АКТ ривожининг янги босқичи
  • 22 Сентябрь 2016

АКТ ривожининг янги босқичи

Пойтахтимизда «ICTFORUM — 2016» ахборот-коммуникация технологиялари форуми бошланди.

Мамлакатимизда давом этаётган “ICTWEEK Uzbekistan — 2016” ҳафталиги доирасидаги ушбу тадбирда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги етакчи компаниялар вакиллари, экспертлар ҳамда хорижлик мутахассислар қатнашаяпти.
Форумни ўтказишдан мақсад юртимизда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш истиқболларини белгилаш, хорижий олим ва тадқиқотчилар билан соҳанинг муҳим тармоқлари бўйича тажриба алмашишни рағбатлантириш, симсиз ҳамда оптик алоқа йўналишида инновацион, амалий тадқиқот ва ишланмалар имкониятларини муҳокама этишдан иборат.
Икки кун давом этадиган тадбирда 70 дан зиёд маърузалар тингланиши режалаштирилган. Жумладан, “Электрон ҳукумат”ни ривожлантириш, ахборот хавфсизлиги, иқтисодиётнинг турли тармоқларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, туризм ва банк соҳаси, шунингдек, “Startup” лойиҳаси форум иштирокчиларининг IT тизимига оид билимларини янада бойитишда муҳим ўрин эгаллайди.
— Ўзбекистонда иқтисодиёт тармоқларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш, “Электрон ҳукумат” тизими фаолиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар жадал суръатлар билан амалга оширилаётгани, хусусан, бу борада ҳуқуқий асослар тобора мустаҳкамланаётгани диққатга сазовор, — дейди  Корея Республикаси ахборот жамияти миллий агентлиги (NIA)нинг Глобал академияси директори Квон Ёнг Ил. — Бундай саъй-ҳаракатлар самарасида юртингиз келажакда АКТ йўналишида илғор мамлакатлардан бирига айланиши, шубҳасиз.
Тадбирдаги маърузалар мавзулар бўйича алоҳида секцияга бўлинган ҳолда ўтказилмоқда. Масалан, “E-Government Uzbekistan” бўлимида давлат органлари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида барқарор мулоқот ўрнатиш ва уни ривожлантиришга йўналтирилган устувор вазифалар муҳокама қилинаётган бўлса, “Рақамли иқтисодиёт” йўналишида “Булут технологияларнинг иқтисодиётга таъсири”, “Ўзбекистон ташқи савдо-сотиқ қатнашчилари учун “Ягона дарча” ахборот тизими имкониятлари”, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖда АКТни ривожлантириш”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК йўловчилари учун он-лайн хизматларни татбиқ этиш ва ривожлантириш” каби мавзулар барчада катта қизиқиш уйғотаяпти.
Кеча, шунингдек, Тошкент ҳамда Наманган шаҳарларида “ICTExpo — 2016” ахборот-коммуникация технологиялари миллий кўргазмаси ҳам очилди.


Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn