Осуда турмуш қадри
  • 22 Апрель 2014

Осуда турмуш қадри

Биз, кексаларнинг каттаю кичикка илинганимиз — дуо. Униб-ўссин, ҳеч кимдан кам бўлмасин, ёмонлик уларга яқин йўламасин, ўтмишда биз кўрган оғир кунларни кўришмасин, деймиз-да.

Бу йил 89 баҳорни қаршиладим. Турмуш ўртоғим Раънохон билан уч фарзандни эл корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбияладик. Невараларимиз — 10 нафар. Олти эварам атрофимизда гирдикапалак. Кўп савол беришади тушмагурлар. “Бобожон, ёшлигингиз ҳақида гапириб беринг”, дея ҳол-жонимга қўйишмайди. Шунда далада кечган болалигим, аянчли уруш йиллари, очарчилик даврлари ҳақида ҳикоя қилиб бераман уларга.
Тўғри, буларнинг бари — ўтмиш. Балойи офатлар ортда қолгани рост бўлсин. Лекин бир нарсани унутиб бўлмайди. Бугунги дориламон кунлар ўз-ўзидан келгани йўқ! Шу боис Президентимиз ҳар гал тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиш кераклигини таъкидлайди. Ёш авлод тарихни чуқур ўрганиши, бу кунларга осонлик билан эришилмаганлигини тушуниб етиши зарур, деб уқтирадилар. Ўзим, шу соҳа вакили, 60 йиллик иш тажрибасига эга педагог, тарих фанлари номзоди бўлганим учун бу гапларни эшитиб жуда таъсирланиб кетаман. Ахир ўз ўтмишини билган  халқнинг эртаси ёруғ бўлади-да. Бундай халқнинг фарзандлари кексаларига ҳурмат, кичикларига иззат кўрсатади.
Шукр, шундай кунларда яшаш насиб қилди. Истиқлолни, невара-чевараларимиз камолини кўраяпмиз. Ҳол-аҳволимизни сўровчилар, йўқловчилар кўп, ҳамиша кўнглимизни кўтариб кетишади.
Мустақиллик номи билан аталувчи маҳалламиз пойтахтимизнинг қоқ ўртасида, Мирзо Улуғбек туманида жойлашган. Ушбу гўшада тўйлар, тантаналар, байрамларнинг кети узилмайди. Ўзим маҳалладаги “Нуроний” жамоатчилик маркази раисиман. Айни сабабдан одамлар орасида кўп бўламан. Уларнинг кайфияти, туриш-турмушини кузатаман. Шунда маҳалладошларимнинг ўзаро меҳр-оқибати, ёшларимизнинг замонга мос мактаб, коллеж, лицей, олий ўқув юртларида таълим олишаётгани, касб-ҳунар этагидан тутаётганини кўриб, қувониб кетаман. Бу — юртимизнинг бугуни ёруғ, эртаси порлоқ эканидан далолатдир.
Биз, кексалар ободликни, фаровонликни кўриб, қувончимиз ичимизга сиғмайди. Қолаверса, бизга бўлган иззат-икром шундай бир даражадаки, бундан кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшилади. Кеча Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони эълон қилингани ҳам барча уруш фахрийлари учун унутилмас воқеа бўлди. Юксак эҳтиром, беқиёс ғамхўрликдан баҳраманд бўлиш, тинч ва осуда мамлакатда яшаш насиб этган экан, шунинг ўзи бебаҳо неъмат, улуғ саодат. Ниятимиз, ана шу гўзал ва фараҳли кунларимиз бардавом бўлсин.

Қодир ЭРНАЗАРОВ,
уруш фахрийси.
Тошкент шаҳри

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn