Юксак эҳтиром намунаси
  • 01 Сентябрь 2016

Юксак эҳтиром намунаси

Пешку туманидаги “Истиқбол” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида  табаррук ёшдаги онахон — Тўй Мустафоева яшайди. Юз ёшдан ошган момони йўқлаб келадиганлар оз эмас. Айниқса, мустақил ҳаёт остонасидаги йигит-қизлар бу кўнгли тоза, кўзларидан меҳр нури ёғилиб турувчи онахоннинг дуосини олишга ошиқадилар.

— Шукр, юртимиз тинч, турмушимиз фаровон, — дейди Тўй момо. — Буни шаҳар ва қишлоқларимиз ободлиги, хонадонлардаги файзу шукуҳдан ҳам билиш мумкин. Биз, нуронийлар ҳамиша давлатимизнинг, халқимизнинг эъзоз-эҳтиромидан баҳрамандмиз. Ҳурмат-эътибор ёшимизга ёш қўшаяпти.  

Турмушнинг аччиқ-чучугини тотган, саккиз фарзандни оқ ювиб, оқ тараб, эл қаторига қўшган, айни пайтда 60 нафардан зиёд невараю чевара ва эваралари ардоғида бўлган онахоннинг ўгитлари ёшлар учун сабоқ вазифасини ўтайди. 

— Ҳудудимизда салкам тўрт мингта оила истиқомат қилади, — дейди қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Санам Жумаева. — Тўй момо ёши энг улуғ қишлоқдошимиз саналади. У кишининг ҳаёти, оила тутуми, фарзанд тарбияси йўлидаги тажрибаси кўпчиликка ўрнак.

Мустақиллигимизнинг қутлуғ 25 йиллиги арафасида Тўй  Мустафоева бир гуруҳ юртдошларимиз қатори Президентимиз Фармонига мувофиқ, “Шуҳрат” медали билан мукофотланди. Бу “Истиқбол” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи аҳоли учун қўшалоқ байрамга айланди. Шу муносабат билан маҳалладошлар, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари онахон яшаётган ҳовлига ташриф буюрдилар. Вилоят ҳокими М. Эсанов  момога “Шуҳрат” медалини тантанали тарзда топширди. Тўй Мустафоева бу эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорлигини билдирди.

Наманган туманининг Қоратепа қишлоғида яшовчи Морияхон момо Пирматова ҳам яқинда Президентимиз Фармонига биноан, “Шуҳрат” медалига сазовор бўлган табаррук кексаларимиздан бири.

Қоратепаликлар 106 баҳорни қаршилаган момони “Қишлоғимизнинг чинори”, дейишади. Бу, бир томондан унинг узоқ умр соҳиби эканлигига ишора бўлса, бошқа жиҳати кўпни кўрган инсоннинг маслаҳат ҳамда ўгитлари катталарга ибрат, кичикларга сабоқ бўлаётгани, кўпчиликка нафи тегаётганида. Шунданми, у кишининг хонадонидан одам аримайди.

Куни кеча ҳамқишлоқлари, узоқ-яқиндан келган меҳмонлар кексалик гаштини сураётган онахоннинг файзли ҳовлисига “Шуҳрат” медалини топшириш маросимига йиғилдилар. Вилоят ҳокими Х. Бозоров табаррук момони энг улуғ, энг азиз байрам билан қутлаб, унга Президентимиз номидан давлатимизнинг юксак мукофотини топширди. Эътибору эъзоздан боши кўкка етган онахоннинг кўзларида севинч ёшлари қалқиди ва дуога қўл очди:  

— Илоҳим, ҳамиша ҳаётимиз тинч, юртимиз обод, эзгу юмушлар бошида турганлар омон бўлсин...

 

Истам ИБРОҲИМОВ,

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn