Қисқа сатрларда
  • 18 Апрель 2014

Қисқа сатрларда

* Бухорода “Юксак маънавиятли авлод” шиори остида ўтказилган республика ёшлар фестивалининг шаҳар босқичида 400 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди. Унда “Президент асарлари билимдони”, “Энг янги тарих билимдони”, “Энг иқтидорли ҳунарманд”, “Ўз асарида миллийликни акс эттирган рассом”, “Ўз асарида миллийликни ифодалаган дизайнер”, “Ватан куйчиси” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди.

* Тошкент вилоятида “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди. Унинг доирасидаги тадбирларга таниқли олимлар, шоир ва ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, эстрада хонандалари,  “Камолот” етакчилари, ўқувчи-ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари жалб этилди.

* Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги Шайхонтоҳур академик лицейида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтказилган “Обод юртнинг бахтли қизлари” мавзуидаги учрашувда мамлакатимизда ёшларга оид давлат  сиёсатининг мазмун-моҳияти, навқирон авлод камолоти йўлидаги эътибор, бу борадаги миллий қонунчилик ҳақида атрофлича маълумот берилди.

* Нукус шаҳрида cоғлом бола тарбиясида миллий қадриятларнинг ўрни ва аҳамиятига бағишланган илмий-амалий семинар ниҳоясида “Биз — ягона оила фарзандларимиз!” кўргазмаси ва “Ўзбекистон — бағрикенг диёр” ҳужжатли фильми намойиш этилди.

* “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши ташаббуси билан ўтказилаётган “Менинг бизнес ғоям” республика  танловининг Қашқадарё вилояти босқичида 30 нафар иштирокчининг бизнес ғояси маъқулланиб, кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди. Ўн нафар битирувчи эса танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn