Ўзбек фермери дунё эътирофида
  • 08 Сентябрь 2016

Ўзбек фермери дунё эътирофида

Ҳаммамизга маълумки, совет тузуми даврида хусусий мулк бўлмаган. Биз собиқ совет тузумининг асоратларидан фермерларга ер ажратиб, уларда мулкдорлик ҳиссини шакллантириш орқали халос бўла бошладик. Бугун фермерлар — мамлакатимизнинг устунига айланди. Устун эса таянч демакдир. Лекин фақат деҳқончилик ва чорвачилик билан фаровонликка эришиб бўлмайди. Фермерларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш лозим. Чунки фермерлик ҳаракати иқтисодиётимизни ривожлантиришга, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қиладиган қудратли кучдир.


Ислом КАРИМОВ.

Мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигию дастурхонимиз файзу баракаси барча соҳа қатори қишлоқ хўжалиги истиқболига ҳам боғлиқ. Шу боис истиқлол йилларида иқтисодиётимизнинг мазкур муҳим тармоғини ривожлантириш, самарадорлигини ошириш масаласи устувор аҳамият касб этди. Айниқса, бозор муносабатларини ва хусусий мулкчилик шаклини ривожлантиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар ўзининг юксак самараларини бермоқда. Буни юртимизда дунёнинг тараққий топган давлатлари тажрибасида ўзини ҳар томонлама оқлаган фермерлик ҳаракати жорий қилингани мисолида яққол кўриш мумкин.
Шу ўринда мустақиллик йилларида аграр соҳадаги ислоҳотларни амалга ошириш, жумладан, фермер хўжаликларининг мустаҳкам ҳуқуқий ҳамда меъёрий асосларини яратиш, уни доимий равишда такомиллаштириб бориш давлатимиз раҳбарининг асосий диққат-эътиборида бўлганлигини алоҳида эътироф этиш зарур. Ер кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, шунингдек, фермерлик истиқболига қаратилган бошқа меъёрий ҳужжатлар мулкчиликнинг мазкур янги шаклини босқичма-босқич ривожлантиришда муҳим ҳамда ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Натижада қисқа давр ичида нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчиси, балки аграр соҳа, у билан боғлиқ бошқа тармоқларни ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган қудратли ижтимоий-сиёсий куч сифатида тўла шаклланди. Бугунги кунда республикамизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90 — 92 фоизи 160 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари улушига тўғри келаётгани бунинг яққол далилидир. 
Ушбу рақам аҳамиятини чуқурроқ англаш учун давлатимиз эндигина мустақилликка эришган пайтда юртимизда етиштирилган дон 940 минг тонна, ўртача ҳосилдорлик эса гектарига атиги 17 центнерни ташкил этганини эслаш кифоя. Чунки фермер ҳамда деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнати туфайли ғаллачилик тармоғида ҳосилдорлик муттасил равишда кўтарилиб, айни пайтда гектар ҳисобига ўртача 55-56 центнерга етди. Юзлаб илғор фермер хўжаликларида эса бу кўрсаткич 90 — 100 центнердан ошади. Очиғи, илгари бундай улкан натижага эришишни фақат орзу қилиш мумкин эди.
Фермер хўжаликларининг иқтисодий ва молиявий мустақиллигини мустаҳкамлаш, соҳанинг ҳуқуқий асос ҳамда кафолатларини яратиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилгани аграр соҳа равнақида янги саҳифалар очилишида муҳим омил бўлди. Натижада боғ-роғу далаларга файз кириб, улар даромад ва фаровонлик манбаига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса ўз маҳсулотини қайта ишлаб дунё бозорига чиқариш ташвишида юрган фермерлар учун янги имкониятлар йўлини очди. Эндиликда ўзбек деҳқони ўз даласида етиштирган маҳсулотни ички ҳамда ташқи бозорларда эмин-эркин сотиши  учун ҳуқуқий тизим яратилди. Буни жорий йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси якунлари тасдиқлаб турибди.
Гап шундаки, ушбу нуфузли форумда 30 га яқин давлатларнинг вакиллари иштирок этиб, улар томонидан фермерларимиз етиштирган мева-сабзавот маҳсулотларини сотиб олиш бўйича умумий қиймати 2 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 270 та шартнома имзоланди. Уларга биноан, чет эллик буюртмачиларга етказиб бериладиган ноз-неъматларнинг 27 фоизини сабзавотлар, 25 фоизини узум, 20 фоизини мевалар, 17,6 фоизини қуритилган ва қайта ишланган товарлар, 8,4 фоизини дуккакли маҳсулотлар, 2 фоизини эса полиз экинлари ташкил этади.
Фермерларда эгалик ҳисси шаклланишида бебаҳо бойлигимиз ҳисобланган ерга бўлган давлат мулкчилигини сақлаб қолган ҳолда, ижара механизми  жорий этилганлиги муҳим омил бўлди. Дастлаб ер майдонлари қисқа муддатга ижарага берилган бўлса, кейинчалик босқичма-босқич узайтирилиб, айни пайтда янада чўзиш шарти билан 30 йилдан 50 йилгача қилиб белгиланди.
Шу ўринда, мамлакатимизда фермер хўжаликлари учун яратилган кенг кўламли имтиёзларга тўхталиб ўтсак. Зеро, мазкур имтиёзларсиз фермер хўжаликлари бугунги тараққиёт даражасига эришмаган бўлар эди. Жумладан, фермер хўжаликлари учун 10 га яқин солиқлар ўрнига ягона ер солиғининг жорий қилингани, уни тўлаш бўйича ҳам бир қатор имтиёзлар берилгани, қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилишда имтиёзли лизинг тизими йўлга қўйилгани, чорвачилик, боғдорчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда бошқа бир қатор йўналишларни ривожлантириш учун хориждан жиҳоз, хом ашё, технологик ускуна ва техникалар олиб келишда бож тўловларидан озод қилинганлиги, узоқ муддатли ҳамда имтиёзли кредитлаш тизими яратилганлиги, у доимий равишда такомиллаштириб борилаётганлиги, айтиш мумкинки, қишлоқ мулкдорларига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг бир қисми, холос.
Бундан ташқари, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилаяптики, бунинг натижасида фермер хўжаликлари экин майдонларининг -унумдорлиги тобора ортиб, пировардида ҳосилдорлик пахтачиликда  ўртача 2-3, ғаллачиликда эса 4-5 центнерга кўтарилди.
Чиндан ҳам, илгари 10 центнер ҳам ҳосил олинмаган ғўза майдонларидан бугунги кунда ундан 3-4 баравар зиёд пахта етиштирилаётгани диққатга сазовордир. Аниқроғи, кўплаб фермерлар ҳар гектаридан 40 — 45 центнердан ошириб муҳим саноат хом ашёси йиғиштириб олишмоқда. Бу деҳқончилик маданиятининг юксалиб бораётгани ифодаси, дала меҳнаткашларида манфаатдорлик ортаётгани самараси, ишга бўлган муносабат тамомила ўзгаргани, қишлоқ меҳнаткашларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани натижасидир.   
Кечаги деҳқон билан бугунги фермернинг ер билан осмонча фарқи бор. Собиқ иттифоқ даврида мулкдор деган тушунчанинг ўзи йўқ эди. Бу ҳақда, ҳатто, ўйлаб ҳам бўлмасди. Ҳозир-чи? Фермер — чинакам мулкдор. Астойдил меҳнат қилса, албатта, роҳатини кўраяпти. Йилдан-йилга даромади, имкониятлари ортиб бормоқда. Ишчилари ҳам ернинг ортидан оиласини боқаяпти, турмуш шароитини яхшиламоқда.
Фермерлар ўз фаолиятининг дастлабки пайтларида кўрган фойдасини замонавий уй-жойлар барпо этиш, машина сотиб олиш каби эзгу орзулари йўлида сарфлаган бўлса, эндиликда уларнинг мақсадлари ҳам улканлашиб бораётир. Яъни қишлоққа саноатни олиб кириш, замонавий корхоналар ташкил қилиш, ҳудудлар инфратузилмасини такомиллаштириш ишларига муносиб ҳисса қўшишга интилмоқда. Бу эса биз танлаган -тараққиёт йўли — “ўзбек модели”нинг нақадар тўғри эканлигини кўрсатади.
Юртимизда фермерлик ҳаракати ривожида уларга барча турдаги зарур хизматлар кўрсатадиган ишончли бозор инфратузилмасининг ташкил этилгани муҳим роль ўйнаяпти. Бир эътибор қилинг-а, ҳозирги пайтда 1500 дан ортиқ машина-трактор парклари, 1504 та сув истеъмолчилари уюшмаси, 1006 та ёнилғи-мойлаш материалларини тарқатиш, 1400 га яқин минерал ўғит сотиш, 2604 та ветеринария хизмати, 350 га яқин консалтинг хизматларини кўрсатувчи шохобчалар фермерларга беминнат ёрдам беришга тайёр. Қисқача айтганда, уруғлик, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш материаллари дейсизми, кимёвий воситалар бўладими — буларнинг барчаси деҳқон даласигача етказиб -берилаяпти.
Ушбу жараёнда фермер хўжаликларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни татбиқ этиш каби масалалар ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Аксинча, бу йўналишдаги ишлар кўлами йил сайин кенгайтирилмоқда. Бунда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳамда унинг 13 та ҳудудий ва 156 та туман кенгашлари тузилгани айни муддао бўлди.
Кенгашнинг барча бўғиндаги тузилмаларига илғор, ишлаб чиқаришда юқори натижаларга эришган, эл-юрт олдида катта ҳурматга эга бўлган 1736 нафар тажрибали фермер аъзо этиб сайланди. Улар ўзларининг бой тажрибаси, қимматли маслаҳати билан ёш фермерларга йўл-йўриқ кўрсатиб, деҳқончилик маданиятини юксалтириш, тармоқ самарадорлигини оширишда яқиндан кўмак бериб келишмоқда.
Фермерлик ҳаракатини бошқариш тизимидаги мазкур янги тузилма, ўз навбатида, фермерларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини янада кучайтириш, уларнинг ваколатларини кенгайтириш, энг асосийси, соҳага илм-фан ютуқлари ва энг замонавий агротехнологияларни жорий қилиш имконини бераяпти. Бунинг натижаси ўлароқ, эндиликда фермерлар бир йўналиш билан чегараланиб қолаётгани йўқ. Улар бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиқиб, қўшимча тармоқларни ишга тушириш, қишлоққа саноатни олиб кириш, етиштирган маҳсулотларини ҳудудларнинг ўзида қайта ишлашни йўлга қўйиш, энг асосийси, қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлашда ташаббускор бўлмоқдалар. Мисол учун, ўтган қисқа давр ичида фермер хўжаликларининг 50 мингдан ортиғи  кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантирилди. Шунинг ҳисобига 340 мингга яқин қўшимча иш ўринлари очилиб, қишлоқ аҳолисидан шунча қисмининг бандлиги таъминлангани эътиборга молик.
Бу Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Фермер нафақат деҳқончилик сирларини пухта билиши, айни пайтда у иқтисодчи, ҳисобчи, менежер, селекционер, бизнесмен, керак бўлса, дипломат бўлмоғи зарур. Бугунги ҳаёт олдимизга қўяётган янги-янги вазифаларни яхши билиши, одамларнинг, айниқса, қишлоқ аҳлининг турмуш даражасини янада яхшилаш, юртимизни бундан-да обод қилишда фаол иштирок этиши керак” деган сўзлари ҳаётда ўз ифодасини топаётганидан ёрқин далолатдир.  
Бугун бозору дўконларимизда фермер хўжаликларининг ёрлиғи туширилган озиқ-овқат, енгил саноат ҳамда тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва буюмларини кўришингиз оддий ҳолга айланди. Сабаби, республикамиз аграр соҳасининг таянч устуни бўлмиш фермер хўжаликлари фаолиятига инновацион ишланмалар, илм-фан ютуқлари изчил қўлланилаётгани туфайли улар саноат йўналишларини муваффақиятли ўзлаштириб олмоқда. Натижада фермерлар томонидан тақдим этилаётган хизмат ҳамда маҳсулотлар ички бозорни тўлдирибгина қолмасдан, балки Европа, Осиё, Америка қитъалари мамлакатлари, қўйингки, бутун дунёга экспорт қилинаётир.
Ваҳолонки, бундан 15 йиллар муқаддам фермер хўжаликларининг умумий майдони салкам 500 минг гектарни ташкил этиб, республикамизда етиштирилган жами пахтанинг 5 фоизи, ғалланинг 7 фоизи, бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг атиги 2-3 фоизи уларнинг улушига тўғри келиб, қайта ишлаш тармоқлари амалда бўлмаган.
Кўриниб турибдики, яратилган қулай шарт-шароитлардан унумли фойдаланаётган юртимиз фермерлари 15 — 20 йил ичида бошқа ривожланган давлатлар фермерлари 100 — 150 йил давомида эришган тараққиёт даражасига етиб олдилар.
Кишига ғурур ва ифтихор бағишлайдиган жиҳат шундаки, дастлаб ривожланган хорижий давлатлар фермерлари билан ўзаро тажриба алмашган бўлсак, бугунги кунга келиб, жуда кўп мамлакатлар қишлоқ хўжалиги, шунингдек, фермерликни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўрганиб, амалиётга жорий қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 29 декабрдаги “2016 — 2020 йилларда қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори фермерлик ҳаракатини, умуман, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ривожини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши муқаррар. Унга кўра, 2020 йилга қадар пахта етиштириладиган 170 мингдан ортиқ, ғалла парваришланадиган 50 минг гектар майдон ўрнига мева-сабзавот экилиб, ички бозорни сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириш, экспорт ҳажмини янада ошириш имкони яратилади.
Қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган бундай тизимли ислоҳотлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодий мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, Ватанимиз тараққиёти ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим кафолатидир. Зеро, Истиқлол  йилларида асос солинган фермерлик ҳаракати ўзбек деҳқонига мулкдор бўлиш, ўз меҳнатидан манфаат кўриш, рағбат топишдек бахту саодатни берди.


Содиқжон ТУРДИЕВ,
Ўзбекистон Фермерлари
кенгаши раиси,
Ўзбекистон Қаҳрамони.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn