Мустақиллик фарзандлари
  • 25 Август 2016

Мустақиллик фарзандлари

ҳеч кимдан кам эмас, кам бўлмайди ҳам

Мамлакатимиз Олимпиада ғолиблари, совриндорлари ва қатнашчиларини ҳақиқий қаҳрамонлардек кутиб олди. Миллий авиакомпаниямизнинг махсус самолёти қўнган аэропортда, йўл четларида юртдошларимиз қўлларида гуллар, байроқлар ҳамда рамзий белгилар билан улкан муваффақиятга эришган спортчиларимизни олқишлашди. Бундай пайтларда халқнинг чинакам ватанпарварлик фазилатлари кўзга янада яққол ташланади. 

Шу юртга мансуб бўлган муштарак ғалаба қувончи одамларимиз юз-кўзларида акс этарди. Спортчилар қўлга киритган ютуқ мустақил мамлакат фуқароларида, айниқса, навқирон авлодда шу Ватанга дахлдорлик туйғусини ифодаларди.     

Дарҳақиқат, бу, юртнинг энг улуғ тўйи олдидан муносиб бир туҳфа, ўзига хос байрам, шодиёна. Бундай марралар, айниқса, ижод аҳлига алоҳида илҳом бағишлайди. Рассом қўлига мўйқаламини олиб, боксчимиз Фазлиддин ўоибназаровнинг кўзида севинч ёши билан байроғимизни баланд кўтариб турган қиёфасини, оғир атлетикачимиз Руслан Нурудиновнинг Олимпиада рекордини янгилаган онларини меҳр ила чизишга киришган бўлса, не ажаб. Тажрибали чарм қўлқоп усталари — Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳобиддин Зоиров, Шаҳрам ўиёсов, Бектемир Мелиқўзиев, Рустам Тўлаганов, Муроджон Аҳмад-алиевнинг шижоати, иродаси ҳақида эса шоирлар аллақачон мисралар битишаяпти. Радио мурватини бурасангиз, Ришод Собиров, Диёрбек Ўрозбоев, Элмурод Тасмуродов, Ихтиёр Наврўзов, Магомед Ибрагимов каби паҳлавонларимиз мардлиги мадҳ этилган янги қўшиқлар эфирга узатилмоқда. Телевизорда Ўзбекистон ёшлари, истиқлол фарзандларининг Риодаги беллашувлари такрор-такрор намойиш этилаётган бўлса-да, томошабинлар сафи камаймайди. Қайта-қайта кўраверамиз, яна ва яна завқу шавққа тўлаверамиз. Бу шунга арзийди. “Баракалла, азамат, бопладинг!” деган ҳайқириқлар янграйди. Таҳририятимизга ҳам гоҳ Андижон, Сирдарё ёки Жиззахдан, гоҳида Нукус, Термиз ёхуд Қаршидан, қўйингки, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан, турли касб эгаларидан бўлаётган қўнғироқлар, йўлланаётган мактубларда ҳам спортчиларимиз шаънига илиқ сўзлар айтилиб, қўлга киритилган ушбу ютуқ истиқлол берган имкониятлар билан боғлиқ экани ифодаланади. 

Албатта, мустақиллик — буюк, истиқлол — тотли неъмат! Энг муҳими, у халқимизни бирлаштирди, доимо ҳамжиҳат бўлишга, тараққиётнинг янгидан-янги довонларини биргаликда босиб ўтишга, Ватан тақдири билан боғлиқ ҳеч бир воқеликка бефарқ бўлмасликка ўргатди. Кексаю ёшнинг қалбида она-юртга садоқатни мустаҳкамлади.

Тантанали маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Н. Йўлдошев ҳамда бошқалар мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатилаётган улкан эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Эришилган тарихий муваффақият билан Ўзбекистон олимпиадачиларини қутлади.

Урф-одатимизга кўра, Миллий олимпия қўмитасида спортчиларимизга зарбоф тўнлар кийдирилди.

Айтиш жоиз, мустақиллик йилларида спортчиларимиз ёзги Олимпиада ўйинларидан бирор марта ҳам совринсиз қайтишмаган. Ваҳолонки, ҳатто кўплаб ривожланган давлатлар вакиллари айрим Олимпиада баҳсларидан медалсиз кетишга мажбур бўлган. Эътибор беринг: 1996 йили Атлантада ўтказилган ёзги Олимпиада ўйинларида юртдошларимиз биттадан кумуш ва бронза, 2000 йили Сидней шаҳри мезбонлик қилган беллашувларда битта олтин, битта кумуш ҳамда иккита бронза медаль билан тақдирланган. 2004 йилги Афина Олимпиадасида спортчиларимиз 2 олтин, 1 кумуш ва 2 бронза медали, 2008 йилда Пекинда ўтказилган нуфузли спорт анжуманида битта олтин, иккита кумуш, учта бронза медаль билан юртимизга қайтишган. 2012 йили Лондонда бўлиб ўтган Олимпиадада битта олтин, иккита бронзага эга чиқишган. “Рио — 2016”да эса натижа янада юқори — 4 олтин, 2 кумуш, 

7 бронза. 13 медални қўлга киритган Ўзбекистон спорт делегацияси Осиё давлатлари орасида тўртинчи, МДҲ мамлакатлари ўртасида иккинчи, Марказий Осиё давлатлари ўртасида эса биринчи ўринни эгаллади. Боксчиларимиз Куба, АҚШ, Буюк Британия ҳамда Россия каби бокс ривожланган давлат вакилларини ортда қолдириб, дунёда биринчи поғонани банд этди. 

Ўзбекистон ёшлари истеъдод ва маҳорат бобида ҳеч кимдан кам эмас. Бу жиҳат XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари мисолида яна бир карра ўз тасдиғини топди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев иштирок этди.

 

Шавкат ОРТИҚОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn