Баркамол авлод — бахту иқболимиз
  • 28 Сентябрь 2016

Баркамол авлод — бахту иқболимиз

Халқимиз Ватанимиз тараққиёти, унинг порлоқ истиқболини суюкли фарзандларимиз қиёфасида, тимсолида, келажагимиз ворисларининг яратувчанлик кучида кўради. Бинобарин, олдимизда турган энг эзгу мақсадларимиз — мамлакатимизнинг буюк истиқболи ҳам, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг келгусида жаҳон ҳамжамиятидан қандай ўрин эгаллаши ҳам — буларнинг барча-барчаси, авваламбор, униб-ўсиб келаётган ўғил-қизларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқ. 

Мамлакатимизда қабул қилинган “Таълим  тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида таълим тизими тубдан ўзгарди, мактаблар янгидан қурилди, реконструкция қилинди.  

Ўзбекистон Республикаси-нинг Биринчи Президенти  Ислом Каримовнинг 2011 йил 20 майдаги “Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш бўйича чора-тадбирлар  тўғрисида”ги қарорининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида олий ўқув даргоҳлари замонавий қиёфа касб этди. Улардаги таълим жараёни ҳам сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, бугун Тошкент ахборот технологиялари университети ёки Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалларининг муҳташам бинолари, уларнинг ўқув ҳамда илмий лаборатория жиҳозлари билан таъминланганлик даражаси ривожланган давлатларникидан қолишмайди. Бу ерда таълим олаётган бахтиёр ўғил-қизларимизнинг билим ва салоҳияти ҳам ҳавас қилгудек.   

Юртимизда ўқитувчи-мураббийлар меҳнати эъзозланиб, уларга чуқур ҳурмат ҳамда эҳтиром кўрсатилаяпти. Мана, 20 йилдирки, мамлакатимизда 1 октябрь  —  Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Халқимиз учун ғоятда қадрли бўлган бундай айём дунёда камдан-кам учрайди. Бу жонкуяр ўқитувчи, муаллимлар, устоз ҳамда мураббийларнинг меҳнати, Ватанимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссасининг эътирофидир. Бундай эътибор ва ғамхўрликка жавобан педагоглар ҳам таълим сифатини ошириш, фарзандларимизга замонавий илм-фан ҳамда касб-ҳунар асосларини чуқур ўргатиш, улар онгига юксак инсоний туйғу ва фазилатларни  сингдиришда бор куч-ғайратларини аяшмаяпти. 

 2012 йил 10 декабрда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти томонидан қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор навқирон авлод тарбиясини юксалтириш йўлида яна бир муҳим қадам бўлди. 

Мазкур ҳужжат ёш авлодга илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида чет тилларини ўргатиш, малакали кадрлар тайёрлаш, уларнинг жаҳондаги илм-фан ютуқлари, ахборот-ресурсларидан самарали фойдаланишлари ҳамда халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришлари учун кенг имконият яратди. Ҳозирги кунда юртимиздаги барча таълим муассасаларида инглиз, немис, француз, испан тиллари чуқур ўргатилаяпти. 

Ўйлаб кўринг, илгари болаларимизнинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор, ғамхўрлик кўрсатилган, дея оламизми?! Яқин ўтмишни эсга олсак, ачиниш ҳиссини туямиз холос. Гап шундаки, ўғил-қизларимизнинг орзу-умидлари  саробга айланиб, қобилиятлари юзага чиқмай қолаверарди. Мактабимизнинг хароб аҳволидан хижолат чекардик. Махсус синфхоналар ҳақида орзу қилиб ҳам бўлмасди. Шундай  шароитда икки босқичда дарс берардик. Бахтимиз шуки, истиқлол йилларида бундай манзараларга бутунлай барҳам берилди. 

Фарзандларимиз тарбияси ҳақида сўз юритганда, албатта, бу масаланинг муҳим жиҳати бўлган спортни тилга оламиз. Чунки соғлом ҳамда баркамол авлодни вояга етказишда унинг ўрни беқиёсдир. Шу мақсадда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, ёшларимиз ўртасида спортни оммалаштиришнинг ноёб тизими яратилган. Чекка-чекка қишлоқларда ҳам юзлаб замонавий болалар спорти объектлари бунёд этилди. Ҳозир улар ёшлар билан гавжум. Эртамиз эгалари эришаётган ютуқлар ҳам салмоқли.

Шу ўринда бир мисол.  Мактабимизнинг 9-синф ўқувчиси Ширин Раҳимова — спортнинг шотокан каратэ-до тури бўйича етти карра Ўзбекистон, уч бор жаҳон чемпиони. Спорт усталигига номзод.  Ўтган йили дунё биринчилигида қатнашиб, битта кумуш, иккита бронза медални қўлга киритди. 2015 йилда  Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлди. Унга ўхшаган фарзандларимиз кўп. 

Муҳими, бугунги авлод мустақил юртда ҳеч кимдан кам бўлмай камол топмоқда. Уларнинг юриш-туриши, одоб-ахлоқи, дунёқараши, интилишлари ҳам шунга яраша юксак даражада. Бири тадбиркор, бошқаси кашфиётчи, яна бири йирик корхонада иш юритувчи, қанчадан-қанчаси эса жаҳонга танилган спортчи. Улар эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир. 

Бугун мамлакатимиз таълим тизими юқори поғонага кўтарилди. Соҳага қаратилаётган юксак эътибор самарасини ҳар қадамда кўриб, ҳис қилиб турибмиз. Ёшларнинг қалбига қулоқ тутсангиз, улар билан бирга қувониб, болаларимизнинг бетакрор камоли учун бутун борлиғини, меҳрини, эътиборини бахш этган Биринчи Президентимиздан чексиз миннатдор бўласиз.                                                               

 

Анор МАҲМУДОВА, 

Гурлан туманидаги 

5-мактаб директори, 

Ўзбекистон Қаҳрамони.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn