Фидойи меҳнат эътирофи
  • 01 Сентябрь 2016

Фидойи меҳнат эътирофи

Эл-юрт фаровонлиги, Ватан осойишталиги, баркамол авлод тарбияси йўлида жонкуярлик ва фидойилик кўрсатаётган замондошларимиз меҳнати, албатта, ўз эътирофини топади.

Бухоро вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбирда ана шундай ҳамюртларимиздан бир гуруҳига “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони тантанали равишда топширилди. 

Маросимда сўз олганлар истиқлолнинг халқимиз тақдиридаги ўрни ҳамда аҳамияти, мустақиллик йилларида ҳаётга татбиқ қилинаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталиб, мамлакатимиздаги тинчлик-тотувликни асраб-авайлаш, бунёдкорлик ишларида фаоллик кўрсатиш барчанинг муқаддас бурчи эканлигини таъкидладилар.

— Бу эсдалик нишонини вилоятимиздаги зиёлиларга билдирилган юксак ишонч ифодаси, деб биламан, — дейди Республика Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари Саид Ҳамроев. — Зеро, ёшларни миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялаш, уларнинг онгу тафаккурига истиқлол ғояларини чуқур сингдириш борасида қиладиган ишларимиз жуда кўп. Биз давлатимизнинг бу ғамхўрлиги ва эътиборига ўз вазифамизни сидқидилдан адо этиш билан жавоб берамиз.

Тошкент вилояти ҳокимлигида ҳам бир гуруҳ юртдошларимиз “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишонини қабул қилиб олдилар. 

Тадбирда сўзда чиққанлар истиқлол йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ўзгариш ҳамда янгиланишларда мазкур воҳалик меҳнат илғорлари, фидойи, ташаббускор инсонларнинг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида қайд этдилар. 

— Бугун қувончимнинг чеки йўқ, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бош мутахассиси Азизбек Абдуазимов. — Камтарона меҳнатим шундай эътирофга сазовор бўлди. Бу мукофот мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ тўйидан нафақат мен, балки бутун оиламизга бебаҳо эсдаликдир. 

Нуриддин Саидқулов — Гулистон давлат университетининг энг ёш ўқитувчиларидан бири. Бундан бир неча йил олдин эса шу олий ўқув юртининг Навоий номидаги давлат стипендиясига муносиб кўрилган иқтидорли талабаси эди. Айни чоғда Нуриддинни “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг фаоли сифатида ҳам кўпчилик яхши билади. У ҳозир “Ёшларда юксак маънавиятни шакллантиришнинг ижтимоий-ҳуқуқий асослари” мавзуида илмий изланишлар олиб бормоқда. Байрам арафасида унинг жамият ҳаётидаги самарали иштироки эътироф этилиб,  “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирланди.

— Кўплаб юртдошларим қатори мен ҳам ушбу мукофотга муносиб кўрилганимдан бениҳоя хурсандман, —  дейди эсдалик нишонини қабул қилиб олганлардан яна бири, Гулистон шаҳридаги “Камалак ЛБ” хусусий корхонаси раҳбари Қосим Жабборов. — Айтиш лозимки, мустақиллик йилларида биз, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилди. Натижада хусусий сектор вакиллари иқтисодиётнинг таянч устунига айланиб, юрт равнақига  салмоқли ҳисса қўшмоқда. Менга берилган мукофотни ана шундай эзгу ишлардаги иштирокимга кўрсатилган рағбат ва албатта, юксак масъулият, деб биламан.

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони турли соҳаларда намунали фаолият кўрсатаётган сирдарёлик 692 нафар кишига тантанали равишда топширилди.

 

«Халқ сўзи» мухбирлари 

хабарлари асосида тайёрланди.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn