Ҳаётбахш ислоҳотлар самараси
  • 01 Сентябрь 2016

Ҳаётбахш ислоҳотлар самараси

мамлакатимизда сифатли дон ва дон маҳсулотлари етиштириш ҳамда уларни сақлаш тизимидаги ўзгаришларда яққол намоён бўлмоқда

Мустақиллик йилларида юртимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли бошқа соҳалар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам улкан ўзгаришлар кузатилаяпти. Бунинг самараси нафақат мазкур тармоқда қўлга киритилаётган улкан муваффақиятларда, балки турмушимиз тобора фаровонлашиб бораётганида ҳам ёрқин ифодасини топаётир. Зеро, республикамизда етиштирилган ноз-неъматлар халқимиз эҳтиёжини қондириши баробарида, экспорт қилинаётгани, айниқса, диққатга сазовор.

Президентимиз мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида таъкидлаганидек, 2015 йилда Ўзбекистон БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотига аъзо давлатлар орасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотига сазовор бўлган 14 та давлатдан бири сифатида эътироф этилди. Бу улкан саъй-ҳаракатлар натижасидир. 

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, ўзига хос тараққиёт йўлини жаҳон ҳамжамияти ўрганишга интилмоқда. Бу барчамиз учун жуда қувонарли ҳол, албатта.

Яқин ўтмишда, аниқроғи, ўтган асрнинг 90-йилларида бугунги дориламон кунларни тасаввур қилиш жуда мушкул эди. Чунки ўша пайтларда мамлакатимизга, асосан, пахта хом ашёси етказиб берувчи республика сифатида қаралар, дон ҳамда дон маҳсулотларининг катта қисми  четдан келтирилар эди. Шу боис юртимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилди. Ўша пайтлардаёқ  мазкур масаланинг ечимига тезкор киришилиб, бошоқли дон экинларининг янги навларини яратиш,  мўл ва сифатли ҳосил етиштириш, уларни сақлашни ташкил этишга алоҳида аҳамият берилди. Жумладан, ҳукуматимизнинг 1996 йил 4 ноябрдаги қарорига мувофиқ, буғдой экинларининг мавсумийлиги ҳисобга олинган ҳолда, донли экинлар захирасини яратиш ҳамда сақлаш, унинг ишончлилиги ва барқарорлигини таъминлаш, дон қабул қилиш ҳамда уни қайта ишлаш корхоналарида давлат ресурсларидан белгиланган мақсадда оқилона фойдаланиш, шунингдек, исрофгарчилик ва йўқотишларнинг олдини олиш устидан назоратни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат дон инспекцияси ташкил этилди. Унинг таркибига 13 та ҳудудий инспекция, Марказий лаборатория ҳамда Нукус, Андижон, Қарши ва Самарқанд шаҳарларидаги минтақавий лабораториялар -киритилган. 

Инспекция фаолиятини такомиллаштириш мақсадида муайян ишлар рўёбга чиқарилаётир. Хусусан, 2008 — 2010 йиллар мобайнида Жиззах, Гулистон, Шўрчи, Бухоро, Навоий, Фарғона ҳамда Урганч шаҳарларида давлат дон инспекциясининг марказий лабораторияси филиаллари фаолияти йўлга қўйилди.  

Ўз вақтида кўрилган бундай чора-тадбирлар туфайли бугун биз дончиликни ривожлантириш бўйича ўзига хос тажрибага, нафақат ғалла етиштириш, балки бу бебаҳо неъматни сақлаш ва қайта ишлаш бўйича ҳам катта имкониятга эга бўлдик. 

Ҳозирги пайтда инспекция таркибидаги ҳудудий бўлинмалар ҳамда барча лаборатория етарли даражада замонавий  ускуналар билан жиҳозланган. Бу дон ва дон маҳсулотлари сифат кўрсаткичларини аниқлаш, синовдан ўтказиш ишлари тезкорлиги ҳамда ҳаққонийлигини таъминлашда қўл келаяпти.  

Ушбу филиаллар хорижнинг илғор ускуналарига эгалиги туфайли дон корхоналари ва фермер хўжаликларига хизмат кўрсатиш сифати  янада яхшиланди. Мисол учун, биргина ўтган йилнинг ўзида тизимдаги лаборатория ҳамда филиаллар ускуналарини модернизациялашга 140 млн. сўм миқдорида маблағ йўналтирилган бўлса, жорий йилнинг олти ойида ушбу мақсадларга қарийб 60 млн. сўм сарфланди. 

Таъкидлаш керакки, аҳолини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ва экспорт-импорт операциялари учун дон ҳамда дон маҳсулотларини ўрнатилган тартибда назоратдан ўтказиш инспекция зиммасидаги асосий вазифалардан саналади. Шундан келиб чиқиб, бу масалага мутахассислар жиддий аҳамият беришмоқда. Бунинг амалий тасдиғини  инспекция томонидан назорат қилинган дон ҳажми ўтган йилда 1997 йилдаги 815 минг тоннадан 2,3 млн. тоннага етказилгани мисолида ҳам кўриш мумкин. 

Соҳага замонавий иш услуби ва илғор ускуналарнинг изчил татбиқ этилиши муваффақият гаровидир. Шу маънода, инспекция лабораторияларининг муттасил янгиланаётгани маҳсулотларни сифатли сақлаш устидан назорат қилиш, шунингдек, дон етиштириш ҳамда сақлашдаги йўқотишларнинг олдини олишда қўл келмоқда. Бунга мисол сифатида Марказий лабораториямизнинг Бухоро ва Навоий вилоятларидаги филиаллари ҳамда Андижон минтақавий лабораториясини келтириш мумкин. Чунки уларда модернизациялаш тадбирлари ўтказилгач, истеъмол ва уруғлик учун мўлжалланган ғаллани текшириш сифати ҳамда аниқлиги янада яхшиланди. Жумладан, мазкур вилоятларда бу йилги буғдой ҳосилининг нонбоплик хусусияти ўрганилганда, бир қатор истиқболли буғдой навлари  5 балли шкалада 3 баллдан 4 баллгача баҳоланди. 

Бу шуниси билан аҳамиятлики, нонбоплик хусусияти 3-4 баллга баҳоланган буғдойдан тайёрланган ноннинг сифати яхши бўлади. Шу мезон билан ўлчанганда, бугунги кунда республикамизда етиштирилаётган буғдойнинг ўртача баҳоси 3,5 баллни ташкил этаётгани қувонарлидир. Ваҳолонки, ўтган асрнинг 90-йилларида мазкур кўрсаткич атиги 1,5 балл эди, холос.  Эндиликда ўзимизнинг донимиздан 30 дан ортиқ хилдаги нон ҳамда нон маҳсулотлари, 10 дан зиёд турдаги макарон маҳсулотлари тайёрланиб, халқимиз дастурхонига етказиб берилмоқда. 

Кўрсатилаётган хизматлар тури ва ҳажмини ошириш, қолаверса, тадбиркорлару истеъмолчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида Марказий лаборатория ҳамда Нукус минтақавий лабораторияси қошида Сертификатлаштириш идораси фаолияти йўлга қўйилган. Шу кунларда бундай тузилма Андижон инспекцияси қошида ишга туширилиш арафасида турган бўлса, келгусида Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ҳам ташкил этилади.  

Албатта, ҳар қандай соҳа ривожи малакали кадрларга бевосита боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, тизимда кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам катта масъулият билан ёндашилаяпти. Жумладан, инспекцияда кадрлар захирасини шакллантириш, шунингдек, фаолият юритаётган мутахассислар малакасини юксалтириш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилаяпти. Бунинг учун олий таълим муассасалари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилиб, ёш мутахассислар орасидан танлаб олинган йигит-қизлар кадрлар захирасига киритилмоқда. Қолаверса, инспекция мутахассислари “Ўзстандарт” агентлиги қошидаги илмий-тадқиқот институти, ахборот-коммуникация технологиялари йўналишидаги  олий ўқув юртлари ҳамда “Ўзархив” қўмитаси ўқув марказларида мунтазам равишда малака ошириб боришади. 

Давлат дон инспекцияси жамоаси юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда, қишлоқ хўжалиги соҳасига хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш орқали иқтисодиётимиз ривожи, мамлакатимиз тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшишга интилаверади.  

 

Зиявиддин АБИДОВ,

«Ўздавдонинспекция» бошлиғи.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn