ва қонунда белгиланган муддатларда участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланди. Участка сайлов комиссиялари таркибига пухта сиёсий билимга эга, сайлов қонунчилигидан яхши хабардор бўлган ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучлар хизматчилари жалб этилган. Участка сайлов -комиссиялари аъзолари ўртасида вазифалар тақсимланиб, иш режалари белгилаб чиқилган.

Сайлов участкаларида овоз бериш учун барча шароит ва қулайлик яратилган. Жумладан, улар давлат рамзлари, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, мебеллар, овоз бериш кабиналари билан жиҳозланган. Шунингдек, етарли миқдорда ҳуқуқий адабиётлар, сайлов қонунчилигига оид маълумотлар, сайловчилар ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс этган тарғибот воситалари билан таъминланган.

Ҳозирги кунда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига ўз сайлов ҳуқуқларидан фойдаланишлари учун зарур шароитларни яратиш ҳарбий қисм -командирлари ҳамда муассасалар бошлиқлари, тизимдаги барча масъул шахсларнинг асосий вазифаларидан бирига айланган. Хусусан, участка сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳуқуқий билим ва амалий кўникмаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳозирга қадар участка сайлов комиссиялари ишини ташкил этиш, участка сайлов комиссиясининг ваколатлари, сайловчиларнинг рўйхати ҳамда уни тузиш тартиби каби масалаларга бағишланган 450 дан ортиқ услубий семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди.

Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 7 октябрда қабул қилинган қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастури асосида ҳарбий қисмлардаги сайловчиларнинг сиёсий билим ва ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шу пайтга қадар бу борада 650 га яқин учрашув, анжуман ва бошқа турли тарғибот тадбирлари -ташкил этилди. Уларда Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари томонидан истиқлол йилларида мамлакатимизда умумэътироф этилган халқаро демократик тамойилларга мос бўлган миллий сайлов тизими шакллантирилгани, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек, сайлов масалаларини тартибга соладиган бошқа қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти хусусида атрофлича маълумотлар берилаяпти.

“Сайловчилар рўйхатида бормисиз?”, “Мен шахсан ўзим овоз бераман”, “Менинг овозим Ватан келажагига дахлдор” мавзуларида ўтказилаётган суҳбатлар, ҳуқуқий тарғибот тадбирларида ҳарбий хизматчилар сайловга оид сўнгги янгиликлар билан таништирилаётир, улар ҳам барча фуқаролар сингари сайловолди кампаниясида ва овоз беришда ихтиёрий равишда қатнашиши кафолатлангани таъкидланмоқда. 

Вазирлигимиз нашри — “Ватанпарвар” газетаси саҳифаларида махсус рукнлар ташкил этилиб, мамлакатимиз фуқаролари, хусусан, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг миллий сайлов тизими ҳақидаги билимларини бойитишга қаратилган, сайловнинг мамлакатимиз ҳаёти ва тараққиётидаги аҳамияти, сайловга кўрилаётган тайёргарлик, Президентликка номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари, халқаро кузатувчиларнинг фикр-мулоҳазалари ҳақида хабар, мақола ҳамда суҳбатлар бериб борилмоқда. Шулар қаторида ҳарбий қисм ва муассасаларда бўлиб ўтаётган сайлов билан боғлиқ тарғибот тадбирлари ҳам кенг ёритилмоқда. Айниқса, сайловда илк бор иштирок этадиган ҳарбий хизматчилар, фуқароларнинг мазкур муҳим сиёсий жараёнга катта қизиқиш ва чуқур масъулият билан ёндашаётганликлари тўғрисидаги фикрлар асосидаги материалларга алоҳида ўрин берилмоқда.

Сайлов участкалари Президентликка номзодларнинг сайловолди дастурлари, ташвиқот материаллари билан таъминланган. Ватанимиз посбонлари номзодларнинг сайловолди ташвиқоти билан телевидение, кундалик газеталар орқали ҳам атрофлича танишиб бормоқда.

Умуман, ҳарбий хизматчи-сайловчиларнинг сайлов ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш, улар овоз бериш куни ўз хоҳиш-иродасини эркин намоён этиши учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

«Халқ сўзи» мухбири

Фазлиддин АБИЛОВ ёзиб олди.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn