Халқаро меъёрларга мос хизмат
  • 29 Сентябрь 2016

Халқаро меъёрларга мос хизмат

Жаҳон бозорида рақобат кучайган, мамлакатларнинг ўзаро маҳсулот алмашинуви даражаси юқори бўлган ҳозирги шароитда стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш хизматларини замонавийлаштириш муҳим саналади.

Шу боис юртимизда маҳсулотлар сифати ва уларнинг рақобатдошлигини ошириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар кўлами тобора кенгаймоқда. Бунда “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Метрология тўғрисида”ги ҳамда “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги қонунлар дастуриламал бўлаётир.

Пойтахтимизда “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда Евроосиё давлат метрологик муассасалари ҳамкорлиги ташкилоти томонидан метрология соҳасидаги долзарб вазифаларга бағишлаб ўтказилган анжуманда ана шулар хусусида сўз юритилди.

Тадбирда “Ўзстандарт” агентлигининг Метрология хизматлари кўрсатиш марказида юқори аниқликдаги ўлчаш воситалари ва усулларини такомиллаштириш, янгиларини яратиш, ўлчаш, назорат ҳамда синаш воситаларини стандартлаштириш, ўлчаш воситалари турини тасдиқлаш бўйича муайян чора-тадбирлар кўрилаётгани таъкидланди. Бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда эса Ўзбекистон 2004 йилда Евроосиё давлат метрологик муассасалари ҳамкорлиги ташкилотига аъзо бўлгани, ўтган вақт мобайнида етук мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, илғор тажрибалар, замонавий ўлчаш воситалари ҳамда тизимлари технологияларини татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилгани қўл келаётгани айтиб ўтилди.

Икки кун давом этган халқаро анжуманда Германия, Куба, Россия, Беларусь Республикаси, Озарбайжон, Словакия каби мамлакатлардан келган мутахассислар Ўзбекистондаги метрологик лабораторияларнинг ўлчаш имкониятлари билан танишиш баробарида, халқаро амалиёт тўғрисида ҳам фикр алмашишди.

 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn