Истиқболли ҳамкорлик, самарали келишувлар
  • 22 Сентябрь 2016

Истиқболли ҳамкорлик, самарали келишувлар

“Ўзэкспомарказ” мажмуида “UzEnergyExpo — 2016” ҳамда “UzStroyExpo — 2016” халқаро кўргазмалари очилди. Мазкур тадбирлар “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти, “Ўзқурилишматериаллари” ва “Ўзмахсусмонтажқурилиш” акциядорлик компаниялари, “Ўзкоммунхизмат” агентлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шунингдек, “IEG Uzbekistan” кўргазма -компанияси томонидан уюштирилаётир.

Халқаро кўргазмаларнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, энергетика ҳамда қурилиш тармоқлари ривожида сифат ўзгаришлари кузатилмоқда. Бунда иқтисодиётни модернизация қилиш, саноат корхоналарини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар муҳим омил бўлаяпти. Жорий йилнинг олти ойида республикамиз иқтисодиётида саноатнинг улуши 34 фоизга етиб, тайёр маҳсулотларнинг экспорт таркибидаги салмоғи 70 фоиздан зиёдни ташкил этгани фикримиз тасдиғидир.
Чиндан ҳам, юртимизда бунёдкорлик ишлари кўлами кенгайиши билан қурилиш саноати ҳам тобора ривожланаётир. Масалан, мустақилликнинг илк йилида “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналарда 1,28 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 2,2 триллион сўмликка етказилди. Бошқача айтганда, ўтган чорак аср мобайнида бинокорлик ашёлари ишлаб чиқариш ҳажми 20,7 баробар ортди.
Тайёрланаётган маҳсулот тури ҳамда сифати тубдан яхшиланиб, жаҳон стандартлари даражасига етказилди. Пировардида саноатнинг мазкур тармоғига ихтисослаштирилган 6000 дан зиёд корхоналар ички ва ташқи бозорда ўз ўрнини топиб улгурди.
Албатта, қулай шарт-шароит, имконият яратилган жойда тараққиёт бардавом бўлади. Қолаверса, ушбу омиллар савдо-иқтисодий алоқаларни халқаро доирада кенгайтиришда айни муддаодир. Шу маънода, кўргазмалар истиқболли ҳамкорлик учун самарали келишувларга эришиш майдонига айланган, десак, айни ҳақиқатдир. Жорий йилги халқаро тадбирларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан ташқари, Озарбайжон, Беларусь Республикаси, Қозоғистон, Россия, Чехия каби давлатларнинг 60 дан ортиқ компания ҳамда етакчи фирмалари вакиллари қатнашмоқда.
“UzEnergyExpo” халқаро кўргазмаси, мана, ўн йилдирки, тармоқнинг нуфузли тадбирларидан бири сифатида соҳа вакилларини бир жойга жамлаяпти. Бу орқали хорижий ҳамкорлар Ўзбекистон энергетика тизимини ривожлантиришга қаратилган дастурлар хусусида батафсил маълумотга эга бўлаётир. Мисол учун, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти томонидан 2015 — 2019 йилларга мўлжалланган дастурга мувофиқ, умумий қиймати 3,2 миллиард АҚШ долларилик 13 та инвестициявий лойиҳа рўёбга чиқарилиши режалаштирилган. Мавжуд корхоналарга ресурстежамкор буғ-газ қурилмаларини жорий қилиш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш борасидаги мазкур лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилгач, тизим салоҳияти янада ортиши, шубҳасиз.
— Кўп йиллардан буён шу соҳада фаолият юритиб келаяпмиз, — дейди -Озарбайжоннинг “ATEF” компанияси вакили Севинч Велихонова. — Амин бўлдикки, Ўзбекистонда энергетика тармоғи ҳам изчил ривожланмоқда. Ўнлаб янги ҳамда йирик лойиҳаларга қўл урилаяпти. Бу соҳа учун керак бўлган ускуналарга талаб янада ортади, деганидир. Биз тадбир қатнашчиларига ўзимизнинг турли кучланишга мўлжалланган энг замонавий трансформаторларимизни таклиф этмоқдамиз.
Кўргазмага ташриф буюрган ҳар бир меҳмон маҳаллий корхоналарда тайёрланаётган маҳсулотларга юқори баҳо бераётир. Чунки улар сифатли, тежамкор, халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради. Хусусан, Тошкент вилоятида жойлашган “Chirchik kommunal servis” масъулияти чекланган жамияти юртимиздаги йирик ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. -Корхона фаолият бошлаганига ҳали кўп вақт бўлмаса-да, бу ерда тайёрланаётган 40 турдаги иситиш ускуналари харидорлар эътиборини қозонди.
“UzStroyExpo — 2016” халқаро кўргазмаси ҳам иштирокчиларга мулоқотлар ўтказиш, тажриба алмашиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш учун муҳим бозор вазифасини ўтамоқда. Намойиш қилинаётган қурилишбоп маҳсулотлар, сантехника воситалари сифат борасида бири-биридан қолишмайди. Кўргазмада, ҳатто, тайёр уй ҳам меҳмонлар эътиборига ҳавола этилган. Юртимиздаги “Marka invest” МЧЖ мутахассислари ишланмалари бўлмиш хонадон тўлиқ экологик тоза материаллардан қурилгани билан диққатга сазовор.
— Мазкур кўргазма биз, қатнашчиларга катта имконият яратмоқда, — дейди “Woodman Group” масъулияти чекланган жамияти вакили Аҳрор Раҳматуллаев. — Чунки бу ерда ташкилотчилар томонидан ҳамкорликни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар муҳайё этилган.
Корхонамиз қурилиш саноати бозорига 2013 йилда кириб келган бўлса, ўтган вақт мобайнида жорий тадбирлар туфайли кўплаб ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Маҳсулотларимиз, яъни 30 турдан ортиқ ламинатланган пол қопламалари ҳамда 240 турдан зиёд мебелбоп -ламинатланган материалларнинг барчаси Европа технологиялари ёрдамида тайёрланади. Кўргазманинг дастлабки кунидаёқ уларни етказиб бериш бўйича бир нечта шартнома имзоладик.
Ана шундай қизғин бошланган халқаро кўргазмалар 23 сентябргача давом этади.


Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn