Тадбиркорлар ҳуқуқлари — қонун ҳимоясида
  • 01 Сентябрь 2016

Тадбиркорлар ҳуқуқлари — қонун ҳимоясида

Барчамиз учун азиз ва муқаддас бўлган Ватанимиз мустақиллигига йигирма беш йил тўлди.

Шу қисқа даврда юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ҳамда эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида улкан муваффақиятлар қўлга киритилди. Буларнинг асосий омиллари мамлакатни ривожлантиришнинг оқилона йўли танлангани, қонун устуворлигига эришилгани, муҳими, жамиятда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилгани бўлди.

Ўзбекистон ўз вақтида собиқ тузумнинг маъмурий-буйруқбозлик тизимидан, бир ёқлама ривожланган ночор иқтисодиётдан, “шок терапияси” каби номаъқул моделлардан бутунлай воз кечиб, беш тамойилга асосланган тараққиёт йўлини танлаб олди. Натижада саноати тез суръатлар билан ривожланиб бораётган давлатга айланди. Мустақилликкача умуман мавжуд бўлмаган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси бугунги кунда ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоиздан ортиғини ишлаб чиқармоқда. 

Конституциямиз қабул қилиниши билан суд ҳокимиятининг муҳим тармоғи сифатида хўжалик судлари мақоми белгилаб берилди. Айни чоғда давлатимиз иқтисодиёти негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, уларнинг тенг ҳуқуқлилиги ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиниши, дахлсизлиги ва давлат ҳимоясида экани мустаҳкамланди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Асосий Қонунимизнинг 111-моддасида мулкчилик турли шаклларига асосланган корхона, муассаса ҳамда ташкилотлар, шунингдек, тадбиркорлар ўртасидаги, иқтисодиёт соҳасида ва уни бошқариш жараёнида вужудга келадиган хўжалик низоларини ҳал этиш Олий хўжалик суди ҳамда хўжалик судлари томонидан амалга оширилиши белгиланди.

“Судлар тўғрисида”ги Қонун ва Хўжалик процессуал кодексига биноан, хўжалик судлари иқтисодиёт соҳасидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ушбу жабҳада қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган вазифаларни амалга оширишдек муҳим мақомга эга бўлди.

Ўтган давр мобайнида хўжалик судлари фаолияти ислоҳотлар руҳига мос равишда тубдан ўзгарди. Энг муҳими, фуқаролар, хўжалик юритувчи субъектлар вакилларининг судларга бўлган ишончи ортиб, улар ўзларининг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини муҳофаза этишни сўраб хўжалик судларига мурожаат қилмоқдалар. Масалан, 1994 йилда хўжалик судлари томонидан 7 мингдан зиёд низоли иш кўриб чиқилган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмигача кўрилган суд ишлари сони 130 мингдан зиёдни ташкил этганлиги бунинг ёрқин далилидир.

Президентимизнинг 2005 йил 14 июндаги “Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари фақат суд томонидан қўлланилиши тартиби жорий этилди. Бу, аввало, юртимизда назорат қилувчи давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан асоссиз таъсир чоралари қўлланилишининг олдини олишга замин яратмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тадбиркорлик субъектларининг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш, улар фаолиятини ташкил қилиш йўлидаги мавжуд тўсиқ ҳамда чекловларга барҳам бериш, тадбиркорлар учун кўплаб имтиёз ва имкониятлар яратилишида янги саҳифа очди. Шу ҳужжат асосида мамлакатимизнинг амалдаги қатор қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя этишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф қилишга қаратилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди. 

Бу янгиликлар суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли муҳофаза этишда хўжалик судларининг ролини ошириш баробарида, хусусий сектор фаолиятини ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф қилишда ҳамда қулай ишбилармонлик муҳитини бундан-да такомиллаштиришда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Судда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, одил судлов фаолиятининг сифат ҳамда самарадорлигини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорларга ҳуқуқ ҳамда манфаатларини муҳофаза этиш учун реал имкониятлар яратиш мақсадида хўжалик судлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари тизимли равишда татбиқ қилиб келинаётир. Аввало, 2005 йилдан бошлаб хўжалик судларида ички электрон маълумот базаси ишга туширилиб, электрон иш юритишга дастлабки қадам қўйилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. 

Мазкур электрон базалар модернизациялаштирилиб, 2014 йилнинг январь ойидан хўжалик судлари фаолияти ҳақидаги тўлиқ маълумотларни бирлаштирган “Е-Hujjat” он-лайн электрон ҳужжатлар айланиш тизими фаолияти йўлга қўйилди. Бу билан хўжалик судларида электрон иш юритиш ягона корпоратив тармоқ, яъни марказлаштирилган электрон маълумотлар базаси орқали амалга оширилиши жорий этилди. 

Эндиликда мазкур электрон база воситасида қуйи хўжалик судларининг фаолияти Олий хўжалик суди томонидан доимий мониторинг қилиб борилмоқда. Унда хўжалик судига келиб тушган ҳар бир даъво аризаси, мурожаатлар, тайинланган ишлар рўйхати, судьялар иш ҳажми, иш туркумларини он-лайн режимда кўриб туриш ва таҳлил этиш имкони бор. Мазкур таҳлиллар асосида тегишли масалалар бўйича суд амалиёти умумлаштирилмоқда ҳамда бу, ўз навбатида, ягона суд амалиётини шакллантириш имконини бераяпти.

Айни пайтда тадбиркорлик субъектлари Олий хўжалик судининг oxs.uz расмий веб-сайти орқали республиканинг исталган хўжалик судига нафақат даъво аризаси ва илтимосномаларни, балки апелляция ҳамда кассация шикоятлари, назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги аризаларни ҳам электрон шаклда тақдим қилишмоқда.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан бундай имкониятдан фойдаланиш кўрсаткичи ошаётгани унинг қанчалик қулайлигидан далолатдир. Хусусан, ушбу тизим ишга тушганидан бошлаб то ҳозирги пайтгача тадбиркорлик субъектларидан хўжалик судларига электрон шаклда юборилган даъво аризалари ва мурожаатлар 125 минг 150 тани ташкил этган. Шундан жорий йилнинг олти ойи давомида 28 минг 199 та ёки хўжалик судларига келиб тушган даъво аризалари ҳамда аризаларнинг 17,8 фоизи электрон шаклда жўнатилган.

Шу билан бирга, суд муҳокамаси иштирокчиларига 120 минг 785 та хабар ва суд ҳужжатлари судлар томонидан маълумотлар алмашинувининг электрон воситалари орқали юборилганлиги яратилган қулайликнинг ёрқин исботидир.  

Тадбиркорлик субъектлари ҳамда барча суд процесси иштирокчиларига қулайликлар яратиш мақсадида 2014 йил 1 сентябрдан хўжалик судларида суд мажлисларини видеоконференц-алоқа режимида ўтказиш амалиёти йўлга қўйилиши тизимимизда энг замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ишларини янги босқичга кўтарди. Бу янгилик тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқларини суд орқали муҳофаза этишлари учун янада кенг қулайлик туғдирмоқда.

Мазкур тизим ишга туширилганидан буён айни вақтгача 9800 та суд процесси видеоконференц-алоқа орқали амалга оширилди. Пировардида 17 минг 200 нафар суд иштирокчиси ўзи жойлашган ҳудуддан чиқмаган ҳолда, бошқа ҳудудларда ўтказилган суд процессларида қатнашди. Муҳими, уларнинг тахминан 4,3 млрд. сўмдан ортиқ маблағлари тежаб қолинди. 2015 йилда видеоконференц-алоқа тизимида тайинланган барча ишнинг 58,8 фоизи ушбу тартибда кўриб чиқилган бўлса, мазкур кўрсаткич жорий йининг 6 ойида 76 фоизни ташкил қилди. 

Шунингдек, видеоконференц-алоқа хўжалик судлари фаолиятида ишларни ташкил этиш, судья ҳамда ходимларнинг касб маҳоратини ошириш, фуқароларни шахсий қабул қилиш соҳасида бир қатор қулайликлар яратиб, иш самарадорлигини оширишни таъминламоқда. Масалан, Олий хўжалик судининг Пленум ва Раёсат йиғилишлари, Хўжалик судлари судьялари конференцияси, судья ҳамда суд ходимлари иштирокидаги барча йиғилиш, семинарлар ушбу тизимдан фойдаланилган ҳолда ўтказилмоқда. 

Қайд этиш керакки, ахборот технологияларини кенг жорий қилиш борасидаги хўжалик судларининг фаолияти юқори баҳоланиб, “ICTWEEK Uzbekistan — 2015” ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги якунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди “Ахборот технологияларини жорий этишнинг амалий натижалари учун” номинацияси бўйича ғолиб, деб топилган.

2015 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан хўжалик судларининг суд буйруғи ҳамда ижро варақасини электрон шаклда юбориш ва қабул қилиш имконияти яратилганлиги ҳам мазкур саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди. Бунгача амалда бўлган тартиб кўп вақт ҳамда меҳнатни талаб этган бўлса, эндиликда у анча соддалаштирилди. Суд буйруғи ёки ижро варақаси ягона электрон маълумотлар базаси орқали судья компьютерида автоматик тарзда тайёрланади, у судьянинг электрон рақамли имзоси билан имзолаштирилади. Электрон шаклдаги ижро ҳужжати хўжалик судлари ягона электрон маълумотлар базасида автоматик тарз-да рўйхатдан ўтказилиб, унинг тўлиқ ҳисоботини юритиб бориш йўлга қўйилган.

Умуман, суднинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, унга мурожаат этувчиларга янада қулайликлар яратиш мақсадида суд иштирокчилари учун кўрсатиладиган интерактив хизматларни кучайтириш, шунингдек, суд ишларини ташкиллаштиришда самарали бўлган дастурий таъминотлар фаолиятимизга изчил татбиқ қилинмоқдаки, бу тадбиркорларимизга имкониятлар эшигини кенг очмоқда. Пировардида кичик бизнес ҳисобига юртимиз тараққий этиб, аҳоли фаровонлиги тобора ошаяпти. Зеро, туб ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам ана шундан иборатдир.

 

Козимжон КАМИЛОВ, 

Ўзбекистон Республикаси

Олий хўжалик суди раиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Фидойи меҳнат эътирофи «Орзу лайнери» »