«Орзу лайнери»
  • 01 Сентябрь 2016

«Орзу лайнери»

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси “Boeing 787-8 Dreamliner” самолётининг дастлабкисини қабул қилиб олди.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги шодиёналари “Ўзбекистон ҳаво йўллари”  Миллий авиакомпанияси учун қўшалоқ байрамга айланди. Гап шундаки, юртимиз бўйлаб энг улуғ, энг азиз айём кенг тантана қилинаётган бир пайтда миллий авиапаркимиз “Орзу лайнери” деб ном олган “Boeing 787-8 Dreamliner” самолёти билан тўлдирилди.

Бу Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон халқига йўллаган Янги йил табригида Миллий авиакомпаниямиз 2016 йилда “Boeing-787” ҳаво лайнерларининг энг замонавий авлодига мансуб иккита янги самолёт билан таъминланиши бўйича айтган сўзининг амалий исботи сифатида келтирилган дастлабки лайнердир. 

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида мамлакатимиз фуқаро авиациясини ривожлантириш, йўловчи ва юк ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш, хизмат кўрсатишни замон талаблари даражасида йўлга қўйиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 1992 йил 28 январдаги “Ўзбекистон Миллий авиакомпаниясини ташкил қилиш тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Айниқса, компания авиапаркини босқичма-босқич янгилашга қаратилган дастур доирасида ҳаётга татбиқ қилинаётган лойиҳалар фуқаро авиацияси равнақида янги уфқлар очмоқда. Чунки унинг доирасида юртимизга “Airbus 320” лайнерлари, йўловчи ташувчи “Boeing-767” ҳаво кемалари келтирилиб, улардан бугунги кунда нафақат халқаро, балки маҳаллий йўналишларда фойдаланилмоқда. Бундан ташқари, юк ташувларини ҳам “Boeing” самолётларида амалга ошириш йўлга қўйилган.

31 август. “Тошкент” халқаро аэропортига “Boeing 787-8 Dreamliner” самолёти келиб қўнди. 

Сиэтлдан Тошкентгача қарийб 12 соат давом этган узлуксиз парвоз муваффақиятли бажарилди. “Boeing-787 Dreamliner” самолётини Ўзбекистонга Миллий авиакомпаниямиз экипажи — учувчи-инструктор Иосиф Зак, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Учувчилар мажмуаси янги “Boeing-787 Dreamliner” учувчилар отряди командири Асаджон Турсунов ҳамда авиакомпаниянинг бош штурмани Станислав Гурфинкель бошқариб келди. 

Юртдошларимиз замонавий ҳаво кемасини олқишлару карнай-сурнай садолари остида қарши олдилар. 

Шундан сўнг, “Тошкент” халқаро аэропортида “Boeing-787 Dreamliner”нинг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар мутасаддилари, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва “Boeing” корпорацияси вакиллари, “Boeing 787-8 Dreamliner” отряди учувчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси бош директори Валерий Тян, Америка Қўшма Штатларининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен ва бошқалар Ўзбекистонда замонавий моддий-техника базаси ҳамда юқори малакали мутахассисларга эга фуқаро авиацияси мавжудлигини, ҳаво кемалари парки мунтазам янгилаб борилаётганини алоҳида таъкидлади.

Мустақиллик шодиёналари кунларида юртимизга “Boeing 787-8 Dreamliner” самолётининг келтирилиши республикамизда авиаташувларни ривожлантириш тарихидаги энг муҳим воқеа бўлди. Бинобарин, Миллий авиакомпаниямиз МДҲ ҳудудида ушбу янги ҳаво кемасидан биринчи бўлиб фойдаланмоқда. Бунинг учун пухта ҳозирлик кўрилди, албатта. Яъни ер усти инфратузилмаси, муҳандис-техникавий ва учувчилар таркибини тайёрлаш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар бажарилди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясида юқори малакали 18 нафар учувчи ҳамда 2 нафар учувчи-инструктордан иборат янги “Boeing 787” учувчилар отряди ташкил этилди. “Uzbekistan Airways Technics” авиакорхонасида 64 нафар, жумладан, техник хизмат кўрсатувчи 6 нафар инструктор тайёрланди.

— Истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда дунё стандартларига мос, замонавий моддий-техника базаси ва юқори малакали мутахассисларга эга қудратли фуқаро авиациясини шакллантириш бўйича олиб борилган ислоҳотлар бугун ўзининг ёрқин самарасини кўрсатмоқда, — дейди “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК бош директорининг ўринбосари Геннадий Харлап. — Ҳаво кемалари паркининг мунтазам янгиланиб борилаётгани бу борадаги асосий ютуқлардан биридир. Шу маънода, мазкур ҳаво кемаси МАК авиапаркидаги мавжуд самолётлардан тубдан фарқ қилади. У узоқ масофага парвоз эта олиши, қулай ва шинамлиги, энг асосийси, хавфсизлиги билан алоҳида ажралиб туради.

“Boeing 787-8 Dreamliner” самолёти илғор технологиялар асосида яратилган бўлиб, юқори иқтисодий самарадорликка эгалиги билан киши эътиборини тортади. Унинг салони дизайни мутлақо янгича ёндашув билан ишлангани экипаж аъзолари ҳамда йўловчиларга узоқ парвоз давомида катта қулайлик яратади. Ёнилғи сарфи эса “Boeing 767” самолётига нисбатан 10 фоиз кам. Лайнер учиш тезлигининг юқорилиги Тошкентдан Москвагача бўлган масофани турдошларига қараганда 10 дақиқага, Лондон ва Парижга 20 — 30 дақиқага тезроқ босиб ўтиш имконини беради. 

Учиш масофасининг узайтирилгани ушбу ҳаво лайнерини узоқ ҳамда ўта узоқ халқаро йўналишларда эксплуатация қилиш, дунёнинг энг чекка нуқталарига узлуксиз парвозларни амалга оширишда қўл келади. Мазкур самолётнинг 50 фоизи композит материаллардан, 20 фоизи алюминийдан таркиб топган. 

Бундан ташқари, салонининг ичи “Boeing 767”нинг салонига қараганда 1 метрга кенг. Самолёт йўловчиларнинг парвозларини мароқли ўтказишга имконият яратувчи қулай ўриндиқлар, пол қопламалари, янгича ёритиш ва шовқин ўтказмайдиган тизимлар билан жиҳозланган. Шунингдек, унга ҳар бир йўловчи учун кўнгилочар дастурли алоҳида мониторлар ва ҳавони намлантирувчи махсус ускуналар ўрнатилган. 

Жорий йилнинг сентябрь ойидан эътиборан Миллий авиакомпания 246 йўловчи ўриндиққа эга ушбу лайнер орқали АҚШ, Канада, Узоқ Шарқ, Осиё, Африка ҳамда Австралияга тўғридан-тўғри парвозларни амалга ошириши мумкин.

— Компаниямиз билан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган, — дейди АҚШнинг “Boeing” компанияси учувчи-инструктори Йэн Салливэн. — Бунинг натижасида 1996 йилда юртингизга биринчи “Boing — 767” самолётлари келтирилган эди. Ўтган давр мобайнида миллий авиапарк йигирмага яқин “Boeing” лайнерлари билан бойитилди. Бугун қабул қилинган “Boeing 787-8 Dreamliner” самолёти давлат мустақиллигининг 25 йиллигини кенг нишонлаётган  Ўзбекистон халқи учун ўзига хос совға бўлди.  

“Boeing-787 Dreamliner” самолётини сотиб олиш бўйича тузилган шартномага мувофиқ, иккинчи самолёт ҳам тез орада авиакомпания паркини бойитади.

Бундай кенг кўламли лойиҳаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани миллий фуқаро авиациямизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, жаҳон авиабозорида ишончли ва барқарор авиаташувчи мавқеини янада ошириш имконини беради.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розуқулов сўзга чиқди.

 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn