«Ягона дарча» — тадбиркорнинг яқин кўмакчиси
  • 08 Сентябрь 2016

«Ягона дарча» — тадбиркорнинг яқин кўмакчиси

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан тадбиркорлик фаолиятини шакллантириш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш, экспорт салоҳиятини ошириш юзасидан муайян ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, вилоятда фаолият юритаётган “Ягона дарча” марказида ҳафтанинг ҳар жума куни “Тадбиркорлар куни” деб белгиланганки, ишбилармонлик фаолияти билан шуғулланаётган ва бизнесини бошлаш арафасида турган кишилар ўзларини қизиқтирган барча саволга мутахассислардан жавоб олишлари мумкин. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида  тадбиркорлардан тушган 810 та мурожаат улар фойдасига ҳал этилди.
Корхоналарни замонавий технологиялар билан жиҳозлаш, маҳсулот турини кўпайтириш ҳамда жаҳон бозорида ўз ўрнини топиш бугунги кунда тадбиркорларимиз олдида турган энг муҳим вазифалардандир. Шу маънода, бошқармамиз томонидан ишбилармонларга хориждан умумий қиймати
117 минг 650 АҚШ долларилик бўлган 15 та технологик линия олиб келинишига кўмаклашилгани уларнинг ишига янада барака киритди. Шунингдек, мутахассисларимизнинг 50 та тадбиркорлик субъектига бизнес-режа тузишда ёрдам бериши натижасида 200 дан ортиқ  иш ўринлари яратилди. 321 корхонага кўрсатилган мадад туфайли уларнинг фаолияти замон талаблари даражасида тўлиқ қайта тикланди.
Қисқаси, вилоятда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорларнинг бозорда ўз ўринларини топишлари учун барча шарт-шароит яратилган. Ҳамма гап мақсад сари дадил ҳаракат қилишда. Бу борада зиммамиздаги вазифани оғишмай бажариб, хусусий сектор вакилларига кўмак беришда давом этаверамиз.


Умрбек ТОЖИБОЕВ,
Ўзбекистон
Савдо-саноат палатаси
Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn