«Ардоқдасан, эъзоздасан, онажон тилим»
  • 15 Октябрь 2016

«Ардоқдасан, эъзоздасан, онажон тилим»

Ёшлар ижод саройида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 27 йиллигига бағишлаб “Ардоқдасан, эъзоздасан, онажон тилим” мавзуида онлайн мулоқот бўлиб ўтди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан уюштирилган тадбирда ёзувчи ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, талабалар қатнашди.

Унда сўзга чиққанлар “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши халқимиз маънавиятини юксалтириш, миллий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш, бебаҳо бойлигимиз — она тилимизни ривожлантириш, унинг бетакрор жозибаси ва гўзаллигини кенг намойиш этиш борасидаги улкан тарихий воқеа бўлганлигини таъкидлашди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди.

Бундан ташқари, ўзбек тилининг халқаро миқёсда ҳам обрўси ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Хусусан, турли даражадаги расмий учрашув ва суҳбатлар, музокараларда тилимизнинг ўрни ҳамда аҳамияти тобора ортиб бораётгани, нуфузли халқаро анжуманлар ва бошқа тадбирларда ўзбекона сўзлар янграши, хориждаги қатор таълим муассасаларида ўзбек тилини ўрганиш марказлари ташкил этилаётгани, унга қизиқувчилар сони жадал ортиб бораётгани барчамизга фахр-ифтихор бахш этади.

Мустақиллик йилларида тилимизни илмий асосда ривожлантиришга қаратилган тадқиқотлар амалга оширилди, унинг ўзига хос хусусиятларига бағишланган адабиётлар, кўплаб луғатлар яратилди. 

Ўзбек тилининг қўлланиш доираси тобора кенгайиб бораётир. Жумладан, тилимизнинг ахборот-коммуникация технологиялари, компьютер ва интернет, аниқ фанлар, тиббиёт, иқтисодиёт ҳамда бошқа махсус атама ва тушунчаларни талаб қиладиган соҳаларда ҳам кенг қўллана бошлангани унинг имкониятлари чексиз эканлигини кўрсатади.

— Тилимиз ва адабиётимизнинг ўзига хос бетакрор хусусиятлари, тарихий тараққиёти, унинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётган илмий тадқиқот ишларининг самарадорлигини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга, — дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети проректори Абдулхай Собиров. — Шу маънода, Биринчи Президентимизнинг 2016 йил 13 майдаги “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони халқимиз маънавий-маърифий ҳаётидаги тарихий воқеа бўлди. Жорий йилда илк бор университетимизга бакалаврлар тайёрлаш бўйича қабул квотасига мувофиқ, 300 нафар йигит-қиз қабул қилинди. Улар айни пайтда илмий, бадиий ва бошқа соҳалардаги адабиётларни ўзбек тилидан хорижий тилларга, шунингдек, жаҳон тилларидан она тилимизга юксак сифат ҳамда маҳорат билан таржима қиладиган таржимонлар бўлиб етишиб чиқиш йўлида билимларини астойдил бойитаяптилар. 

Тадбирда Хитой Халқ Республикасининг Жилин университети докторанти Да Цен Хиннинг она тилимиздаги нутқи ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. 

— Мен ўзбек тилининг бетакрор жозибаси ва гўзаллигига мафтун бўлдим, — дейди у. — Бу тилни қарийб бир йилдан буён ўрганаяпман. Айни дамда Тошкент ирригация ва мелиорация институтида “Ўзбек ва хитой тилларида мақол ва маталлар” мавзуида илмий изланишларимни давом эттирмоқдаман. 

Мулоқот давомида талабалар мумтоз шеъриятимиздан намуналар ўқишди.

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn