Бунёдкорлик, яратувчанлик, эзгулик ифодаси
  • 18 Август 2016

Бунёдкорлик, яратувчанлик, эзгулик ифодаси

20-21 август кунлари мамлакатимизда умумхалқ хайрия ҳашари бўлиб ўтади.

Ҳашар халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланади. Мустақиллик йилларида у бунёдкорлик, яратувчанлик, эзгулик ифодаси сифатида умумхалқ ҳаракатига айланди. Пировардида ҳар йили муҳим саналар, байрамлар олдидан ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашарлари кунлари кенг кўламли ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, янги боғу гулзорлар яратилмоқда, ёлғиз қариялар, ногиронлар ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ҳамда маънавий ёрдамлар кўрсатилаяпти. Энг улуғ, энг азиз айём — юртимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида ҳам мазкур эзгу анъана изчил давом эттирилиб, жорий йилнинг август ойи республикамизда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ҳамда 20-21 август — умумхалқ хайрия ҳашари кунлари, деб эълон қилинди.

Ҳозирги пайтда ушбу тадбирни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқарувида умумхалқ хайрия ҳашарини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди. Айни чоғда Фонд ҳудудий тузилмалари, юртимиздаги мавжуд 10 мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ҳашарни юқори савияда ўтказишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Юртдошларимизнинг саъй-ҳаракати билан икки кунлик ҳашар жараёнида маҳалла, корхона ва ташкилотлар ҳудудларини тозалаш, гузарлар, зиёратгоҳ ҳамда қабристонларни тартибга келтириш, дарахтларга шакл бериш юмушлари бажарилади. Кўча ва йўллар, хиёбону майдонларни ободонлаштириш ишлари изчил давом эттирилади. Мақсад битта: хонадонимиз, маҳалламиз, умуман, Ватанимиз янада обод ва кўркам бўлсин! Юртдошларимиз эса Мустақиллигимизнинг 25 йиллигини гўзал, озода манзилларда кутиб олсин!

— Халқимизнинг хайрли ҳамда эзгу анъаналари кўп, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Долли Аллаев. — Масалан, тўй-тантаналар ва байрамларга ҳозирлик кўрар экан, бунёдкорлик, яратувчанлик ҳамда бошқа эзгу амалларга қўл уради. Бу, айниқса, умумхалқ хайрия ҳашарида кўзга янада яққол ташланади. Шу маънода, Фонд республика бошқаруви томонидан ҳам ҳашар кунларида амалга ошириладиган ишлар режаси ишлаб чиқилди. Яъни икки кун давомида майдонлар ободонлаштирилади, ариқ ва лотоклар тозаланади. Кексалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар уй-жойини таъмирлашга кўмаклашиш ҳамда эҳтиёжмандларга хайрия ёрдамларини кўрсатиш кўзда тутилмоқда.

Ҳар доимгидек ушбу умумхалқ ҳашарида ҳам барча юртдошимиз, шу жумладан, ёшларимизнинг фаол қатнашишлари кутилмоқда.

Хайрия ҳашаридан тушган маблағлар “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросига йўналтирилади. Яъни эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз қария ҳамда ногиронларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, уй хўжалиги ишларига кўмаклашиш каби эзгу юмушлар рўёбга чиқарилади. Қолаверса, фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилади.

Ҳашар кунлари бошланган бунёдкорлик, яратувчанлик ишлари ва бошқа эзгу амаллар Мустақиллик тантаналарига уланиб кетади.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn