Баркамол авлод истиқболи
  • 08 Сентябрь 2016

Баркамол авлод истиқболи

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов асос солган ёш авлодга пухта таълим бериш, уларни Ватанимиз, миллий анъана ҳамда қадриятларимизга содиқлик руҳида камол топтириш, муттасил ғамхўрлик кўрсатиш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Ана шу эзгу мақсад-муддаолар мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида кўзда тутилган вазифаларга ҳамоҳангдир. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигидан маълум қилишларича, таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2016 йилда 371 мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шундан 29 умумтаълим маскани янгидан қуриб, фойдаланишга топширилган бўлса, 239 мактаб қайтадан реконс-трукция қилинди, 103 билим маскани капитал таъмирланди.
Давлат дастурига кўра, 2016 йил Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 28 болалар ва ўсмирлар спорт мактабида қурилиш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш ва замонавий спорт анжомлари билан жиҳозлашга эътибор қаратилди. 200 дан ортиқ умумтаълим мактабида спорт заллари қурилиб, улар замонавий спорт анжомлари ҳамда ускуналари билан таъминланди.
1 минг 220 умумтаълим мактабида компьютер синфини ташкил этиш, интерактив электрон доскалар ва кондиционерлар билан жиҳозлаш назарда тутилган. Жорий йилда 286 мактабгача таълим муассасасини капитал реконструкция қилиш белгиланган бўлиб, уларни мебель, асбоб-ускуналар, ўйинчоқлар ҳамда техник воситалар билан жиҳозлаш бўйича ҳам ишлар олиб борилаётир.
“Таълимда глобал ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида мамлакатимиздаги мактабгача таълим муассасаларида қисқа муддатли гуруҳлар шакллантирилиб,  ўқув мебеллари ва ривожлантирувчи таълим материаллари билан таъминланаётир. Мактабгача таълим масканлари кутубхоналари болалар бадиий адабиётлари билан тўлдирилмоқда.  Шунингдек, 3 — 6 ёшли фарзандлари мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган оилаларга шеър ҳамда эртаклар, болаларни мактабга тайёрлашга оид китоблар тўпламлари тарқатилиши кўзда тутилган.
Янги ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 4-синфларида ҳам янги давлат таълим стандартлари асосида чет тили фанини ўқитиш йўлга қўйилди.  Шу асосда барча синфда хорижий тилларни ўқитиш жорий этилди.  Дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар чоп қилиниб, жойларга етказилди.
Илк маротаба умумтаълим мактабларининг 3-синфига мўлжалланган  она тили, ўқиш, математика, табиатшунослик, ўзбек тили, “Русский язык”, “Книга для чтения” фанлари бўйича ўқитувчилар учун методик қўлланма ҳамда уларнинг мультимедиали иловалари яратилиб, босмадан чиқарилди ва керакли манзилларга етказиш таъминланди. Давлат дастури доирасида, шунингдек, умумтаълим мактабларининг кутубхона фондини ўзбек ҳамда чет эл ёзувчиларининг лотин графикаси асосида нашр этилган бадиий адабиётлари, энциклопедиялар билан тўлдириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.  
Ўқувчи-ёшлар билимининг нечоғли мустаҳкамлиги таълим сифатини муттасил юксалтириб боришга боғлиқ. Жорий йилда илк маротаба ўқувчи шахсини ҳар томонлама ривожлантиришга оид халқаро ва мамлакатимиз тажрибасидан келиб чиқиб, узлуксиз таълим тизимининг 18 умумтаълим фани бўйича давлат таълим стандартлари ҳамда ўқув дастурлари янада такомиллаштирилиб, тажриба-синовдан ўтказилди.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда ўғил-қизларга пухта билим бериш, улар қалби ва онгида эзгу ғояларни мустаҳкам қарор топтириш, навқирон авлод истиқболи йўлида кўрсатилаётган чексиз меҳр ҳамда эътиборнинг амалдаги яна бир ёрқин намунасидир.


Н. УСМОНОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn