Ижтимоий шериклик — самарадорлик омили
  • 02 Ноябрь 2016

Ижтимоий шериклик — самарадорлик омили

Жиззах шаҳрида “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат ва ҳудудий дастурлар ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган мазкур тадбирда парламент аъзолари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар ва журналистлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизни модернизациялаш ва демократик янгилаш жараёнида қонун ижодкорлигини янада такомиллаштириш, социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича муҳим қарорлар ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилишда фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлашга устувор эътибор қаратилмоқда. Ҳар кимнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқи тўғрисидаги конституциявий қоида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги, “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги каби қатор қонунларда ўз ифодасини топган.
Жамоатчилик фикрининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида акс этиши жамият ҳаётининг барча соҳаси эҳтиёжларига жавоб берадиган ҳамда ҳар томонлама пухта қонунлар қабул қилишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Бугун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонун ижодкорлиги фаолиятида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари демократик қадриятларни, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш омили сифатида ўз ўрни ва таъсир доирасига эга бўлиб бормоқда.
Амалиёт шуни кўрсатадики, ҳозирги кунда давлат ҳокимияти органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ижтимоий шериклик субъектлари сифатида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан, тармоқ дастурлари, ҳудудий дастурлар, ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳасида -фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришда ўзаро ҳамкорлик қилмоқда. Эътиборлиси, томонларнинг ҳамкорлиги тенг ҳуқуқлилик, очиқ-ошкоралик, мустақиллик, холислик, ўзаро ҳурмат, манфаатларни ҳисобга олиш ва масъулият, мажбуриятларни қабул қилишнинг ихтиёрийлиги каби тамойиллар асосига қурилаётир.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда 8 минг 600 дан ортиқ ННТ фаолият юритмоқда. Улар орасида қонун ижодкорлиги жараёнида жонбозлик кўрсатаётган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Соғлом авлод учун”, “Нуроний”, “Маҳалла” фондлари каби нодавлат тузилмалар бор.
Хусусан, Жиззах вилоятида нодавлат нотижорат ташкилотлари сони 537 тани ташкил этмоқда. Улар вилоят ҳокимлиги ва адлия бошқармаси билан биргаликда фермер хўжаликларини ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ногиронлар ҳуқуқларини таъминлаш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, фахрийлар, хотин-қизлар, миллий маданият марказлари, касаба уюшмалари билан ишлаш, фан, техника ва таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш, тадбиркорлик ҳамда бизнес соҳаларига оид қарорларни  ишлаб чиқиш ҳамда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш саъй-ҳаракатларида фаол қатнашмоқда. 
Муҳокама чоғида иштирокчилар ўзаро фикр алмашдилар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ҳамда қабул қилишда фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг самарали фаолиятини таъминлаш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.


Толибжон ЭРГАШЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn