Фуқаролик кодекси: Инсон манфаатлари — устувор
  • 28 Сентябрь 2016

Фуқаролик кодекси: Инсон манфаатлари — устувор

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази томонидан Тошкент давлат юридик университети, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда “Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзуида халқаро давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси қабул қилинганининг йигирма йиллиги муносабати билан ташкил этилган мазкур тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, умумий юрисдикция ҳамда хўжалик судлари судьялари, прокуратура органлари, ННТ ва юртимизда аккредитация қилинган чет эл ташкилотлари вакиллари, хорижлик экспертлар, республикамизнинг барча ҳудудидан ҳуқуқшунос олимлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Тадбирда мамлакатимиз иқтисодиёти, халқимиз фаровонлиги ва интеллектуал салоҳиятининг юксалиб боришида, шубҳасиз, Фуқаролик кодексида белгиланган тамойилларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани муҳим омил бўлаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, мазкур ҳужжат тўлов, шартнома муносабатлари, тадбиркорлик тузилмасининг ташкилий-ҳуқуқий шакллари, кредитлаш ва инвестиция сиёсатида ишончли механизмларни жорий этиш, хусусий ҳамда интеллектуал мулк, шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни ечишда мустаҳкам асос вазифасини ўтаётир.

Фуқаролик кодекси икки қисмдан иборат тизимли меъёрий ҳужжатдир. Биринчи қисмида фуқаролик муносабатларида иштирок этувчи шахслар, фуқаролик ҳуқуқи объектлари, битимлар ва вакиллик тушунчаси, муддатлар ва даъво муддати, мажбуриятлар ҳуқуқи, мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, шартнома сингари қатор масалалар қамраб олинган. Кейингиси махсус қисм бўлиб, унда мажбуриятларнинг алоҳида турлари, интеллектуал мулк, мерос ҳуқуқи, халқаро-хусусий ҳуқуқ нормаларининг фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда қўлланилиши билан боғлиқ нормалар белгилаб берилган.

— Юртингизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари қандай самара бераётганлигидан яхши хабардорман, — дейди Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Марказий Осиё бўйича дастури директори Йорг Пуделька. — Жумладан, Ўзбекистон фуқаролик қонунчилиги замон талабидан келиб чиққан ҳолда, изчиллик билан такомиллаштирилмоқда. Фуқаролик кодекси халқаро талабларга тўла мос келиши шу саъй-ҳаракатлар самараси ҳисобланади. Муҳими, бу ҳужжат ўтган йигирма йил давомида Ўзбекистон барча жабҳада, айниқса, иқтисодиёт соҳасида қўлга киритган улкан ютуқ ва натижаларда ўзига хос ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилди, десак, айни ҳақиқат. Анжуман чоғида мазкур фикрлар ўз тасдиғини топди. Айни чоғда бу борада Германияда тўпланган тажрибалар билан ўртоқлашдим.

Давра суҳбати фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва амалга ошириш, одил судловни рўёбга чиқаришда фуқаролик ҳуқуқининг аҳамияти, интеллектуал мулк объектлари, мажбурият ҳуқуқи каби йўналишлар бўйича  секцияларга бўлинган ҳолда давом эттирилди. Хусусан, учинчи секция мажбурият ҳуқуқига бағишланиб, унда мутахассис олимлар томонидан мазкур тушунча мазмун-моҳияти атрофлича очиб берилди.

Тадбир якунида фуқаролик қонунчилигини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди. 

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn