Фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ
  • 18 Апрель 2014

Фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ

Пойтахтимизда Ўзбекистон мустақил оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан семинар ташкил этилди.

Унда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ёритиш борасида журналистларнинг билимларини, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва онгини оширишда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 10 мартдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат органлари, жамоат ташкилотлари, марказий ва ҳудудий матбуот вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини изчил равнақ топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий пойдевор яратилиб, у изчил такомиллаштириб борилаётир. Бир қатор қонунлар, давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 23 июндаги Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича чора-тадбирларга оид ва бошқа бир қатор қарорлари соҳада  муҳим дастуриламал бўлаяпти. Шулар асосида ННТларни фуқаролик жамияти институтлари тизимида жадал тараққий топтириш, уларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, давлат томонидан самарали қўллаб-қувватланиши асослари, уларнинг ахборотдан фойдаланиш ва бошқа ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилди. Ўз навбатида, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда унинг маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси фаолиятининг йўлга қўйилиши бу борада алоҳида аҳамият касб этди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясидаги ғоя, таклиф ҳамда қонунчилик ташаббусларининг ҳаётга босқичма-босқич татбиқ этилиши эса жабҳада янги уфқларни очиб берди.
Тадбирда Президентимизнинг 2013 йил 12 декабрдаги “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори долзарблиги ва ўз вақтида қабул қилинганлиги алоҳида эътироф этилди. Зеро, унга кўра, 2014 йил 1 январдан бошлаб ННТларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божлари ставкалари 5, уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун йиғимлар миқдори 2,5 баробар камайтирилди. Бу эса ННТлар фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ва жараёнларни такомиллаштириш ҳамда соддалаштиришда яна бир салмоқли қадам бўлди.
Тадбирда журналистлар, давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари мулоқот қилишди, ўзаро тажриба алмашишди, соҳага доир мавзуларни ёритишнинг замонавий мезонлари кўриб чиқилди. Якунда тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

С. МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Қисқа сатрларда Соғлом турмуш тарзи »