Нуфузли анжуманга пухта тайёргарлик кўрилмоқда
  • 29 Сентябрь 2016

Нуфузли анжуманга пухта тайёргарлик кўрилмоқда

2016 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 19 августдаги қарорига мувофиқ ушбу нуфузли тадбирга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Сессияда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар ва халқаро ташкилотлардан уч юзга яқин вакил иштирок этиши кутилмоқда.   

Ислом конференцияси ташкилоти 1969 йил 25 сентябрда Марокаш пойтахти Работ шаҳрида бўлиб ўтган ислом давлатлари саммитида ташкил этилган. Ислом давлатларининг ҳар томонлама ривожланиши учун шароит яратиш, турли халқлар ўртасида тинчлик ҳамда тотувлик қарор топишига кўмаклашиш унинг асосий мақсади этиб белгиланган. 

2011 йил 28 июнда тузилма номи Ислом ҳамкорлик ташкилоти, деб ўзгартирилган. Бугунги кунда ташкилотга 57 мамлакат аъзо бўлиб кирган. 

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибияти Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Жидда шаҳрида жойлашган. Бош котиб 5 йил муддатга сайланади. Амалдаги Бош котиб Ияд Амин Маданий 2014 йил 1 январдан буён ташкилотга раҳбарлик қилиб келмоқда. 

Ислом ҳамкорлик ташкилоти халқаро ҳуқуқнинг субъекти ҳисобланади. Ташкилот доирасида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинади.

Ташкилотнинг олий органи — Ислом саммити уч йилда бир марта ўтказилади. Ундан кейинги муҳим орган Ташқи ишлар вазирлари кенгаши бўлиб, унинг сессияси ҳар йили аъзо мамлакатлардан бирида ўтказилади. 2015 йил май ойида Ал-Кувайт шаҳрида бўлган 42-сессияда навбатдаги сессияни Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган.  

Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилотига 1996 йилда аъзо бўлган. Шундан буён ўзаро ҳамкорлик ташкилот ҳузуридаги барча тузилма доирасида изчил ривожланиб келмоқда.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 1999 йилда Тошкентда ўтган, Афғонистон можаросини тинчлик йўли билан ҳал қилишга қаратилган “6+2” гуруҳи учрашувини, Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд ташкил этиш ҳақидаги (1993 йил) ташаббусини қўллаб-қувватлаган.

Мустақиллик йилларида Ислом Каримов раҳнамолигида ислом динини ривожлантириш, мамлакатимиздаги азиз авлиёлар қадамжоларини обод этиш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича тузилмаси — ISESCO томонидан Тошкент шаҳри 2007 йилда “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилинди.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар, муҳим тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда. Ташкилот вакиллари 2007 ва 2015 йилларда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари, 2009 ва 2014 йиллардаги парламент сайловларида   халқаро кузатувчи сифатида қатнашган. “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти”, “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш”, “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуларидаги халқаро конференциялар ҳамда бошқа анжуманларда иштирок этган.

Ўзбекистон 2003 йилда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ихтисослаштирилган тузилмаси — Ислом тараққиёт банкига аъзо бўлган. Ўтган даврда мазкур банк билан ҳамкорликда соғлиқни сақлаш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, таълим, қурилиш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик соҳаларида ўнлаб лойиҳалар амалга оширилган.

Шу йил 18-19 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси аъзо мамлакатлар ҳамкорлигини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Анжуман Ўзбекистон томонидан таклиф этилган “Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик йўли” шиори остида ўтади. Шу вақтдан бошлаб Ўзбекистон ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раисликни расман қабул қилиб олади ҳамда навбатдаги — 44-сессиягача унга раҳбарлик қилади. 

 

Анвар САМАДОВ,

ЎзА шарҳловчиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn