Маҳорат ва масъулият
  • 16 Апрель 2014

Маҳорат ва масъулият

“Соғлом бола йили” Давлат дастурини ёритишда муҳим аҳамиятга эга

Кеча пойтахтимиздаги “City Palace” меҳмонхонасида “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг амалга оширилишида оммавий ахборот воситаларининг роли ва вазифалари” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди.
Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар ходимлари, депутатлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори А. Абдуллаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси раиси
А. Саидов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда эркин демократик давлат, инсон манфаати ҳамда ҳуқуқлари устувор бўлган кучли фуқаролик жамияти барпо этишдек масъулиятли жараёнда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва аҳамияти катта эканини таъкидладилар.
Қайд этилдики, юртимизда оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, халқимизни тезкор ва холис ахборот билан таъминлаш, журналист кадрларнинг эркин, самарали ижод қилиши учун барча имконият ва шароитларни яратиш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг доимий эътиборида.
“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.
Давлат дастурида соғлом болалар туғилиши ва таълим-тарбияси, оилада соғлом муҳитни, унинг иқтисодий ва маънавий-ахлоқий асосларини мустаҳкамлаш, ижтимоий соҳа ривожига ажратилаётган маблағлар самарадорлигини ошириш билан боғлиқ кенг кўламли вазифалар белгиланган. Уларда кўзда тутилган мақсадларни кенг аҳолига етказиш журналистлар зиммасига улкан масъулият юклайди.
Айни пайтда мамлакатимиздаги барча оммавий ахборот воситаларида ушбу мавзуга оид материаллар мунтазам эълон қилинмоқда. Бу борадаги тарғибот ишларини янада кучайтириш, “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг мақсади ва вазифаларини юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод қалби ва онгига ҳаётий мисоллар билан етказиш, халқимизнинг фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнидаги фаоллигини ошириш журналистларнинг олдидаги устувор вазифадир.
Анжуманда “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари тўғрисида ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этиш, унинг ижросини таъминлашда босма оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрлар олдида турган вазифаларни изчил ижро этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир якунида кўрилган масалалар бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Оила Кўчатлар ҳосилга киради »